“Бундан буён ъкамбағал оила қолмадиъ деган ҳисобот ўтмайди” — Шавкат Мирзиёев
Президент масъулларга хорижда кам иш ҳақига ишлаётган фуқароларни касбга ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштириш, 270 минг нафар аҳолининг даромадини ўртача ва ундан юқори даражага олиб чиқиш бўйича туманлар кесимида режа ишлаб чиқишни топширди.

“Бундан буён ъкамбағал оила қолмадиъ деган ҳисобот ўтмайди” — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафари доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Унда вилоят иқтисодиёти жорий йилда илк бор 100 трлн сўмлик чегарадан ошиши, ўсиш суръати 10,1 фоизни ташкил этиши қайд этилди. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, бухороликларнинг 98 фоизи сўнгги йилларда ҳаёт сифати яхшилангани ҳақида айтган, тадбиркорларнинг 83 фоизи эса келгуси уч йилга ижобий қарашини билдирган.
Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш ҳануз табиий ресурслар саноати ва қишлоқ хўжалигига анча боғлиқ бўлиб қолаётгани таъкидланди: уларнинг иқтисодиётдаги улуши 43 фоиз. Ўн йил ичида хизматлар соҳасининг улуши 33 фоиздан 36 фоизга кўтарилган, холос.
Президент вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш, саноатда чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, ҳар бир туманнинг ўсиш нуқталарини аниқлаш зарурлигини урғулади. Масъулларга саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида кўрсаткичларни 1,5 баравар ошириш бўйича аниқ режалар тақдим этиш топширилди.
Тошкент шаҳри, Фарғона ва Жиззах вилоятларининг халқаро Фитч рейтингини олгани мисол тариқасида келтирилди. Бухоро ҳам инвесторлар учун очиқ ва ишончли ҳудуд сифатида ўз салоҳиятини намоён этиши кераклиги қайд этилди.
Бухоро вилоятидан 99 минг нафар фуқаро меҳнат миграциясида. Хориждан қайтган 24 минг киши ҳали иш топмаган. Вилоят бўйича ишсизлар сони 40 мингга яқин, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст.
“Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди”, деди президент.
Масъулларга хорижда кам иш ҳақига ишлаётган юртдошларимизни касбга ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштириш, 270 минг нафар аҳолининг даромадини ўртача ва ундан юқори даражага олиб чиқиш бўйича туманлар кесимида режа ишлаб чиқиш топширилди.

