Дунё

4 ёшда мактаб, парта устида ухлаш, қайиқдаги дарс: дунёнинг турли мамлакатларида болалар қандай ўқийди?

4 ёшда мактаб, парта устида ухлаш, қайиқдаги дарс: дунёнинг турли мамлакатларида болалар қандай ўқийди?

Дунёда таълимнинг ҳамма учун бир хил ва мукаммал ягона модели йўқ. Бир давлатда бола муваффақиятга элтувчи йўл сифатида тинимсиз меҳнат ва юқори натижани кўрса, бошқасида унинг мустақиллиги ҳамда руҳий хотиржамлиги устувор саналади. Яна бир мамлакат эса мактабни фақат билим берадиган эмас, балки яхши инсон тарбиялайдиган маскан деб билади.

Бу тафовутлар бир саволни туғдиради: болага сифатли таълим беришда аслида нима муҳимроқ — қатъий интизомми, эркинликми, тарбиями ёки амалий билим?

**Хитой: таълим энг муҳими**

“Тирик эканмиз – ўрганамиз. Ўлгунимизча ўқиймиз” — хитойлик ўқувчининг шиорида муболаға йўқ. Хитойда олий ўқув юртига кириш ижтимоий зинапоядан кўтарилиш ва қашшоқликдан чиқишнинг деярли ягона йўли ҳисобланади, абитуриентлар орасидаги рақобат эса ниҳоятда кучли. Айрим университетларда бир ўринга 200 нафаргача даъвогар тўғри келиши мумкин. Шу сабабли Хитой мактабларида эрталабдан кечгача астойдил ўқиш ўзига хос қадриятга айланган. Ўқувчи тонгда, дарслар бошланишидан олдин уйда мустақил шуғулланади, кейин мактабга боради, 16:00 дан сўнг эса қўшимча машғулотларга йўл олади.

Кун давомида болаларнинг ҳар бири 40 дақиқадан иборат ўртача 7 та дарсга қатнашади. Дарслар орасида тушлик учун бир соатлик танаффус берилади. Айрим мактабларда шу пайтда ухлашга ҳам рухсат этилади, чунки ўқувчилар кўпинча катта юклама сабаб тунда яхши ухлай олмайди. Тушликдан кейинги ярим соатлик уйқу ҳам одат, ҳам физиологик эҳтиёждир.

Мактаб дастурини ўзлаштириб, юқори балл олишга улгуриш учун болалар материални чуқур таҳлил қилишдан кўра, уни катта ҳажмларда ёдлайди. Ёдлаш танқидий фикрлашни ривожлантиришни кўзламайди, бироқ навбатдаги тестни муваффақиятли топширишга ёрдам беради. Хитойликлар ҳаётидаги асосий имтиҳон — олий ўқув юртига киришда топшириладиган “гаокао” — уларнинг мактаб дастурини қанчалик эслаб қолганини ва қайта айта олишини текширади. Бу ерда ёд олиш қобилияти айниқса асқатади.

**Франсия: мактабга диний либосда келиш мумкин эмас**

Франсуз жамиятининг Конституцияда мустаҳкамланган асосий тамойилларидан бири лаïситé бўлиб, у дунёвийлик (секуляризм) деб таржима қилинади. Бу тушунчага кўра, дин ва ижтимоий ҳаёт, айниқса сиёсат, ҳеч қандай тарзда бир-бирига аралашмаслиги керак. Бу динга қаршилик эмас — мамлакат аҳолиси исталган динга эркин эътиқод қилиши мумкин. Аммо бу дин давлат ишларига ва жамоат тартибига таъсир кўрсатмаслиги керак, деган бир неча асрлик қарашдир. Масалан, 2011-йилда Франсияда жамоат жойларида юзни ёпиб юриш ноқонуний деб топилди. Бу амалда мусулмон аёлларнинг паранжи ёки ниқоб кийишини тақиқлади.

