Маҳаллий

Андижон техника институти трансформация қилинади

Андижон техника институти қайта шакллантирилади

Андижонни Фарғона водийсининг муҳандислик кадрлари марказига айлантириш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда президент раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилаётган йиғилишда айтиб ўтилди.

Вилоятдаги 12 та олийгоҳда 95 минг талаба, 59 та техникумда эса 60 минг ёш таҳсил олаётгани қайд этилди. Бу салоҳиятни ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлаш зарурлиги таъкидланди.

“Ипак йўли” саноат зонасида инвестор техникум очиб, ўқувчиларга таълим билан бирга стипендия ва иш ҳам бераётгани ижобий тажриба сифатида алоҳида қайд этилди.

Олийгоҳ ва техникумларнинг амалий кафедраларини 46 та саноат зонаси ҳамда 56 та йирик корхона ҳудудига кўчириш, енгил конструксияли ўқув хоналарини ташкил этиш ва йил якунигача дуал таълимни камида 80 фоизга етказиш топширилди.

Қарийб 7,5 млрд долларлик янги лойиҳалар энергетика, гидротехника, электроника, машинасозлик, ахборот технологиялари ва логистика йўналишларида муҳандисларга бўлган талабни оширади.

Шу сабаб Андижон техника институти трансформация қилинади. Хорижлик менежер ва профессор-ўқитувчилар жалб этилиб, таълим дастурлари ҳамда йўналишлари янгиланади.

Институтда алоҳида дизайнерлик факултети очилиб, у дуал таълим асосида саноат корхоналарига бириктирилади. Бунинг учун 25 млрд сўм ажратилади.

Саноат ўсиши билан энергияга талаб ҳам ортиб бораётгани, вилоятдан ўтган дарё ва каналлар бу борада катта захира экани таъкидланди.

Андижоннинг гидроенергетика салоҳияти 200 мегаваттни ташкил этади. Бу йилига 500 млн киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Ҳозирнинг ўзида умумий қуввати 44 мегаватт бўлган кичик ва микро ГЕСлар қуришга 400 нафар талабгор бор. ГЕС турбиналарини ишлаб чиқариш ҳам вилоятнинг ўзида йўлга қўйилган.

Икки йиллик дастур асосида микро ГЕСларни тайёр ҳолда қуриб, тадбиркорларга лизингга беришни бошлаш, қулай молиявий механизмларни жорий этиш топширилди. Бетонлаштирилиши режалаштирилган 81 километр каналларда ГЕСлар каскадини қуриш кўзда тутилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.