Андижон вилоятида корхоналар самарадорлиги ҳар бир квадрат метрдан олинадиган фойдага қараб баҳоланади

Андижон вилоятида корхоналар самарадорлиги ҳар бир квадрат метрдан олинадиган фойдага қараб баҳоланади
Андижон вилоятида саноат майдонларини нафақат жалб қилинган инвестициялар ҳажми, балки фойдаланилаётган ҳудуднинг иқтисодий самарадорлигига қараб ҳам баҳолаш режалаштирилмоқда. Хусусан, ҳар бир квадрат метрда қанча қўшилган қиймат яратилаётгани ҳисобга олинади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда маълум бўлди.
Биринчи ярим йилликда вилоят иқтисодиёти 8,8 фоизга, саноат — 9,2 фоизга, хизматлар — 16,1 фоизга, инвестициялар эса 8,9 фоизга ўсди.
Андижон чекланган ер ва табиий ресурсларга эга экани таъкидланди. Шу билан бирга, унинг афзалликлари қаторида фаол аҳоли, тадбиркорлик руҳи, ёшларнинг кўплиги, саноат мактаби ва йирик бозор тилга олинди.
Сўнгги ўн йилда республика бюджетидан вилоятга 20 триллион сўм йўналтирилди, банклар эса тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 90 триллион сўм ажратди. Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм йўналтирилди. Шу муносабат билан берилган ваколат ва молиявий имкониятлар тегишли натижа бериши кераклиги қайд этилди.
Ривожланиш йўналишларидан бири Асака бўлади. Бу ерда автомобилсозлик ва машинасозлик соҳасидаги 30 йиллик тажрибадан фойдаланиб, ўз технологияларини яратиш вазифаси қўйилди. «Асака муҳандислик водийси»ни ташкил этиш ҳамда дастурий маҳсулотлар, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш режалаштирилган.
Ҳозирда вилоятда 10 минг нафар талаба муҳандислик, энергетика, саноат ва ахборот технологиялари йўналишларида таҳсил олмоқда. Уларнинг ғояларини тайёр маҳсулотга айлантириш учун тадқиқот ва ишланмалар марказларини ривожлантириш таклиф этилди.
Тўқимачилик саноатида ҳам қўшимча салоҳият кўрилмоқда. Йиғилишда таъкидланганидек, европалик дизайнер, конструктор ва брендларни жалб этиш мавжуд қувватлардан самаралироқ фойдаланиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш ва тармоқ экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш имконини беради.
Шу муносабат билан вилоятда инвестиция самарадорлигини баҳолашнинг янги мезони — ҳар бир квадрат метрда яратиладиган қўшилган қиймат ҳажми қўлланилади.

