Маҳаллий

Автобусда чиптасиз юрган йўловчилар учун жаримани 5 баравар ошириш таклифи ишлаб чиқилди

Бир йилда Тошкент автобусларида чиптасиз юрган 113 мингдан зиёд йўловчидан 2,7 млрд сўм жарима ундирилди. Транспорт вазирлиги йўл ҳақини тўламасдан юрганлик учун жаримани 5 бараварга оширишни таклиф этяпти. ъБу жамоат транспортидан фойдаланиш маданиятини оширишга қаратилганъ, — деди масъуллар.

Автобусда чиптасиз юрган йўловчилар учун жаримани 5 баравар ошириш таклифи тайёрланди

Бир йил ичида Тошкент автобусларида чиптасиз юрган 113 минг нафардан ортиқ йўловчига маъмурий баённома тузилиб, 2,7 млрд сўм жарима ундирилди.

Маманбий Омаровнинг айтишича, Тошкентда автобуслар кунига 24 мингта қатновни амалга оширади. Расмийлар аниқлаган ҳолатларнинг ўзидаёқ ҳар куни минг нафардан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламасдан тушиб кетмоқда. У бу рақамлар фақат аниқланган ҳолатларни акс эттиришини, амалда эса кўрсаткич бундан юқори бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Миракбар Икромовнинг сўзларига кўра, чиптасиз юрадиган йўловчилар умумий йўловчилар сонининг 8−10 фоизини ташкил этади. Айрим йўналишларда бу кўрсаткич 10 фоиздан ҳам ошади.

Унинг таъкидлашича, 2026-йил 1-сентабрдан йўловчилар автобусга чиқиш чоғида йўл ҳақини тўлаши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3-июндаги 276-сонли қарори билан инспекторларга автобус салонида ҳам йўловчиларнинг тўловни амалга оширган-оширмаганини текшириш ваколати берилган. Аввал улар асосан оралиқ ва охирги бекатларда рейд ўтказган бўлса, янги тартибга кўра автобус ичида ҳам назорат олиб бориши мумкин.

Икромовнинг айтишича, янги тартиб чиптасиз йўловчиларни аниқлаш имкониятини кенгайтирган. Инспекторлар муайян йўналишларда мунтазам равишда тўлов қилмайдиган йўловчиларни аниқлаш ва уларга нисбатан чора кўриш билан шуғулланади.

“Инспекторларимиз ҳам одам. Тиғиз вақтларда автобуснинг олд эшигидан орқа эшигигача бориб, ҳаммани текшириш осон эмас. Шунинг учун биз уларга бундай вақтларда автобус ичида юрмаслик, одам камроқ бўлган пайтларда текширув ўтказиш бўйича кўрсатма берганмиз”, — дейди у.

Миракбар Икромовнинг маълум қилишича, йўл ҳақини тўламайдиган йўловчиларнинг 98 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Унинг айтишича, назоратчиларнинг фаолияти ҳам кузатиб борилади: барча инспекторлар бодикамера ва планшетлар билан таъминланган. Бу қурилмалар уларнинг қайси йўналишдаги автобусга чиққанини, хатти-ҳаракатлари ва йўловчилар билан муомала маданиятини назорат қилиш имконини беради.

“Инспекторларга бир кунда шунча қоидабузарни ушлаш керак, деган мажбурий топшириқ берилмайди. Биз уларнинг иш сифатини ҳам назорат қиламиз”, — дейди Икромов.

Наврўз Ашурматовнинг таъкидлашича, йўл ҳақини тўлаш интизоми жамоат транспорти сифатини ошириш билан бевосита боғлиқ. Йўловчилардан тушадиган маблағларни тўлиқ йиғиш транспорт харажатларининг бир қисмини қоплашда муҳим аҳамиятга эга.

“Йўловчилар йўл ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини ҳис қилиши керак. Биз 30 ёшгача бўлганлар орасида чиптасиз юриш ҳолатлари кўплигини кўряпмиз. Ваҳоланки, ўқувчилар ва талабалар учун имтиёзли транспорт карталари жорий қилинган. Улар орқали йўл ҳақига 50 фоиз чегирма берилади”, — дейди Ашурматов.

Унинг фикрича, йўл ҳақини тўламаётган йўловчиларга нисбатан жамоатчилик назорати ҳам кучайиши зарур. Жамиятда тўлов маданияти шаклланиб, йўловчиларнинг асосий қисми йўл ҳақини тўлиқ тўласа, назоратчиларга бўлган эҳтиёж ҳам камаяди.

Миракбар Икромовнинг айтишича, 1-октабрдан жамоат транспортида йўл ҳақи оширилганидан кейин чиптасиз юрган йўловчилар сони кўпайгани кузатилмаган. Аксинча, ўтган йилга нисбатан бир кунда ташилган йўловчилар сони бўйича рекорд қайд этилган — автобуслар 1 млн 520 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатган.