Шунингдек, Франсияда мактабларда диний либос кийиш ман этилган. Бу чеклов нафақат абая, камис, кипа ва ҳижоб кийиши мумкин бўлмаган мусулмон эркак ва аёлларга, балки бошқаларга ҳам тегишли. Жумладан, сикхларга мактабда салла ўраш, яҳудийларга киппа кийиш, насронийларга эса хоч тақиш тақиқланган. Қонун 2004-йилда қабул қилинган бўлса-да, ҳануз баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда ва мактабларда мунтазам равишда қоидабузарликлар қайд этилади.

**Ирландия: диний камситишдан кўп конфессиялилик сари**

Франсия ва Ирландия аҳолининг аксарияти католик бўлган мамлакатлар саналса-да, мактабларда динга муносабатлари бир-биридан кескин фарқ қилади. Ирландияда бошланғич мактабларнинг 93 фоизи католик мактабларидир. Яқин вақтгача улар католик бўлмаган ўқитувчиларни ишга олмай қўйиш ҳамда бошқа дин вакиллари, айниқса атеист болаларни ўқувчилар қаторига қабул қилмаслик ҳуқуқига эга эди. Кўплаб ота-оналар фарзандларига таълим бериш учунгина уларни чўқинтиришган. Ирландия фақат 2018-йилга келибгина католик бошланғич мактабларида диний асосда саралашни бекор қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилди. 2022-йилга келиб, қайд этилган чўқинтиришлар сонида сезиларли пасайиш кузатилди.

Кўп конфессияли мактаблар — Ирландиядаги янги турдаги таълим муассасалари бўлиб, уларнинг мақсади плюрализмни илгари суришдир. Ҳозир республикада 166 та (5%) кўп конфессияли бошланғич мактаб мавжуд.

**Бангладеш: қайиқдаги дарслар**

Бангладеш ҳудудининг 70 фоизи денгиз сатҳидан бир метрдан паст жойлашган. Мамлакат бир вақтнинг ўзида ҳам ёмғирлар мавсумидаги сув тошқинларидан, ҳам Ҳимолайдан келадиган ёғингарчиликдан азият чекади. Шу сабабли ҳар йили мамлакат умумий майдонининг бешдан бир қисмини сув босади.

Тошқинлар пайтида мактаблар ёпилишига тўғри келади, бунинг натижасида миллионлаб болалар таълим олиш имконидан маҳрум бўлади. Шу боис Бангладеш ҳукумати инновацион ечимни жорий этишга мажбур бўлди: қайиқларда мактаблар ташкил этиш. Уларнинг аксарияти қуёш батареяларида ишлайди. Бундай сузувчи мактаблар туфайли болалар одатда ҳафталаб ва ойлаб давом этадиган экстремал об-ҳаво шароитида ҳам ўқув жараёнидан узилиб қолмайди.

Мактаб-қайиқлар ўқувчиларни қирғоқбўйи қишлоқларидан олиб кетади, сўнгги манзилга лангар ташлаб, бортда кичик гуруҳларда дарс ўтади. Машғулотлардан кейин қайиқлар ўқувчиларни уйларига олиб бориб қўяди ва кейинги гуруҳларни йиғади. Ҳар бир бундай мактаб 30 ўқувчига мўлжалланган синфхона, интернетга уланган ноутбук ва кутубхонага эга бўлиб, 4-синфгача бўлган бошланғич таълимни таъминлайди.

