Андижондаги трикотаж корхонасида сунъий интеллект ва роботлар ишлатилмоқда
Президент Андижон туманидаги сунъий интеллектли тикув дастгоҳлари ўрнатилган корхона фаолияти билан танишди

Андижондаги трикотаж корхонасида сунъий интеллект ва роботлар қўлланмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган «Эсо Соттон» корхонаси фаолияти билан танишди.
Қайд этилишича, лойиҳа давлат раҳбарининг 2026-йил 29-июндаги пахта толасини чуқур қайта ишлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори ижроси доирасида амалга оширилган. Корхонада маҳаллий хомашёдан экологик тоза ва халқаро стандартларга мос тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички ҳамда ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.
Тадбиркор лойиҳа учун 10 млн доллар сармоя киритган. Шу орқали 1 мингта доимий иш ўрни яратилган. Корхона тўлиқ қувватда ишлаганда давлат буджетига йилига 25 млрд сўм тушум келтириши белгиланган.
Корхонада ходимлар малакасини ошириш мақсадида дуал таълим тизими йўлга қўйилган. Ёшлар назарий билимларни ишлаб чиқаришдаги амалиёт билан бирга ўзлаштирмоқда.
Ишлаб чиқариш жараёнида Хитойнинг етакчи компанияларидан бирига тегишли автоматлаштирилган конвеер ускуналари ўрнатилган. Барча жараёнлар рақамли бошқарув тизими орқали назорат қилинади.
Корхонада сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган тикув дастгоҳлари ҳам бор. Тизим мато турига қараб тикув жараёнини реал вақтда автоматик созлайди, чокларнинг аниқ ва нуқсонсиз бажарилишини таъминлайди. Гуманоид роботлар эса синов тариқасида ишлатилмоқда.
«Эсо Соттон» йилига 30 турдаги 9,4 млн дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Уларнинг умумий қиймати 135,3 млрд сўмни ташкил этади.
Корхона маҳсулотлари рақобатбардош таннарх ва сифат кўрсаткичлари ҳисобига Туркия, Ветнам, Хитой ва Ҳиндистон ишлаб чиқарувчилари билан рақобатлаша олиши айтилган. Йиллик экспорт салоҳияти 10,5 млн долларга баҳоланган.
Ҳозирда Андижонда тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Руминия ва Молдова бозорларига етказиб берилмоқда. Корхонада ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш ва уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

