Автобусларда 1-сентябрдан чиптасиз йўловчиларни аниқлаш бўйича назорат тадбирлари кучайтирилади

1-сентябрдан бошлаб автобусларда чиптасиз йўловчиларни аниқлаш бўйича назорат чоралари кучайтирилади. Брутто-шартнома асосида ишлаётган барча шаҳар автобусларида йўловчилар транспортга чиққан заҳоти йўл ҳақини тўлашлари шарт бўлади.
Транспорт назорати инспексияси ҳамда шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимлари эндиликда назорат тадбирларини бевосита автобус салонларида ҳам ўтказадилар.
Амалдаги қонунчиликка кўра, автобусда чиптасиз юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) ўндан бир қисми, яъни ҳозирда 41 200 сўм миқдорида жаримага сабаб бўлади. Транспорт вазирлиги йўловчиларни йўл ҳақини ўз вақтида тўлашга чақирди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 3-июндаги 276-сонли қарорида тегишли идораларга чиптасиз юрганлик учун жарима жазосини кучайтириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилган эди. Бугунги кунда бу таклифлар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига тақдим этилган.
Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида шундай деди: “Таклифлар шундан иборатки, биринчи маротаба йўл ҳақини тўламаганлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми, яъни бу 1-сентябрдан 220 минг сўм, такроран содир этилса, бир баравари, яъни 440 минг сўмгача жарима жазоси белгиланмоқда”.
Унинг маълумотларига кўра, 2026-йилнинг ўтган етти ойи давомида 82 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламагани аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарлардан 2 миллиард сўмдан ортиқ жарима пуллари ундирилган.

