Балиқчида халқаро стандартларга мос спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда
Мазкур лойиҳа давлат раҳбарининг жорий йил 24-мартдаги спорт соҳасига тадбиркорлик субьектларини жалб қилишни кенгайтиришга доир қарори асосида амалга оширилган.

Балиқчида халқаро стандартларга мос спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги “ЛБ Спорт” корхонаси фаолияти билан танишди.
«Мамлакатимизда спорт индустриясини ривожлантириш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда импорт ўрнини босадиган, халқаро стандартларга мос сифатли спорт анжомлари ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга.
“ЛБ Спорт” спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи етакчи маҳаллий корхоналардан биридир. Корхона 20 дан ортиқ спорт федерацияси билан ҳамкорлик қилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ушбу лойиҳа давлат раҳбарининг жорий йил 24-мартдаги спорт соҳасига тадбиркорлик субьектларини жалб қилишни кенгайтиришга доир қарори асосида амалга оширилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллиард сўмни ташкил этади ва у тўлиқ тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Корхонада 18 та спорт тури бўйича 65 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йилига 500 минг дона, жами қиймати 75 миллиард сўм бўлган спорт анжомлари тайёрланади.
Маҳсулотлар сифати билан хориждаги муқобилларига рақобат қила олади, нархи эса нисбатан арзон. Улар Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа давлатларига экспорт қилинмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил этади.
Корхона фаолиятида аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Балиқчи туманидаги 800 та кам даромадли оила билан касаначилик асосида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Касаначиларнинг 90 фоизини аёллар ташкил этади, 65 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Мазкур тизим аҳолига ўз хонадонида меҳнат қилиб, барқарор даромад олиш имконини бермоқда.
Корхонада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилган. Тумандаги 1- ва 2-сон техникумларнинг 100 нафар ўқувчиси дуал таълим асосида ўқитилмоқда. Улар назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамламоқда.

