БАА Нетаняхуни ҲАМАСнинг 7-октябрдаги ҳужуми ҳақида бир неча кун олдин огоҳлантирган — ОАВ

БАА Нетаняхуни ҲАМАСнинг 7-октябрдаги ҳужуми ҳақида бир неча кун олдин огоҳлантирган — ОАВ
Бирлашган Араб Амирликлари президенти шайх Муҳаммад бин Зоид 2023-йилда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни ҲАМАС гуруҳи катта ҳужумга ҳозирлик кўраётгани ҳақида бевосита хабардор қилган.
Ғазодаги ҲАМАСнинг ўша пайтдаги етакчиси Яҳё Синвар операция режалаштираётгани ҳақида БАА президенти ҳужумдан 10 кун аввал Нетаняхуга маълум қилган. Муҳаммад бин Зоид бу ҳолат қон тўкилишига сабаб бўлиши, минтақани беқарорлаштириши ҳамда “Иброҳим келишувлари”га путур етказишини айтган.
Шунга қарамай, Ҳааретз нашрининг ёзишича, Нетаняху бу маълумотга хотиржам жавоб берган. У БАА президентига Исроил ҳар қандай вазиятга тайёр эканини ва эҳтимолий ҳужум кўпроқ босиб олинган Ғарбий соҳилдан бўлиши мумкинлигини билдирган.
2023-йил 7-октябр куни ҲАМАС жангарилари қарийб 1200 кишини ўлдирган ва 251 кишини гаровга олган. Шундан буён Ғазо, Ливан ва Эрондаги урушларда юзлаб исроилликлар, асосан ҳарбийлар, ҳалок бўлди.
Нетаняху идораси бу хабарни мутлақо ёлғон деб атади. Идора Нетаняху кўрсатилган даврда БАА президенти билан гаплашмаганини ва ундан ҳеч қандай огоҳлантириш олмаганини маълум қилди.
Нетаняху 7-октябр воқеалари юзасидан расмий давлат текшируви ўтказилишини рад этиб келмоқда. Унинг идораси БАА разведка каналлари орқали зарур маълумотлар етказиб турилганини ҳам қўшимча қилди.
Октябр ойида Исроилда парламент сайловлари бўлиб ўтади. 7-октябр воқеалари сайлов кампаниясининг асосий мавзусига айланган. Нетаняхунинг асосий рақиби, собиқ генерал Гади Эйзенкот бош вазирни ҲАМАС ҳужуми ҳақида ўнлаб огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирганликда айблаб, уни вазифасига нолойиқ деб баҳолади.
Яна бир рақиб Нафтали Беннет эса минглаб исроилликларнинг ўлимига олиб келган муваффақияцизлик учун жавобгарлик Нетаняхунинг зиммасида эканини билдирди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари оқибатида шу кунгача 73 650 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Қарор АҚШнинг фаластинликларга қилинган ҳужумларга чек қўйиш бўйича босими фонида қабул қилинган. Бузиш ишлари қачон бошланиши ҳозирча номаълум.

