БМТ миссияси АҚШни Эронда уруш жиноятлари, Теҳронни эса инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топди
БМТ миссияси Эрондаги мактабга берилган зарбалар ортида АҚШ тургани ва бу уруш жинояти эканига асослар борлигини билдирди. Жумладан, Минобдаги мактабга берилган зарба оқибатида 168 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Эрон намойишларни бостиришда инсониятга қарши жиноятлар содир этгани қайд этилган.

БМТ миссияси АҚШни Эронда уруш жиноятларида, Теҳронни эса инсониятга қарши жиноятларда айблади
БМТнинг Эрон бўйича фактларни аниқлаш миссияси 17-сентабр куни маълум қилишича, феврал ойида Эрондаги мактаб ва спорт мажмуасига берилган иккита ҳарбий зарба ортида АҚШ турганига ҳамда бу ҳаракатлар уруш жинояти ҳисобланишига ишониш учун етарли асослар бор.
Миссия, шунингдек, Эрон ҳукумати ҳам ҳукуматга қарши намойишларни қонли бостириш жараёнида инсониятга қарши жиноятлар содир этган деган хулосага келди. 2026-йил январида Эрон расмийлари намойишлар вақтида 3000 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини билдирганди.
Эрондаги норозилик намойишлари 2025-йил 28-декабрда Теҳрондаги дўкон эгаларининг иш ташлаши билан бошланган.
Улар Эрон риалининг АҚШ долларига нисбатан курси янада кескин пасайиб кетгани, бу эса инфляцияни тезлаштирганидан норозилик билдирган. Тез орада аксиялар мамлакатнинг барча вилоятларига ёйилган.
Эрондаги мустақил халқаро фактларни аниқлаш миссиясининг Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига тақдим этиладиган янги ҳисоботида феврал ойида бошланган Эрон уруши давридаги АҚШ ҳаракатлари ҳамда Эрон расмийларининг декабр охирида бошланган умуммиллий норозиликларга жавоби таҳлил қилинган.
Пентагон ташқи ташкилот тайёрлаган ушбу ҳисобот бўйича изоҳ беришдан бош тортди. “Бизнинг суриштирувимиз ҳали давом этмоқда ва айни пайтда эълон қиладиган ҳеч қандай янгилигимиз йўқ”, — дейилади расмий баёнотда.
Оқ уй матбуот котиби Анна Келли ҳисоботга жавобан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши “инсон ҳуқуқлари йўлида ҳеч нарсага эришмаганини” айтиб, ҳозирги можарода фақат Эронгина уруш жиноятларини содир этганини қўшимча қилди.
Аввалроқ АҚШ расмийлари ҳарбий амалиётлар қуролли можаролар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ олиб борилаётганини таъкидлаган, Эрон эса инсон ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилиши ҳақидаги айбловларни изчил рад этиб келган.
БМТнинг фактларни аниқлаш миссиялари тергов қилувчи, аммо судлов органи бўлмаган тузилмалар бўлиб, улар жиноят иши қўзғатиш ваколатига эга эмас. Бироқ уларнинг хулосалари миллий судлар ёки Халқаро жиноий суд каби халқаро трибуналлар олиб борадиган жиноий терговларда далил сифатида ишлатилиши мумкин. Давлатлар ушбу ҳисобот натижаларини душанба куни Женевадаги Инсон ҳуқуқлари кенгашида кўриб чиқади.
БМТ экспертлари Миноб шаҳридаги “Шажараи Тоййиба” бошланғич мактабига 3-март куни қилинган ҳужум учун АҚШ кучлари жавобгар эканига ишониш учун етарли асослар топганини билдирди. Эрон расмийларига кўра, бу зарба оқибатида 168 киши, жумладан, 120 нафарга яқин мактаб ўқувчиси ҳалок бўлган.
Дастлабки тергов натижаларида ҳам АҚШ ҳарбийлари нишонни белгилашда эскирган разведка маълумотларидан фойдалангани, мактаб илгари ҳарбий базанинг бир қисми бўлгани ҳақида сўз борган.
Миссия хулосасига кўра, ҳужум тинч аҳоли ўлимига ва фуқаролик инфратузилмасининг вайрон бўлишига олиб келган тартибсиз зарба сифатида баҳоланиб, халқаро ҳуқуққа кўра уруш жинояти ҳисобланади.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК)нинг денгиз комплексига туташ бўлган мактаб ҳақидаги маълумотларни АҚШ нишонлар базасида янгиламагани ва бино ҳарбий нишон эканини аниқлаштирмагани оддий эҳтиёцизликдан кўра оғирроқ ҳолатдир:
“Аксинча, АҚШ фуқаролик обьектига зарба бериш хавфи юқори эканини билган ва бундай оқибат келиб чиқиши эҳтимолига бепарволик билан қараб, тўғридан тўғри мактаб биносига зарба берган”.
Июн ойида АҚШ президенти Доналд Трамп воқеа юзасидан ўтказилган суриштирувга таяниб, феврал ойида Эрондаги қизлар мактабига “ҳеч ким” қасддан ҳужум қилмаганини айтганди.
БМТ экспертларининг таъкидлашича, мактаб очиқ-ойдин фуқаролик обьекти бўлган ва унинг ҳарбий мақсадларда ишлатилганига оид ҳеч қандай далил топилмаган.
Экспертлар Ломард шаҳридаги спорт мажмуасига берилган зарба бўйича ҳам шунга ўхшаш хулосага келди. Ҳисоботда айтилишича, ушбу ҳужум яқин атрофдаги турар жой бинолари ва мактабга зарар етказиб, 22 нафар тинч аҳолининг ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган. Миссия бу ҳужумни ҳам тартибсиз деб баҳолаб, уруш жинояти деган хулосага келди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (СЕНТСОМ) март ойидаги баёнотида АҚШ кучлари ўша куни Ломард шаҳрига ҳеч қандай зарба бермаганини маълум қилганди.

