Ҳиндистонда мактаб ўқувчилари таълим ислоҳотларини талаб қилиб намойишга чиқмоқда

Ҳиндистонда мактаб ўқувчилари таълим ислоҳотларини талаб қилиб кўчаларга чиқмоқда
Ҳиндистоннинг камида 10 та штатида мактаб ўқувчилари таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилашни талаб қилиб намойишлар ўтказмоқда.
Норозилик аксияларида асосан давлат мактабларида таҳсил олаётган болалар қатнашяпти. Улар янги мактаб бинолари, етарли ўқитувчилар, парталар, ичимлик суви, электр энергияси ва ҳожатхоналар бўлишини талаб қилмоқда.
22-август куни Уттар Прадеш штатидаги Самуҳи Бхатпурва қишлоғи бошланғич мактабининг 122 нафар ўқувчиси дарсга киришдан бош тортган.
Мактаб биноси эски ва авария ҳолатида экани айтилмоқда. 2023-йилда унинг деворларидан бири қулаб, бир ўқувчи қиз оғир жароҳат олган.
Болалар янги бино қурилишига кафолат берилмагунча дарсга кирмасликларини билдирган. Шундан кейин маҳаллий таълим идораси вакили мактабга келиб, янги бино қурилишини ваъда қилган.
Намойишларда 6—10 ёшли болалар ҳам иштирок этмоқда.
Уттар Прадешдаги яна бир мактаб ўқувчилари ичимлик суви, электр энергияси ва парта етишмаслигидан шикоят қилган. Айрим болалар дарс вақтида полда ўтиришга мажбур бўлаётганини айтган.
Маҳараштра штатида эса ўқувчилар ўқитувчилар етишмаслигига қарши намойиш уюштирган. Бихардаги бир қишлоқда эса 50 га яқин ўқувчи мактабдаги овқат сифати ва ичимлик суви йўқлигидан норози бўлиб, юқори лавозимли амалдор билан учрашиш учун 4 километр пиёда юрган.
Ҳиндистонда 1,5 млн мактабда қарийб 247 млн ўқувчи таълим олади. Уларнинг тахминан 70 фоизи давлат, штат ёки маҳаллий ҳокимиятга қарашли мактабларда ўқийди.
Мамлакатда 100 мингдан ортиқ мактабда барча синфлар учун атиги биттадан ўқитувчи бор. Бундай мактабларда жами 2,9 млн бола таҳсил олади.
Шу билан бирга, Ҳиндистонда ўқувчиси умуман бўлмаган 5,6 мингдан ортиқ мактаб ҳам мавжуд.
Мактаб ўқувчиларининг намойишлари мамлакатда ёшлар иштирокидаги норозиликлар ортидан бошланган. 2026-йилда Ген З вакиллари имтиҳон саволларининг тарқалиб кетиши, ишсизлик ва таълим тизимидаги муаммоларга қарши намойишлар ўтказганди.
15-август куни ёшлар ҳаракати Счоол Тҳик Каро — “Мактабларни тўғриланг” кампаниясини бошлаган. Кампания доирасида мактаблардаги шароит ўрганилиб, ўқувчиларнинг талаблари қўллаб-қувватланмоқда.
Ҳиндистон қонунчилигига кўра, 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун таълим олиш конституциявий ҳуқуқ ҳисобланади. Мактабларда хавфсиз бино, ичимлик суви, санитария шароити ва ҳар 30 нафар ўқувчига камида битта ўқитувчи бўлиши керак.

