Россия Арманистонга газ етказиш учун тўртта шарт қўйди — ОАВ

Россия Арманистонга газ етказиб бериш учун тўртта шарт қўйди — ОАВ
Арманистон Россиянинг тўртта сиёсий талабини бажармаса, унга газ етказиб бериш тўхтатилади.
Айни пайтда режали таъмирлаш ишлари туфайли газ таъминоти вақтинча узилган. Ички эҳтиёж эса омборлардаги захиралар ҳисобидан қопланмоқда.
Манбаларга кўра, 1-ноябр куни йирик “авария” юз бериши ёки форс-мажор ҳолати пайдо бўлиши мумкин, шундан кейин етказиб бериш қайта тикланмайди, деди улар.
“Грапарак” суҳбатдошларининг айтишича, агар Арманистон Гюмридаги Россия ҳарбий базасининг келажагини муҳокама қилмаса ва Россия капитали иштирокидаги компанияларга қарши чоралар кўрмаса, Москва кескинлашувнинг олдини олишга тайёр.
Россиянинг яна бир талаби — Арманистоннинг ЁИИ ва Европа Иттифоқи ўртасида танлов қилиши. Манбалар Ереван Европа интеграцияси жараёнини бошлаш ҳақидаги қонунни бекор қилиши ёки бу масала бўйича референдум санасини белгилаши кераклигини айтмоқда. Бундан ташқари, Москва Россияга хайрихоҳ сиёсатчиларга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатиш ва Кремлга маъқул келадиган номзодни бош вазир ўринбосари этиб тайинлашни ҳам талаб қилаётгани айтилмоқда.
26-май куни Россия Арманистонни агар у Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлидаги ҳаракатни давом эттирса, табиий газ, нефт маҳсулотлари ва ишлов берилмаган олмос етказиб бериш бўйича келишувни бир томонлама тўхтатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
### Ереван Россия газига муқобил вариантларни изламоқда
Арманистон Россия газига деярли тўлиқ қарам. 2025-йилда “Газпром” мамлакатга 2,7 миллиард куб метр газ етказиб берган. Ереван учун имтиёзли нарх минг куб метрга 177 долларни ташкил этади. Кремл Арманистон ЁИИдан чиқса, газ бозор нархида сотилишини билдирган.
16-сентябр куни Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Ален Симонян республика Россия таъминотини Озарбайжон, Туркия ва Эрондан харидлар билан алмаштиришга қодир эканини айтди. Россия газининг арзонлиги ҳақидаги эътирозларга у ёнилғи “сиёсий валюта сифатида ишлатилмоқда” деб жавоб берди.
“Газ нархи фақат доллар билан ўлчанади, деб ким айтди?”, деган Симонян.
Аввалроқ Пашинян Россия газ нархини қандай белгилашидан қатъи назар, мамлакат бошқа етказиб бериш манбаларини излашини айтганди. Шунингдек, у Арманистоннинг КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти)даги аъзолиги ва Россия ҳарбий базаси ҳақида ҳам фикр билдирган.
“Агар улар Арманистонни КХШТдан чиқариб юбормоқчи бўлса, марҳамат, чиқарсин. Агар чиқаришни хоҳлашмаса, чиқаришмасин”, деган у.
Бош вазир бу вазиятни арманларнинг “Кикоснинг ўлими” эртагига қиёслаган. Бу эртакда бир оила ҳали туғилмаган боланинг эртага дарахтдан йиқилиб ўлишини тасаввур қилиб, олдиндан аза тутади. Пашинян Арманистондан ҳам худди шундай асоссиз хавотир кутилаётганини таъкидлаган. Россия ҳарбий базаси ҳақида гапирар экан, Пашинян Арманистон бу базани олиб чиқиб кетиш масаласини ҳеч қачон кўтармаганини айтди. Бу масалани Россиянинг ўзи ўртага ташлаганини у очиқлаган.

