Андижондаги балиқчилик мажмуаси йилига 2 млн долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда

Андижондаги балиқчилик мажмуаси йилига 2 млн долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда
Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги Чинобод реал бизнес корхонасининг балиқ етиштириш лойиҳаси билан танишди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 30 млрд сўмни ташкил этади. Корхонада 30 та иш ўрни яратилган.
Икки гектар майдондаги замонавий мажмуада йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 млн дона балиқ чавоғи етиштирилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 50 млрд сўмни ташкил этади.
Мажмуада икки миллион литр ҳажмдаги сувни табиий усулда тозалаш имконини берувчи лаборатория ҳам ташкил этилган. Унда сув сифатини яхшилайдиган хлорелла сув ўти етиштирилади. Ушбу экологик тоза тизим балиқ етиштириш самарадорлигини яна 15-20 фоизга оширишга хизмат қилади.
Корхонанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қуёш панеллари ҳисобидан тўлиқ қопланади. Балиқ етиштириладиган ҳовузлардан чиққан фосфор, аммиак ва калсий каби табиий моддаларга бой сув ҳам исроф қилинмай, экинларни суғоришга йўналтирилади. Шу тариқа мажмуада ресурслардан қайта фойдаланишнинг яхлит тизими яратилган.
Корхона Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга йилига 2 млн дона форел чавоғи экспорт қилади. Йиллик экспорт ҳажми 2 млн доллар, буджетга тушум эса 5 млрд сўмни ташкил этади.
Лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Балиқчи туманидаги Сарвул маҳалласида 20 та хонадон корхона билан кооперация асосида форел етиштириб, қўшимча даромад олмоқда.
Мажмуада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳам йўлга қўйилган. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда “Балиқчилик ва паррандачилик амалиёт маркази” ташкил этилган. Бу ерда талабалар назарий билимларини ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаб, амалий кўникма орттирмоқда.
Давлат раҳбари бундай юқори самарали лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Мутасаддиларга кичик майдонларда интенсив усулларни қўллаш орқали маҳсулот ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича ушбу тажрибани кенг оммалаштириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

