Бундесвер Латвияга тўртта Эурофигҳтер қирувчисини жойлаштирди
Германия қуролли кучлари - Бундесвер 3-октабр куни Латвияда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари даврида ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш учун мамлакатга тўртта Эурофигҳтер қирувчи самолётини юборди. Улар Латвияда бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт давомида жойлаштирилади.

Бундесвер Латвияга тўртта Эурофигҳтер қирувчисини жойлаштирди
ДВ хабарига кўра, бу ҳақда Латвия Мудофаа вазирлиги 24-сентабр куни маълум қилган. Германиянинг Нойбург-ан-дер-Донау авиабазасида жойлашган 74-тактик авиация эскадрасига тегишли қирувчилар Латвия марказидаги Лиелварде ҳарбий аеродромига кўчирилди.
Самолётлар НАТОнинг бирлашган ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимини қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажаради.
дпа агентлиги ёзишича, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудуди бир неча бор бузилгани сабаб Рига НАТОдаги иттифоқчиларидан ёрдам сўраган.
Латвия бош вазири Андрис Кулбергс Х ижтимоий тармоғида Германияга ёрдам беришга тайёрлиги ва яқин ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирган. У бу қадамни НАТО ҳамжиҳатлиги ҳамда Латвия ҳаво ҳудуди ва аҳоли хавфсизлигини ҳимоя қилишга умумий содиқликнинг амалий ифодаси деб баҳолаган.
НАТО Эстония, Латвия ва Литва 2004-йилда алянсга қўшилганидан бери унинг шимоли-шарқий қанотидаги ҳаво ҳудудини қўриқлаб келмоқда.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан сўнг Болтиқбўйи давлатлари ҳаво ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари бир неча бор кириб келган. Хабарда айтилишича, август ойида НАТО қирувчилари Латвия ҳаво ҳудудини бузган дронни уриб туширган.
2026-йил декабридан бошлаб Германиянинг Эурофигҳтер самолётлари НАТОнинг Аир Полисинг миссияси доирасида Эстония ҳудудидан алянс ҳаво ҳудудини кузатиш вазифасига яна узоқ муддатга киришади.
2027-йил мартигача Эстония шимоли-ғарбидаги Эмари авиабазасида бешта Эурофигҳтер қирувчиси ва уларнинг парвоз экипажлари жойлаштирилиши режалаштирилган.

