Блогер Сирожиддин Адилов фирибгарлик ва товламачилик учун тўрт йилга қамалди

Блогер Сирожиддин Адилов фирибгарлик ва товламачилик учун тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди
Блогер ва Sirojiddin media лойиҳаси раҳбари Сирожиддин Адилов товламачилик ва фирибгарлик иши бўйича тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ҳукмни 5 октябрь куни Жиззах вилояти Мирзачўл туман суди чиқарди, Адилов жазони манзил-колонияда ўтайди.
Суд аниқлашича, эркак товламачилик йўли билан бир кишидан 12 миллион сўм, фирибгарлик йўли билан эса бошқа икки кишидан 30 ва 33 миллион сўм олган. Умумий зарар 75 миллион сўмни ташкил этди. Жиззах вилоят суди хабар беришича, пуллар тўлиқ қопланган.
Ҳимоя томони Адиловнинг айбини тан олмади. 24 сентябрдаги мажлисда прокурор унга олти йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган, адвокатлар ва жамоат ҳимоячилари эса оқлашни талаб қилган эди. Якунда суд тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, Адилов шу йилнинг март ойида Самарқандда қўлга олинган эди. Суд жараёни 20 июль куни Жиззах шаҳар судида бошланган, шундан сўнг иш кўриб чиқиш учун Мирзачўл туман судига ўтказилган эди.