**Япония: қандай қилиб яхши инсон бўлиш мумкин?**

Япон мактабининг асосий мақсади — муносиб фуқаро тарбиялашдир. Таълим йўналиши ва ўқувчининг ёшидан қатъи назар, ҳар бир дастурга математика ва япон тили каби фанлар билан бирга ахлоқий тарбия фани ҳам киритилган. Бу фан бутун ўқув жараёни давомида ўқитилади. 1–2-синфларда болаларга одоб-ахлоқнинг асосий қоидалари ўргатилса, 3–4-синфларда бу дастур “Кундалик ҳаётда ижтимоий хулқ-атвор меъёрларига риоя қилиш” деб аталади. 5–6-синф ўқувчилари жамиятга қандай фойда келтиришни ўрганадилар, ўрта мактабда эса “Муносиб ҳаёт кечириш зарурлигини англаш” номли блок жорий этилади. Япон ўқитувчилари орасида Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги томонидан нашр этиладиган Дотоку кёику (“Ахлоқий таълим”) журнали анча машҳур. Унда ахлоқни ўқитиш бўйича услубий ишланмалар ва тавсиялар чоп этиб борилади.

Япон мактаб ўқувчиларининг онгига одобли инсон фазилатлари сингдирилади ҳамда ахлоқнинг асосий тамойиллари — ҳамдардлик, меҳр-оқибат, ирода, бағрикенглик, адолат, ўз маданиятига муҳаббат ва ватанга садоқат ўргатилади. Шу билан бирга, меҳнацеварлик, чидамлилик ва ижтимоий манфаатнинг ҳамма нарсадан устунлигига алоҳида урғу берилади.

**Нидерландия: тўрт ёшда биринчи синфга**

Нидерландияда болалар тўрт ёшга тўлган кунида мактабга боришади, шу боис йил давомида синфга доим янги ўқувчилар қўшилиб туради. Бундай ёндашувнинг мақсади — барча ўқувчилар бир хил ривожланиш даражасига етиб, дарсларни бошлашини таъминлашдир. Тўғри, ёши каттароқ ўқувчиларда, масалан, йил охирида туғилганларга қараганда, синфга мослашиш ва дўст орттириш учун кўпроқ вақт бўлади. Шунга қарамай, голландиялик бола айнан тўртинчи туғилган кунида ўзининг биринчи синфига қадам қўйиши мумкин.

Беш ёшдан бошлаб болалар мактабга бориши мажбурий бўлиб қолади. Ва бу жуда ёқимли мажбурият — УНИСЕФ тадқиқотларига кўра, Нидерландия Қироллиги ўқувчилари дунёдаги энг бахтли болалардир. Голландиялик ўқувчиларнинг бахтли бўлиши сабаби шундаки, бу ерда болаларнинг мустақиллиги ва эркинлигига катта ҳурмат билан қаралади. Мамлакат мактаб тизими бошқа давлатларникига қараганда натижадорликка камроқ йўналтирилган: болаларга танлаш имконияти берилади, вақтларини ўйнаб, ижтимоий кўникмаларни ривожлантириб ва ўз устуворликларини белгилаб ўтказишларига рухсат этилади. Шу билан бирга, Нидерландияда болалар ёмон ўқимайди — мамлакат таълим даражаси бўйича дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторига киради.

**Сингапур: ёш ва самарали мактаб таълими тизими**

Сингапур халқаро таълим рейтингларида бир неча бор етакчи ўринларни эгаллаган. Муваффақият калитларидан бири — таълимга ўйин усулида ёндашишдир.

Сингапурлик болалар сонлар билан амаллар бажаришдан олдин қоғоз ёки доскада мева, ширинлик ёхуд ўқувчилар акс этган суратларни чизади, чизиқли ва блокли диаграммалар билан ишлайди. Ҳар бир ҳисоб-китоб, хоҳ у қўшиш, бўлиш ёки каср бўлсин, математик тилга ўтказилишидан аввал аниқ бир ҳаётий мисол орқали тушунтирилади. Болалар 6-синфгача нафақат мисол ва тенгламаларни, балки ҳаётий муаммоларни ҳам тизимлаштириш ва моделлаштиришни ўрганади, чунки улар ёшлигиданоқ математиканинг амалий аҳамиятини англаб етади. Ўйин усуллари бошқа фанларда ҳам қўлланилади: масалан, электр энергияси принсипларини яхшироқ тушуниш учун ўқувчилар робот ясайди. Бироқ таълимнинг ҳар бир босқичи қатъий тестлар билан бирга олиб борилади ва бу ўқувчиларни ПСЛЕ (Примарй Счоол Леавинг Эхаминатион) — бошланғич мактабни битириш имтиҳонига босқичма-босқич тайёрлайди.

