Арманистон ва Озарбойжон ўзаро ҳудудларни алмашиши керак - Пашинян
Арманистон бош вазири Никол Пашинян тинчлик шартномаси имзоланиб, ратификация қилинганидан сўнг Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабат қандай бўлиши кераклигини таърифлаб берди.

Арманистон ва Озарбойжон ҳудудларни ўзаро алмашиши керак — Пашинян
Унинг айтишича, Олмаота декларацияси асосида чегара делимитацияси ва демаркацияси якунлангач, Арманистон ҳудуди 29 743 км² бўлиши лозим.
Пашинян фикрича, чегара икки томонида ҳам анклав ва эксклавлар қолмаслиги керак, бунинг учун икки давлат «тенгма-тенг нисбатда ҳудудлар алмашиши» зарур. У, шунингдек, барча йўллар ва коммуникацияларни очиш тарафдори эканини билдирди. Гап, жумладан, Озарбойжон ҳудуди орқали Арманистондан Арманистонга ва Арманистон ҳудуди орқали Озарбойжондан Озарбойжонга транзит қатновини йўлга қўйиш ҳақида бормоқда.
Бош вазир яна бир шарт сифатида Ереван ва Боку бир-бирига нисбатан ҳар қандай даъволардан бутунлай воз кечиши кераклигини айтди. У бунинг доирасида ҳам «Қорабоғ, Гардман, Ширвон, Нахичеван» мантиғини, ҳам «Ғарбий Озарбойжон» мантиғини тилга олди.
Пашинян тинчликни айнан шу кўринишга келтириш қанчалик ҳақиқатга яқинлиги энг муҳим масала эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Туркманистонда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан мулоқотлардан кейин унда бундай имконият борлиги ҳақида дастлабки таассурот пайдо бўлган.
«Яқин вақт ичида биз ушбу имкониятни рўёбга чиқариш ва уни ҳақиқатга айлантириш билан шуғулланамиз».
Томонлар чегаранинг биринчи қисмини 2024-йил апрелида дастлабки тарзда келишиб олган, 2025-йил августида эса икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари тинчлик шартномаси лойиҳасини эълон қилган эди. Унга кўра, Ереван ва Боку Олмаота келишувларига мувофиқ бир-бирининг чегараларини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади.
Пашинян сўзларига Озарбойжон расмийлари ҳали муносабат билдирмади.

