Болтиқбўйи давлатлари дронлардан ҳимояланиш учун Евроиттифоқдан ярим млрд евро сўради — ОАВ

Болтиқбўйи давлатлари дронлардан ҳимояланиш учун Евроиттифоқдан ярим млрд евро сўради — ОАВ
Латвия, Литва ва Эстония мудофаа вазирлари дронлардан ҳимояланиш учун зудлик билан 500 миллион евро ажратишни сўраб Еврокомиссияга мурожаат қилди.
Хат билан танишган нашрга кўра, вазирлар сўнгги ойларда Россия томондан келаётган таҳдид сезиларли даражада кучайганини таъкидлаган. Хат муаллифлари дронларга қарши мудофаа тизимлари учун қўшимча маблағ 2026-йил охиригача ажратилишига умид қилмоқда.
Нашр манбаларига кўра, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен мудофаа вазирларининг хатини қабул қилиб олган. Еврокомиссия унга қачон жавоб бериши ҳозирча номаълум.
Сўнгги ойларда дронлар Латвия, Литва ва Эстония ҳаво ҳудудини бир неча бор бузиб кирган. Айрим ҳолатларда улар Россиянинг радиоелектрон уриш воситалари таъсирида йўналишини йўқотган Украина дронлари бўлиб чиққан.
15-сентябрга ўтар кечаси Украинага уюштирилган ҳужумда қатнашиб, йўналишидан четга чиққан Россия дрони Литва ҳудуди устида уриб туширилган. Литва расмийларига кўра, дронда портловчи модда бўлган.

