АҚШ Президенти ва давлат котиби стратегик шерикликни янада ривожлантириш устуворликларини муҳокама қилдилар
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга «С5+1» форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Америка-Ўзбекистон бизнес ва инвестициялар кенгашининг иккинчи мажлисида иштирок этиш учун келган АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашув ўтказди.

АКШ Президенти ва давлат котиби стратегик шерикликни янада ривожлантириш устуворликларини муҳокама қилдилар
Учрашув бошида Марко Рубио давлат раҳбарига АКШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломлари ва энг эзгу тилакларини етказди.
Асосий эътибор Ўзбекистон-АКШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ва олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга оширишга қаратилди.
«С5+1» форматидаги навбатдаги вазирлар учрашувининг иши юқори баҳоланди, бу учрашув АКШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорликни яна бир бор тасдиқлади.
Асосий йўналишларда — сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновациялар ва технологиялар, таълим ва маданият соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат парламентлари ва идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ва конструктив мулоқот йўлга қўйилган, шунингдек, ишбилармон доиралар ва академик ҳамжамият ўртасидаги алоқалар кенгаймоқда.
Хавфсизлик соҳасидаги, энг аввало, терроризм, экстремизм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон ва АКШ ўртасида Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг йўлга қўйилиши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Унинг биринчи йиғилиши якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар, жумладан, коинотни тинч мақсадларда ўзлаштириш соҳасидаги Артемида келишувлари имзоланди.
Иқтисодий ҳамкорлик илгаригидек стратегик шерикликнинг асосий устунларидан бири бўлиб қолмоқда. Йил бошидан буён товар айланмаси 35 фоизга ортди. Иқтисодий ҳамкорлик дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда, ушбу дастур доирасида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кон-руда саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия секторида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