Ўрта мактабда болалар яна 4–5 йил, яъни тахминан 17 ёшгача таълим олади. Бу даврда улар 5 та асосий фанни (инглиз тили ва қўшимча тил, математика, битта гуманитар ва битта табиий фан) чуқур ўрганади, шунингдек, 5 тадан 10 тагача қўшимча фан танлайди.

Сингапурда баҳолар юз баллик тизимда қўйилади. Бу мамлакатда ўқитувчилар ўқувчиларнинг ўзлаштиришини очиқ муҳокама қилмайди, шу сабабли ўқувчилар синфдошларининг баҳоларини билмайди.

Ҳар семестр охиридаги тестлар натижаларига кўра тўпланган баллар репорт сард (ўзлаштириш табели) деб аталадиган ҳужжатга киритиб борилади. Шунингдек, ўқитувчи кундаликка ўқувчи ҳақида қисқача тавсифнома ёзади. Масалан, у одамлар билан яхши тил топишади, инглиз ёки хитой тилида эркин сўзлашади, дарсларда жавоб беради, аммо математикада қийинчиликлари бор.

**Ўзбекистон-чи?**

Ўзбекистон таълим тизимининг ўзига хос жиҳатларидан бири — академик билим билан бир қаторда тарбияга ҳам катта аҳамият берилишидир. Мактабларда ўқувчиларга нафақат фанларни ўзлаштириш, балки Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат, жамоада ўзини тутиш каби қадриятлар ҳам сингдирилади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон мактабларидаги ёндашувни Япониядаги ахлоқий тарбия анъаналарига маълум даражада қиёслаш мумкин.

Бироқ таълим тизимида муаммолар ҳам йўқ эмас. Ҳудудлар ўртасидаги таълим сифати тафовути, айрим мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар сонининг кўплиги, замонавий таълим методларини барча ҳудудларда бир хил даражада жорий этиш масаласи ҳамон долзарб. Бундан ташқари, ўқувчини фақат тест ва имтиҳон натижаларига қараб баҳолашдан кўра, унинг мустақил фикрлаши, муаммони ҳал қила олиши, ижодкорлиги ва амалий кўникмаларини ривожлантириш тобора муҳимлашиб бормоқда.

Дунёнинг турли мамлакатларидаги таълим тизимларига назар ташлар эканмиз, уларнинг ҳеч бирини мутлақ идеал деб бўлмайди. Ҳар бир модел жамиятнинг эҳтиёжлари, маданияти ва тарихий шароитидан келиб чиққан. Шунга қарамай, уларнинг ҳар биридан таълим сифатини ошириш учун фойдали жиҳатларни топиш мумкин.

Шундай экан, Ўзбекистон учун энг мақбул йўл бошқа бир давлатнинг таълим тизимини тўлиқ кўчириб олиш эмас. Аксинча, турли мамлакатларнинг энг самарали жиҳатларини бирлаштириш керак: Хитойдан — интизом ва меҳнацеварликни, Япониядан — тарбияни, Нидерландиядан — ўқувчи мустақиллигини, Сингапурдан — амалий ва тизимли фикрлашни, Бангладешдан эса шароитга мослашувчанликни ўрганиш мумкин.

Бунинг учун таълимдаги асосий саволни ўзгартириш керак: “Ўқувчи қанча маълумот ёд олди?” эмас, балки “У олган билимини қанчалик тушунди ва ҳаётда қўллай олади?” деган савол муҳимроқ бўлиши лозим.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.