Маҳаллий

Электротехника корхоналарига мис хариди учун 50 млн доллар ажратилади

Электротехника корхоналарига мис хариди учун 50 млн доллар ажратилади

Электротехника корхоналарида мис харидига доир янги молиявий механизм жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев танишган электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича тақдимотда маълум қилинди.

Сўнгги йилларда электротехника тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми 2018-йилдаги 4,7 трлн сўмдан 43,1 трлн сўмга етгани, экспорт эса 1 млрд доллардан ошгани қайд этилди. Ҳозирда Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари 65 та давлатга етказиб берилмоқда.

Тармоқда маҳсулотлар таркиби ҳам ўзгараётгани таъкидланди. Мисдан тайёрланаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва экспорти ошгани, паст қийматли маҳсулотлар улуши эса камайгани айтилди.

Маиший техника бўйича ички талабнинг 80 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қопланаётгани, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи экспорт қилинаётгани маълум қилинди.

Қуёш панеллари, юқори кучланишли кабеллар, электромобилларни қувватлаш стансиялари, вакуум ўчиргичлар, юқори кучланишли ажратгичлар, иссиқлик насослари каби юзлаб янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилгани билдирилди.

Жорий йилнинг етти ойида тармоқда 30 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани, 706 млн долларлик экспорт таъминлангани қайд этилди. 148 млн долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,2 мингта иш ўрни яратилгани айтилди.

Йил якунигача 51 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 1,6 млрд долларга етказиш, 420 млн долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси белгиланган.

Тақдимотда 2030-йилгача электротехника ва унга ёндош саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 млрд долларга, экспортни 5 млрд долларга етказиш, 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш, мисга қўшилган қийматни 35 фоизга олиб чиқиш режалари кўриб чиқилди.

Бунинг учун мамлакатда зарур хомашё базаси ва бозор мавжуд экани билдирилди. Йилига 150 минг тоннадан ортиқ мис катоди ишлаб чиқарилаётгани, янги қувватлар ҳисобига мазкур кўрсаткич 300 минг тоннага етказилиши топширилгани айтилди.

Шунингдек, 15 гигаватт қуёш ва шамол электр стансияларини ишга тушириш режалаштирилгани, бу электротехника маҳсулотлари учун йилига 500 млн долларлик буюртма бозорини шакллантириши таъкидланди.

Айрим корхоналарда айланма маблағ учун кредит олишда гаров таъминоти етишмаётгани, мис хомашёсини биржа орқали харид қилишда қулай молиявий инструментлар талаб этилаётгани, йирик халқаро брендларни жалб этиш учун кафолатланган механизмларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Аҳоли уй-жойлари қурилиши ортиб бораётгани ҳам электротехника маҳсулотларига талабни ошираётгани билдирилди.

Шу муносабат билан тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар таклиф этилди. Жумладан, мис хомашёсини харид қилишда тўловнинг 25 фоизини корхоналар, қолган 75 фоизини “Ўзсаноатекспорт” АЖ амалга оширади.

Корхоналар ушбу маблағни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача ставкада қайтаради. Бу мақсадлар учун 50 млн доллар ресурс йўналтирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда беш йилда корхоналарнинг асосий капиталга инвестицияси 3 карра кўпайиб, 363 трлн сўмга етгани ҳақида хабар берилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.