“Арсенал” “Барселона” ҳимоячисини сотиб олиши мумкин

“Арсенал” “Барселона” ҳимоячиси Жюл Кундени сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Эл Насионал нашри хабар берди.
Манбага кўра, агар “Барселона” ҳимоячиси Жюл Кунде асосий таркибдаги ўрнини йўқоца, клубни тарк этиши мумкин. Франсиялик футболчи ўз келажаги борасида якуний қарор қабул қилишдан аввал бош мураббий Ҳанси Флик билан шахсан учрашишни режалаштирмоқда. Кунде немис мутахассиси уни янги мавсумда қандай ролда кўраётганини билмоқчи.
27 ёшли ҳимоячи учун ўнг қанотдаги рақобат тобора кучаймоқда. Флик ушбу позицияда Эрик Гарсиядан фаол фойдаланмоқда. Шунингдек, 19 ёшли Хави Эспарт мавсумолди тайёргарлик жараёнида мураббийлар штабида яхши таассурот қолдирган.
Кунденинг ўзи ҳозирча “Барселона”ни тарк этишга шошилмаяпти. У яқинда каталонияликлар билан шартномасини узайтирган. Бироқ футболчи захира ўйинчиси мақомида қолишни истамайди. Агар Флик уни асосий таркибнинг муҳим футболчиси сифатида кўрмаслигини билдирса, Кунде бошқа клублардан тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
Вазиятни “Арсенал” ҳам диққат билан кузатмоқда. Лондон клуби Кунденинг универсаллигини юқори баҳоламоқда. Франсиялик футболчи ҳимоянинг ўнг қанотида ҳам, марказида ҳам самарали ўйнай олади. Ўз навбатида, “Барселона” ҳам футболчи учун жиддий таклиф тушган тақдирда, уни сотиш вариантини кўриб чиқиши мумкин.
Шу боис Кунденинг келажаги, аввало, унинг Ҳанси Флик билан учрашувидан сўнг ойдинлашади. Агар мураббий унга асосий таркибдан кафолатланган жой бермаса, франсиялик ҳимоячи ёзги трансфер ойнаси якунига қадар бошқа клубга ўтиши мумкин.
Маълумот учун, Жюл Кунде “Барселона” сафида уч бор Испания чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, унинг клуб миқёсидаги совринлари орасида Испания Кубоги ва учта Испания Суперкубоги бор. Франсия терма жамоаси билан эса у 2022-йилги Жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган.

