Қашқадарёда 6 млрд долларлик лойиҳаларга старт берилди
Президентнинг Қашқадарёга ташрифида 69 та лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди. Хусусан, Италия бренди – трикотаж ишлаб чиқариш, АҚШлик ҳамкорлар – мева-сабзавотни қайта ишлаш, хитойлик инвесторлар эса чиқиндидан ток ишлаб чиқарадиган заводни ташкил этмоқда. Россиялик инвесторлар билан Шаҳрисабзда 300 млн долларлик дор йўли, меҳмонхона ва тоғ-чанғи курорти қурилади.

Қашқадарёда 6 млрд долларлик лойиҳалар йўлга қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида қатнашди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги беш йил ичида вилоятга 20 триллион сўм йўналтирилди ва 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган минглаб лойиҳалар амалга оширилди, аҳоли жон бошига даромад уч баравар ошди.
“Энди етиштирилган маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, воҳа аҳолисининг муносиб даромад топишига шароит яратиш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда умумий қиймати 6 миллиард доллардан ошадиган 161 та лойиҳа тайёрланди. Маросимда 69 та лойиҳа ишга туширилди, яна 92 тасининг қурилишига старт берилди.
Ишга туширилаётган 28 та саноат корхонасида қарийб 7 мингта доимий иш ўрни яратилмоқда. Италиянинг “Сотонелла” бренди йилига 8,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Косон, Миришкор ва Касби туманларида тўқимачилик йўналишида яна 14 та лойиҳа бошланмоқда. Улар ҳисобидан 18 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда ҳам янги қувватлар барпо этилмоқда. АҚШлик ҳамкорлар иштирокидаги “Восуне Фоод Ингредиенц Карши” корхонаси 3,5 минг гектар майдонда етиштириладиган 100 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлайди. Унинг 40 миллион долларлик маҳсулоти “Нестлé” ва “Пурина” каби халқаро брендлар учун экспортга йўналтирилиши режалаштирилган. Миср ва Покистон инвесторлари эса Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерни ўзлаштириб, картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини бошламоқда.
Оқсув дарёсида умумий қуввати 24 МВ бўлган учта гидроелектр стансияси ишга туширилди. Қарши туманида Хитойнинг “Шангҳаи СУС” компанияси иштирокида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган 150 миллион долларлик заводни йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, Китоб, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида умумий қуввати 58 мегаватт бўлган тўққизта микроГЕС барпо этилади.

