“Арманистонни КХШТдан чиқариб юбормоқчи бўлишса, марҳамат” — Пашинян

“Арманистонни КХШТдан чиқариб юбормоқчи бўлишса, марҳамат” — Пашинян
Арманистон бош вазири Никол Пашинян журналистлар билан суҳбатда мамлакатининг КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти)даги аъзолиги ҳамда Россия ҳарбий базаси борасида ўз фикрларини билдирди.
**Пашинян КХШТ ҳақида**
Пашинян Арманистонни КХШТдан чиқариш билан қўрқитиш керак эмаслигини айтди. У бу ҳақда шундай деди:
“Агар улар Арманистонни КХШТдан чиқариб юбормоқчи бўлса, марҳамат, чиқарсин. Агар чиқаришни хоҳлашмаса, чиқаришмасин”.
Бош вазир бу ҳолатни арманларнинг “Кикоснинг ўлими” эртагига қиёслади. Ушбу эртакда бир оила ҳали туғилмаган боланинг эртага дарахтдан йиқилиб ўлишини тасаввур қилиб, олдиндан аза тутади. Пашинян Арманистондан ҳам худди шундай асоссиз хавотир кутилаётганини таъкидлади.
**Россия ҳарбий базаси масаласи**
Россия ҳарбий базаси ҳақида гапирар экан, Пашинян Арманистон бу базани олиб чиқиб кетиш масаласини ҳеч қачон кўтармаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу масалани ўртага Россиянинг ўзи ташлаган.
Унинг таъкидлашича, бу база Арманистон хавфсизлиги учун ҳаётий аҳамиятга эга эмас.
“Улар базани олиб чиқиб кетмоқчи бўлса, марҳамат, эртагаёқ олиб кетишсин. Агар қолмоқчи бўлишса, шартларни муҳокама қилишга тайёрмиз”, деди Пашинян.
Бош вазир бундай позицияни 2022-йил сентябр ойидаги воқеалар билан изоҳлади. У аввал бу мавзу Арманистон ва Россия расмийлари томонидан очиқ муҳокама қилинмаганини ҳам қўшимча қилди.
Маълумот учун, Гумри ва Ереванда жойлашган Россиянинг 102-ҳарбий базаси шартнома асосида ташкил этилган. 2010-йилда ушбу келишув 2044-йилгача узайтирилган. База Арманистонга ташқаридан бўладиган таҳдидларни қайтариши керак.
**Москва муносабати**
Сентябр ойида Россия Президенти Владимир Путин базанинг қолиши ёки кўчирилиши Ереван қарорига боғлиқлигини айтган эди.
“Биз ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбурламаймиз. Агар Арманистон халқи Россия ҳарбий иштирокини хоҳласа, қоламиз. Агар керак эмас деб топса, эртагаёқ чиқиб кетамиз”, деган эди Путин.
Май ойида Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу базани ёпиш учун ҳеч қандай асос кўрмаётганини билдирганди. 2026-йил бошида эса Пашиняннинг ўзи ҳам, Арманистон парламенти собиқ спикери Ален Симонян ҳам 102-ҳарбий базани чиқариб юбориш режаси йўқлигини ва Ереван Москва билан яқин ҳамкор эканини таъкидлаган эди.
Аввалроқ Россия таъмирлаш баҳонасида Арманистонга газ экспортини тўхтатган эди. Бу ҳолат икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатлар ёмонлашган бир пайтда юзага келди.

