“Барселона” молиявий тўсиқлар сабаб 30 ёшли ҳужумчини сотиб олмайдиган бўлди — Билд

“Барселона” молиявий чекловлар туфайли 30 ёшли ҳужумчини сотиб ололмайди — Билд нашри хабарига кўра.
Полшалик футболчи Роберт Левандовски жамоани тарк этганидан сўнг, “Барселона” раҳбарияти унинг ўрнини босадиган муносиб ҳужумчи изламоқда. Билд нашрининг маълумотларига кўра, клуб спорт директори Декунинг асосий нишонларидан бири Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳужумчиси Сержу Гирасси бўлган, аммо молиявий қийинчиликлар сабаб бу трансфер амалга ошмай қолди.
Манбага кўра, каталонияликлар Гвинея миллий терма жамоасининг 30 ёшли форварди бўйича дастлабки сўровни юборган, бироқ жараён тўлақонли музокаралар босқичига етиб бормаган. Бунга футболчининг маош борасидаги талаблари асосий тўсиқ бўлгани айтилмоқда. Гап шундаки, Гирассининг йиллик маоши қарийб 10 миллион еврони ташкил этади ва бу “Барселона”нинг ҳозирги молиявий имкониятларига мос келмайди. Бундан ташқари, унинг шартномасида товон пули 50 миллион евро этиб белгиланган. Ушбу ҳолатлар ортидан “кўк-анорранглилар” ушбу трансфердан воз кечишга мажбур бўлди.
Қайд этилишича, Гирасси билан боғлиқ вазият Декунинг ёзги трансферлар ойнасидаги иккинчи муваффақияцизлиги ҳисобланади. Аввалроқ “Барселона” Мадриднинг “Атлетико” клубидан аргентиналик ҳужумчи Хулиан Алваресни трансфер қилишга ҳаракат қилиб кўрган, аммо бу музокаралар ҳам натижасиз якунланган эди.
Маълумот ўрнида, Гирасси 2024-йилда “Штутгарт”дан “Боруссия” сафига келиб қўшилган ва қисқа вақт ичида жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига айланганди. Якунланган мавсумда у барча турнирларда жами 46 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг дортмундликлар билан тузган амалдаги шартномаси 2028-йилга қадар мўлжалланган.

