Маҳаллий

Автобусда йўлкира тўламай юрганларга жарима 10 бараваргача оширилиши мумкин

2026-йилнинг 1 сентябридан автобусда йўл ҳақини тўламаганлик учун жаримани ошириш масаласи кўриб чиқиляпти. Янги тартиб тасдиқланса, биринчи марта йўлкира тўламаган йўловчига 220 минг сўм, бу ҳолат такрорланса, 440 минг сўм жарима солинади. Маълумот учун, ҳозирда автобусда чиптасиз юрганлик учун жарима БҲМнинг ўндан бир қисми - 41 200 сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда автобусда йўлкира тўламаганлик учун жарима миқдори 10 бараваргача оширилиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Қаҳҳоровнинг сўзларига кўра, автобусга чиққанда йўл ҳақи тўламаганлар чиптасиз йўловчи сифатида қайд этилиб, уларга нисбатан жарима жазоси қўлланилиши белгиланган. Мазкур ҳолатларни аниқлаш учун назоратчи ходимларда планшетлар мавжуд. 2026-йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида 82 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламагани аниқланган ва ҳуқуқбузарлардан 2 млрд сўмдан зиёд жарима пуллари ундирилган.

Қаҳҳоровнинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 3-июндаги 276-сонли қарорида тегишли идораларга чиптасиз юрганлик учун жарима жазосини кучайтириш бўйича таклиф бериш вазифаси юклатилган. Бугунги кунда тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.

«Таклифлар шундан иборатки, биринчи маротаба йўл ҳақини тўламаганлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми, яъни бу 1 сентябрдан 220 минг сўм, такроран содир этилса бир баравари, яъни 440 минг сўмгача жарима жазоси белгиланмоқда. Бундан асосий мақсад йўл ҳақи тушумининг тўлиқлигини таъминлаш, автобуслар иши шаффофлигини ошириш ва ишларни аниқ режалаштириш», дейди Муҳаммаджон Қаҳҳоров.

Маълумот учун, айни пайтдаги тартиб бўйича чиптасиз йўловчилардан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-бандига кўра, БҲМнинг ўндан бир қисми, яъни 41 минг 200 сўм миқдорида жарима ундирилади.

Аввалроқ 1 сентябрдан бошлаб йўловчилар автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини тўлашлари шартлиги белгилангани хабар қилинганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.