БМТ: АҚШнинг наркотиклар ташишда гумон қилинган қайиқларга берган зарбалари инсониятга қарши жиноят бўлиши мумкин
Ҳисоботда айтилишича, камида 68 марта содир этилган бу ҳужумлар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида бўлмаган.

БМТ: АҚШнинг наркотик ташишда гумон қилинган қайиқларга берган зарбалари инсониятга қарши жиноятларга тенглашиши мумкин
БМТ маърузасида айтилишича, АҚШнинг яқинда наркотик моддалар олиб кетаётгани тахмин қилинган қайиқларга берган ҳаво зарбалари халқаро ҳуқуқни бузган ва инсониятга қарши жиноятларга тенглашиши мумкин.
Махсус маърузачи Бен Саул томонидан тайёрланган ҳисоботда қайд этилишича, ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери Кариб ҳавзаси ва Тинч океанида, АҚШ ҳудудий сувларидан ташқарида АҚШ томонидан камида 68 та зарба берилган ва бунинг оқибатида 220 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Саулнинг сўзларига кўра, нишонлар террорчи гуруҳлар аъзоси сифатида аниқланган тақдирда ҳам, улар АҚШга қарши халқаро ҳуқуқ доирасида ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини фаоллаштирадиган қуролли ҳужум уюштирмаган.
Ҳисобот АҚШ ҳарбийлари Кариб денгизидаги кемага берилган зарба натижасида тўрт киши ҳалок бўлганини маълум қилганидан икки кун ўтиб эълон қилинди.
«Тасдиқланган разведка маълумотлари кеманинг наркотрафикда фаол иштирок этганини кўрсатди. Операция натижасида тўрт нафар наркотеррорчи йўқ қилинди», — дейилади минтақадаги АҚШ кучларига қўмондонлик қилувчи Southcom баёнотида. Ушбу баёнотга хира видеотасвир ҳам илова қилинган.
Бироқ, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан душанба куни эълон қилинган маълумотномада Саул шундай деди: «Бундай ҳужумлар яшаш ҳуқуқини бузган ҳолда амалга оширилган серияли суддан ташқари қотилликлар ҳисобланади, чунки улар миллий ёки шахсий ўзини ҳимоя қилиш, халқаро гуманитар ҳуқуқ, халқаро денгиз ҳуқуқи, гиёҳвандлик воситаларига қарши кураш конвенциялари ёки халқаро аксилтеррор ҳуқуқи доирасида оқланмаган».
«223 кишининг ўлимига сабаб бўлган 68 та ҳужум халқаро одат ҳуқуқига кўра инсониятга қарши қотиллик жиноятларини ташкил этган деб ҳисоблаш учун асосли далиллар мавжуд», — дея хулоса қилди Саул.
Мудофаа вазири Пит Хегсет аввалроқ ушбу кенг кўламли операциядан мақсад «ярим шаримиздан наркотеррорчиларни йўқ қилиш» ва АҚШни «одамларимизни ўлдираётган гиёҳванд моддалардан» ҳимоя қилиш эканини айтган эди.
АҚШ ҳарбийлари «Southern Spear» («Жанубий найза») деб номланган операцияни сентябрь ойи бошида бошлаган эди.
Шунга қарамай, расмийлар нишонга олинган кемаларнинг контрабанда билан шуғулланганига оид узил-кесил далилларни тақдим этмаган.
Экспертлар бошиданоқ зарбаларнинг қонунийлигини шубҳа остига олишган, бу эса биринчи навбатда фуқаролари нишонга олинган Лотин Америкаси етакчиларининг кескин танқидига сабаб бўлган эди.
Бироқ, ўша пайтда Венесуэла раҳбари бўлган ва зарбаларга қарши чиққан Николас Мадуро шу йилнинг бошида пойтахт Каракасда тунда амалга оширилган драматик ва жуда баҳсли рейд пайтида АҚШ кучлари томонидан қўлга олинди.
«Southern Spear» операциясининг яна бир ашаддий танқидчиси, Колумбиянинг ўша пайтдаги сўл қанот президенти Густаво Петро июнь ойидаги президентлик сайловларида Трамп томонидан қўллаб-қувватланган номзод ғалаба қозонганидан кейин август ойида лавозимидан кетди.

