Андижонда паррандачилик соҳасида 10 миллион долларлик янги лойиҳалар ишга туширилади

Андижонда паррандачилик соҳасида 10 миллион долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда
Андижон вилоятига ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги «Сокин савдо сервис» паррандачилик кластери фаолияти билан танишди.
Парранда гўшти парҳезбоплиги ва ҳамёнбоплиги билан аҳоли рационида муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистонда йирик паррандачилик мажмуаларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2010 йилда ташкил этилган «Сокин савдо сервис» корхонаси бугунги кунда Андижон вилоятидаги 5 та ва Наманган вилоятидаги 3 та паррандачилик хўжалигини бирлаштирган бўлиб, улар учун омихта ем Тошкент вилоятидаги заводда ишлаб чиқарилади.
Кластерда ем ишлаб чиқариш, парранда боқиш, сўйиш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб беришни ўз ичига олган тўлиқ ишлаб чиқариш цикли йўлга қўйилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллион долларни ташкил этади, корхонада 417 та иш ўрни яратилган. Ҳозирда бу ерда 1,5 миллион бош бройлер жўжаси боқилмоқда. Қувватлар йилига 8,2 миллион бош бройлер етиштириш ва 20,6 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш имконини беради. Мажмуа йилига 55 минг тонна товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотларни «Ҳалол», HACCP ва ISO стандартлари асосида қайта ишлаш имкониятига эга.
Жорий йил бошидан буён кластерда наслчилик йўналиши ривожлантирилмоқда: 25 минг бош она товуқдан йилига 9 миллион дона тухум олиниб, улардан 7,6 миллион бош бройлер жўжаси очириш режалаштирилган. 2027 йил якунига қадар корхонада чиқиндиларни қайта ишлаш линиясини ишга тушириш ва паррандаларни кўп ярусли қафас тизимида боқишни жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, бу мақсадларга 10 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, ҳудуддаги бўш турган ва қийинчиликларга дуч келаётган хўжаликларни ягона кооперация тизимига бирлаштириш таклиф этилди, бу эса 350 тадан 400 тагача иш ўрнини тиклаш ва қўшимча равишда 1,7 миллион бош парранда етиштириш имконини беради.

