Маҳаллий

Бухорода кўп қаватли уйда нарколаборатория фош этилди - қарийб 11 кг «спайс» олинди

Бухоро шаҳридаги хонадонда синтетик наркотик тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланганликда гумонланаётган икки шахс ушланди. Тезкор тадбирлар давомида хонадон ва Когон туманидаги хуфиёна жойлардан жами 10 килограмм 850 грамм «спайс» моддаси олинди.

Бухорода кўп қаватли уйда нарколаборатория аниқланди — қарийб 11 кг «спайс» олинди

Давлат хавфсизлик хизмати берган маълумотга кўра, Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир чоғида Бухоро шаҳрида фаолият юритган нарколаборатория фош этилган.

Жондор туманида яшовчи 27 ва 29 ёшли икки фуқаро интернетдаги наркодўконда «омборчи» ва «кимёгар» вазифаларини бажаргани айтилмоқда. Улар вилоят марказидаги кўп қаватли уйлардан бирининг хонадонида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотишни йўлга қўйганликда гумон қилинмоқда.

Хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ердан 6 килограмм 650 грамм «спайс», СИМ-карталар, респираторлар, қўлқоплар, зип-пакетлар, электрон тарози ва кўп миқдорда тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.

Тезкор тадбир давомида Когон туманидаги хуфиёна жойлар ҳам текширилди. У ерлардан гумонланувчилар кичик қисмларга бўлиб яширгани айтилаётган яна 4 килограмм 200 грамм «спайс» топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 273 ва 276¹-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.