Дунё

БМТ: мактаб энди хавфсиз маскан эмас

**БМТ: мактаб энди хавфсиз маскан эмас**

Янги ўқув йили бошланиши билан дунё бўйлаб миллионлаб болалар яна мактабга қайтди. Аммо кўплаб болалар учун мактаблар энди хавфсиз жой бўлиб қолмаяпти. Бу ҳақда 9-сентябр куни нишонланадиган “Халқаро таълимга қилинган ҳужумларга қарши кун” муносабати билан БМТ маълум қилди.

Ташкилот маълумотига кўра, дунё бўйлаб қуролли низолар кўлами кенгайиб бормоқда. Шу сабаб таълим муассасаларига ҳужумлар сони ҳам хавфли тезликда ортмоқда.

“Таълим ҳар бир бола ҳамда ёш авлод вакили учун яхшироқ келажакка чиптадир. У инсоннинг асосий ҳуқуқларидан биридир. Аммо бу ҳуқуқдан фойдаланиш тобора хавфли бўлиб бормоқда”, деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

У барча давлатлар ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқини ва мактаблар хавфсизлигини таъминлаши шартлигини таъкидлади. Гутерриш можаролардаги томонларни мактабларга ҳужум қилмасликка ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Шунингдек, у мамлакатларни болалар таълимига сармоя киритишга, Хавфсиз мактаблар декларациясини қўллаб-қувватлашга ҳамда Таълимни ҳужумлардан ҳимоя қилиш глобал коалициясига ёрдам беришга чақирди.

Таълимни ҳужумлардан ҳимоя қилиш глобал коалицияси ҳисоботига кўра, 2024–2025-йилларда дунё бўйича таълимга 8,5 мингдан ортиқ ҳужум қайд этилган. Бу кўрсаткичнинг 40 фоизга ошгани тарихдаги энг юқори натижа ҳисобланади.

Натижада камида 10,6 минг ўқувчи ва ўқитувчи ҳалок бўлган, яраланган ёки ўғирланган. Ҳарбийларнинг мактаблардан фойдаланиш ҳолатлари эса деярли икки баробарга кўпайган.

БМТ, шунингдек, 2025-йилда қуролли низолар зоналарида болалар ҳуқуқларининг 38 мингдан ортиқ қўпол бузилишини тасдиқлади. Бу сўнгги 30 йиллик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Бугунги кунда инқирозга учраган 87 та мамлакатда 258 миллион бола таълим олишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу бир ярим йил олдингига нисбатан 21 миллионга кўп. Уларнинг 93 миллиони умуман мактабга бормайди.

Таълимнинг йўқлиги бутун жамият учун қимматга тушади. Мамлакатлар бўлажак шифокор, ўқитувчи, муҳандис ва ҳоказолардан маҳрум бўлади. Мактабга бормайдиган қизлар жинсий зўравонликка учрайди. Ўғил болалар эса қуролли гуруҳларга мажбуран ёлланиш хавфи остида қолади. Болаларнинг билимсизлиги глобал иқтисодиётни заифлаштиради, ҳудудлар тикланишини секинлаштиради ва низолар давомийлигини оширади.

“Толибон”дан таълимга қўйилган тақиқларни олиб ташлаш талаб қилинмоқда. Мамлакатда 2022-йил март ойида қизлар ўрта мактаблардан, ўша йилнинг декабр ойида эса аёллар университетлардан четлатилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.