Унинг маълум қилишича, бир йил, яъни 2025-йилнинг октабридан 2026-йил октабрига қадар бўлган даврда чиптасиз юрган 113 минг нафардан ортиқ йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 2,7 млрд сўм жарима ундирилган.

Икромовнинг айтишича, Транспорт вазирлиги йўл ҳақини тўламасдан юрганлик учун жарима миқдорини ошириш бўйича таклиф ишлаб чиққан. Ҳозирда амалдаги 44 минг сўмлик жаримани беш бараварга ошириш масаласи вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

“Бу буджетга тушумни кўпайтириш учун эмас, балки жамоат транспортидан фойдаланиш маданиятига таъсир кўрсатиш мақсадида таклиф этилмоқда”, — дейди у.

Наврўз Ашурматовнинг таъкидлашича, жарима миқдори қоидабузарликнинг олдини олишга таъсир қилиши керак. Агар йўловчи жаримани молиявий жиҳатдан сезмаса, қоидабузарликни такрорлаши ва бунга одатланиб қолиши мумкин.

“Йўловчи жариманинг таъсирини ўз чўнтагида сезадиган бўлса, кейинги сафар қоидабузарликни амалга оширмасликка ҳаракат қилади. Агар молиявий зарарни ҳис қилмаса, қоидабузарликни такрорлайверади ва охир-оқибат бунга кўникиб қолади. Халқаро амалиётда ҳам чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан қатъий назорат чоралари қўлланади, ривожланган давлатларда жарималар миқдори анча юқори”, — дейди вазирлик матбуот котиби.

Маманбий Омаровнинг айтишича, жамоат транспортида ташувчиларга босиб ўтилган ҳар бир километр учун ҳақ тўланади. Йўловчилардан тушган маблағлар жамғармага йўналтирилади, харажатларни қоплаш учун пул етмаган тақдирда эса қолган қисми давлат буджети ҳисобидан қопланади. Шу сабабли йўл ҳақининг оширилиши давлат харажатлари камайишини англатмайди.

Унинг таъкидлашича, давлат маблағлари нафақат автобуслар харажатларини қоплаш, балки янги автобуслар харид қилиш ва йўналишлар сонини кўпайтириш учун ҳам сарфланади.

Омаров Ўзбекистонда жамоат транспорти тарифлари халқаро таққослашда энг арзон бешталикдан жой олишини айтди. Унинг фикрича, бунда аҳоли жон бошига даромад ва ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларини ҳам ҳисобга олиш лозим.

“Бу ерда президентимизнинг „Инсон қадри учун“ ижтимоий сиёсати ётибди. Биз барибир ижтимоий давлатмиз. Йўл ҳақи сўнгги уч йилда оширилмаган. Агар нархлар ҳар йили 200−300 сўмдан ошириб борилганда, бу унчалик сезилмасди. Лекин очиғини айтиш керак, давлат буджети ҳам чекланган. Шу сабабли транспорт харажатлари билан бирга мактаблар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий обьектлар учун ҳам маблағ ажратиш зарур”, — дейди вазир ўринбосари.

Миракбар Икромовнинг маълум қилишича, 2025-йилда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти учун буджетдан 1,8 трлн сўм ажратилган. Йўловчилар амалга оширган тўловлар 600 млрд сўмни ташкил этган. Шу тариқа ўтган йили транспорт харажатларининг учдан бир қисми йўловчилар тўловлари ҳисобидан қопланган.

Унинг айтишича, ҳозирда Тошкентда бир йўловчини автобусда ташиш таннархи 5580 сўмни ташкил этади. Келгуси йилда яна 500 та автобус олиб келиш, йўналишлар сонини кўпайтириш ва қатновлар оралиғини қисқартириш режалаштирилган. Бу эса жамоат транспорти харажатларининг ошишига таъсир қилади.

“Ҳозирги прогнозларга кўра, келгуси йилда жамоат транспорти харажатлари 2,7 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Йўл ҳақи 2500 сўм бўлган тақдирда, йўловчилардан тушадиган маблағ тахминан 1 трлн сўмга етиши мумкин. Қолган 1,7 трлн сўм давлат буджети ҳисобидан қопланади. Бу умумий харажатларнинг 60 фоиздан ортиғи давлат зиммасига тўғри келишини англатади”, — дейди у.

Наврўз Ашурматовнинг таъкидлашича, тариф оширилган бўлса ҳам, жамоат транспорти харажатларининг ярмидан кўпи давлат томонидан қопланмоқда. Йўловчилар эса бир нечта транспорт туридан фойдаланганда алмашиш тарифлари ва сафарлар сонига қараб тежаш имконини берадиган тариф пакетларидан фойдаланиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, пенсионерлар, ўқувчилар ва талабалар учун АТТО имтиёзли карталари жорий қилинган бўлиб, улар орқали йўл ҳақига 50 фоиз чегирма берилади. Айрим банклар ҳам транспорт тўловларида иштирок этиб, ҳар бир сафар учун кешбек таклиф қилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.