Электротехника саноати корхоналари учун солиқ ва божхона имтиёзлари муддати узайтирилади
Экспортни кенгайтириш мақсадида хорижий бозорларда савдо омборлари ташкил этиш, маҳсулотларни сертификатлаш ва ташқи бозорларга чиқариш

**Электротехника саноати корхоналари учун солиқ ва божхона имтиёзлари муддати узайтирилади**
Президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда электротехника тармоғини ривожлантириш, қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Натижада соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 2018-йилдаги 4,7 триллион сўмдан 43,1 триллион сўмга ошди, экспорт эса 1 миллиард доллардан юқори бўлди. Ҳозирда Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари 65 та давлатга етказиб берилмоқда.
Тармоқда маҳсулотлар таркиби ҳам ўзгариб бормоқда. Мисдан тайёрланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариши ва экспорти кўпайди, паст қийматли маҳсулотлар улуши эса анча қисқарди. Маиший техника бўйича ички талабнинг 80 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қопланмоқда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи экспорт қилинмоқда. Қуёш панеллари, юқори кучланишли кабеллар, электромобилларни қувватлаш стансиялари, вакуум ўчиргичлар, юқори кучланишли ажратгичлар, иссиқлик насослари каби юзлаб янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилди.
Жорий йилнинг етти ойида тармоқда 30 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 706 миллион долларлик экспорт таъминланди. 148 миллион долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,2 мингта иш ўрни яратилди. Йил охиригача 51 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 1,6 миллиард долларга етказиш, 420 миллион долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси белгиланган.
Тақдимотда 2030-йилгача электротехника ва унга ёндош саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш, 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, мисга қўшилган қийматни 35 фоизга олиб чиқиш режалари кўриб чиқилди.
Бунинг учун юртимизда зарур хомашё базаси ва бозор мавжуд. Йилига 150 минг тоннадан ортиқ мис катоди ишлаб чиқарилмоқда, янги қувватлар ҳисобига бу кўрсаткич 300 минг тоннага етказилади. Шунингдек, 15 гигаватт қуёш ва шамол электр стансияларини ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бу электротехника маҳсулотлари учун йилига 500 миллион долларлик буюртма бозорини шакллантиради.
Шу билан бирга, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд. Айрим корхоналарда айланма маблағ учун кредит олишда гаров таъминоти етишмаяпти, мис хомашёсини биржа орқали харид қилишда қулай молиявий инструментларга эҳтиёж бор, йирик халқаро брендларни жалб этиш учун кафолатланган механизмларни кенгайтириш зарур. Аҳоли уй-жойлари қурилишининг ортиб бораётгани ҳам электротехника маҳсулотларига талабни оширмоқда.
Шу муносабат билан тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар таклиф этилди. Жумладан, мис хомашёсини харид қилишда тўловнинг 25 фоизини корхоналар, қолган 75 фоизини “Ўзсаноатекспорт” АЖ амалга оширади. Корхоналар ушбу маблағни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача ставкада қайтаради. Бу мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс йўналтирилади.
Эндиликда кредитлар бўйича экспорт шартномалари, суғурта полислари каби бошқа таъминот турларини ҳам қабул қилиш имконияти яратилади. Инвестиция лойиҳаларига миллий ва хорижий валютада ажратилган кредитларнинг бир қисми уч йил давомида қоплаб берилади.
Камида 50 миллион доллар сармоя киритадиган йирик халқаро бренд компанияларига солиқ имтиёзлари берилиб, инфратузилмага эга тайёр бинолар таклиф этилди. Электротехника саноати корхоналари учун солиқ ва божхона имтиёзлари муддатини 2030 йилгача узайтириш, ёндош маҳаллий саноат корхоналарини ҳам қўллаб-қувватлаш назарда тутилмоқда.
Экспортни кенгайтириш мақсадида хорижий бозорларда савдо омборлари ташкил этиш, маҳсулотларни сертификатлаш ва ташқи бозорларга чиқариш жараёнларини енгиллаштириш бўйича чоралар кўрилади. Шунингдек, Афғонистон, Мўғулистон, Қозоғистон ва Ироқ бозорларига комплекс технологик ечимлар экспортини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Тармоқда инновация ва илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш учун Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновация марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Марказ янги маҳсулотларни рақамли моделлаштириш, синовдан ўтказиш, маҳаллийлаштириш, прототиплар тайёрлаш ва корхоналарга инжиниринг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.
Президентимиз мутасаддиларга электротехника саноатида қўшилган қийматни ошириш, юқори технологик маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, маҳаллий корхоналарни глобал қиймат занжирларига олиб кириш бўйича топшириқлар берди.

