Дунё

«Улар тўйда уранни бойитмаётганди» – АҚШ ҳужуми Эрондаги тўйни фожиага айлантирди

Ҳаммаси Эрон жанубидаги анъанавий тўй каби бошланганди: аёллар қўлларига хина чизган, болалар ҳовлида ўйнашарди. АҚШнинг кучлари отган бомба байрам оқшомини қонга беланган гиламлар уюмига айлантирганда, бунинг барчаси ниҳоясига етди.

«Улар тўйда уранни бойитмаётганди» – АҚШ ҳужуми Эрондаги тўйни фожиага айлантирди

Гувоҳлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, ўнлаб меҳмонлар ёш келин-куёвни табриклаш учун Эрон жанубидаги Куҳестак шаҳрига, Малаҳийлар оиласининг уйига аллақачон етиб келишган эди.

Сешанба куни соат 21:30 лар атрофида тўй устига бомба ташланди.

Бу бомба Америка ҳарбийлари томонидан Эрон жанубида олиб борилаётган кучли ҳужумлар доирасида ташланган. Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг маълум қилишича, тўйда камида беш киши, жумладан 6 ёшли бола ҳалок бўлган ва камида яна 67 киши яраланган.

Меҳмонлар орасида НЙТ томонидан шахси тасдиқланган Мутаҳҳара исмли аёл ҳам бор эди. Тўй оқшомида у бир кун олдин бўлиб ўтган аёллар хина оқшомидан олинган селфисини Инстаграмъга жойлаган эди.

Ҳужумдан кейин бир соат ичида юкланган кейинги постида Мутаҳҳара «тўй мотамга айланди ва ширин тун мангу аччиқ бўлиб қолди», деб ёзди.

Зарбадан кейинги илк ҳолат акс этган видеода маҳаллий аҳолининг вайрон бўлган бинолар орасида шошилиб югураётгани, тиббий ёрдам ходимлари эса ҳудудга шланг орқали сув сепиб ўчиришга уринаётгани тасвирланган тартибсиз манзара кўринади.

Нашр видеонинг қаерда суратга олинганини аниқ тасдиқлади. Хусусан, ҳудуднинг сунъий йўлдош тасвирларига мос келадиган белгилари видеонинг ҳақиқатан ҳам сешанба оқшомида тасвирга олинганини исботлади.

Гувоҳлар нима дейди?

Эрон жанубидаги кичик шаҳарчаларда тўйлар анъанавий тарзда одамларнинг уйларида ўтказилади, Малаҳийлар оиласида ҳам худди шундай бўлган эди. Тўйлар бутун бир маҳалла тадбирига айланиб, эркаклар ва аёллар алоҳида уйларда йиғилишади. Афтидан, зарбалар тўй бўлиб ўтаётган бинолардан бирига тушган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.