Иқтисодиёт

Америкалик инвестор Қашқадарёда сабзавотларни қайта ишлаш заводини кенгайтирмоқчи

АҚШнинг Восуне Интернатионал компанияси Қашқадарёда мева-сабзавотни қайта ишлашга инвестицияларни $50 млнгача оширмоқчи. Корхона кенгайтирилгач, йилига 100 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаб, тайёр ингредиентларни АҚШ, Европа ва Осиё ҳамда Нестлé, Марс компанияларига етказиб беришни режалаштирмоқда.

Америкалик инвестор Қашқадарёда сабзавотларни қайта ишлаш заводини кенгайтиришни кўзламоқда

Американинг Восуне Интернатионал компанияси Қашқадарё вилоятида мева-сабзавотни қайта ишлашга йўналтирилган инвестициялар ҳажмини 50 млн долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания вакили 21-октабр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги Восуне Фоод Ингредиенц Карши корхонасига ташрифи вақтида маълум қилди.

Озиқ-овқат саноати учун ингредиентлар ишлаб чиқарувчи ушбу корхонага дастлаб 8,5 млн доллар сармоя киритилган. Инвестор айтишича, лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, умумий инвестиция ҳажми 50 млн долларни ташкил этади.

“Сабзавотларни сувсизлантириш орқали халқаро бозор талабларига жавоб берадиган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз АҚШ, Индонезия ва Европа мамлакатларига, жумладан, Нестлé ва Марс каби йирик халқаро компанияларга етказиб беришга мўлжалланган”, — деди у.

Заводда сабзи, булғор қалампири, ошқовоқ, олма, кўк пиёз, исмалоқ ва турли хил кўкатлар қайта ишланади. Олинган ингредиентлар тез тайёрланадиган лағмон ва шўрвалар, зираворлар, консерва ҳамда косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Бунинг учун маҳсулотларнинг табиий таъми ва озуқавий хусусиятларини сақлаб қолишга имкон берадиган конвексион ускуналар қўлланилади. Ишлаб чиқариш жараёнларининг қарийб 30 фоизи роботлаштирилган. Корхонада 150 та доимий иш ўрни яратилган.

Ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ ишга тушгач, завод бир суткада 310 тоннагача хомашёни қайта ишлаши мумкин. Инвестор ҳисоб-китобига кўра, йиллик айланма 40 млн долларга етади.

Президент матбуот хизмати хабарида эса бу сумма режалаштирилган йиллик экспорт ҳажми сифатида келтирилган. Кутилаётган харидорлар орасида Нестлé ва Пурина халқаро брендлари ҳам борлиги қайд этилган. Тузилган шартномалар ва келишилган етказиб бериш ҳажмлари ҳақида маълумот берилмаган.

Телелавҳада корхонанинг дастлабки экспорт мақсади 20 млн доллар экани, 2029-йилга бориб хорижга етказиб бериш ҳажмини 45 млн долларгача ошириш режалаштирилаётгани ҳам айтилди.

Америка компанияси вакили лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон танланганининг учта сабабини санаб ўтди: иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатнинг географик жойлашуви ва Қашқадарё вилоятининг қишлоқ хўжалиги салоҳияти.

“Ўзбекистоннинг географик жойлашуви халқаро бозорларга чиқишда муҳим устунлик беради. Маҳсулотларимизни икки ҳафтадан кам вақт ичида Гамбург портига етказиш, Истанбул орқали эса бошқа бозорларга чиқиш имконияти мавжуд”, — деди у.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, корхона ҳозирнинг ўзида Россия, Европа ва МДҲ мамлакатларига маҳсулот экспорт қилмоқда.

Заводга ташриф чоғида корхонани маҳаллий хомашё билан таъминлаш ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Ўруновнинг таъкидлашича, қайта ишлаш корхонаси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, жумладан, одатий бозорда сотилмай қолган маҳсулотлардан ҳам қўшимча даромад олиш имконини беради.

“Учта асосий манфаатлилик томони бор бу лойиҳанинг. Биринчиси, бу фермерларимиз учун, деҳқонларимиз учун қўшимча даромад. Чунки бозорга чиқмайдиган маҳсулотини бу ерга сотганидан кейин қўшимча даромад олади. Иккинчиси, бу ерда қайта ишлаш ўзи ташкил қилиниб, маҳаллий аҳолимиз иш билан таъминланади. Ва энг яна бир муҳим тарафи, шу маҳсулотларни қайта ишлангандан чиқадиган тайёр маҳсулотни, сабзини қайта ишлаш орқали, пиёзни қайта ишлаш орқали, булғор қалампирини қайта ишлаш орқали, бизга уларни Америка бозорига, Европа бозорига, Жануби-Шарқий Осиё бозорига, бу Сингапур, Индонезия, Ветнамга экспорт қилиш имкониятини беради”, — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Қашқадарё вилояти қарийб 130 млн долларлик мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Тақдим этилган ҳисоб-китобга кўра, мамлакат миқёсида шунга ўхшаш қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 200 млн долларлик қўшимча экспорт яратиш мумкин.

Муҳокама давомида Мирзиёев 30 минг гектар майдонда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш вазифасини белгилади. Вилоят ва туман ҳокимликлари мавжуд ер имкониятларини ўрганиб, истиқболли ер майдонларини аниқлаши, уларни қайта ишлаш корхоналари билан ҳамкорликда ишга солиш бўйича таклифлар тайёрлаши керак.

Президент фермерлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, уларни аванс тўловлари орқали қўллаб-қувватлаш ва йилига икки-уч марта ҳосил олиш учун шароит яратиш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Шунингдек, сув таъминотини яхшилаш, насос ускуналарини ўрнатиш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Мирзиёевнинг айтишича, тегишли қарор бир ой ичида тайёрланиши керак. У ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиқишни топширди.

Президент матбуот хизматининг расмий хабарида заводни хомашё билан таъминлаш учун 3500 гектар майдонда мева-сабзавот етиштириш назарда тутилгани айтилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.