Қашқадарёда кимё саноати маҳсулотлари экспорти 4 бараварга ошди
Қашқадарё вилоятида кимё саноатини ривожлантириш истиқболлари ўрганилди. Таҳлил натижалари ҳудудда ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши, экспорт бозорларининг кенгайиши ҳамда маҳаллий хомашё асосида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.

**Қашқадарёда кимё саноати маҳсулотлари экспорти 4 бараварга ошди**
### Ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари
2025 йилда Қашқадарё вилоятида 150 та корхона томонидан 2,7 трлн сўмлик кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 193,6 фоизга ошган. Жумладан, Шўртан газ-кимё мажмуасида 1,8 трлн сўмлик полиетилен маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Маҳсулотлар таркибида калий хлорид ишлаб чиқариш ҳажми 822 млрд сўм, лак-бўёқ маҳсулотлари 28 млрд сўм, мойлаш материаллари 25 млрд сўм, ювиш воситалари 10 млрд сўм, кислород 3 млрд сўм ва спирт 1,5 млрд сўмни ташкил этди.
Кимё саноати корхоналари сони бўйича Қарши шаҳри 35 та, Китоб тумани 25 та, Яккабоғ тумани ва Шаҳрисабз шаҳри 13 тадан, Муборак ва Шаҳрисабз туманлари 12 тадан, Косон тумани эса 10 та корхона билан ажралиб туради.
Ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича пластмасса плиталар, тасмалар ва қувурлар ишлаб чиқарувчи 27 та, совун, ювиш воситалари ва тозалаш препаратлари ишлаб чиқарувчи 23 та, бўёқлар, лаклар ва мастикалар ишлаб чиқарувчи 19 та корхона фаолият юритмоқда.
Соҳада 6,4 минг нафар аҳоли банд. Бандликнинг 56 фоизи Шўртан газ-кимё мажмуаси, 32 фоизи Деҳқонобод калий заводи ҳиссасига тўғри келади. Бир ходимга тўғри келадиган меҳнат унумдорлиги 422 млн сўмни ташкил этиб, Деҳқонобод калий заводида 294,9 млн сўм, Шўртан газ-кимё мажмуасида эса 1,06 млрд сўмга етган.
2025 йилда вилоят кимё саноати маҳсулотлари экспорти 46 млн долларга етиб, 2024 йилга нисбатан 4 бараварга ошди.
Экспорт таркибида нефт маҳсулотлари, минерал ўғитлар, кимёвий тузлар, елим, лак-бўёқлар, ювиш воситалари, косметика ва парфюмерия маҳсулотлари ўрин олган.
Асосий экспорт бозорлари Хитой (69 фоиз), Япония (8,5 фоиз), Туркия (8,2 фоиз), Аргентина (7,1 фоиз) ва Латвия (5 фоиз) ҳисобланади.
2030 йилгача янги турдаги калий бирикмалари, суюқ минерал ўғитлар, маиший кимё воситалари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига экспорт ҳажмини 100 млн долларга етказиш, шунингдек, Марказий Осиё ва Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш кутилмоқда.
### Ички бозор ва ишлаб чиқариш имкониятлари
2025 йилда Қашқадарё вилоятида кимё маҳсулотларига бўлган умумий талаб 6,6 трлн сўмни ташкил этди. Шундан қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари эҳтиёжи 5 трлн сўм, аҳоли талаби эса 1,6 трлн сўмга тенг бўлган.
Маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига ушбу талабнинг 68 фоизи таъминланмоқда.
Прогнозларга кўра, вилоятда кимё маҳсулотларига йиллик талаб 2030 йилда 9 трлн сўмга, 2035 йилга бориб эса 12 трлн сўмдан ортиқ даражага етиши кутилмоқда.
Қишлоқ хўжалигининг минерал ўғитларга йиллик эҳтиёжи 216 минг тонна атрофида баҳоланмоқда. Жумладан, азотли ўғитларга талаб 152 минг тонна, фосфорли ўғитларга 51 минг тонна ва калийли ўғитларга 13 минг тоннани ташкил этади.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига йиллик талаб 270 тонна, жумладан, гербицидларга 222 тонна, фунгицидларга 26 тонна ва инсектицидларга 22 тонна миқдорида баҳоланган.
Мазкур кўрсаткичлар маҳаллий кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги турдаги ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ўзлаштириш учун бозор имкониятларини кўрсатади.
### Маҳаллий хомашё захиралари
Қашқадарё вилояти кимё саноатини ривожлантириш учун йирик минерал-хомашё базасига эга.
Ҳудудда 194 та норуда фойдали қазилмалар кони рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 163 таси ўзлаштирилган. Жумладан, 42 та конда ғишт хомашёси, 3 та конда гипс, 3 та конда бентонит гиллари, 2 та конда пегматит, 4 та конда семент хомашёси, 1 та конда чинни буюмлар учун хомашё, 7 та конда шиша хомашёси ва 101 та конда қурилиш тошлари ҳамда бошқа норуда материаллар қазиб олинмоқда.
Кимё саноати учун аҳамиятли асосий захиралар Деҳқонобод туманида жойлашган. Ушбу ҳудудда 49,5 млн тонна калий тузлари, 1,3 млрд тонна минерал тузлар, 200 минг тонна бром ва 9 млн тонна бентонит гиллари захиралари мавжуд.
Ушбу ресурслар калийли ўғитлар, калий гидроксиди, калий хлорид, хлор-ишқор маҳсулотлари, техник туз, бромли реагентлар ва бурғулаш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконини беради.
Ҳисоб-китобларга кўра, йилига 1 млн тонна тузни саноат усулида қайта ишлаш орқали 570 минг тонна каустик сода, 500 минг тонна хлор ҳамда 1 млн тоннадан ортиқ ПВХ маҳсулотларини қамраб олувчи ишлаб чиқариш занжирини ташкил этиш мумкин.
Шунингдек, Қамаши туманида 23,5 млн тонна доломит, Яккабоғ туманида 2 млн тонна кварс қумлари, Китоб туманида 39,5 млн тонна оҳактош ва 2,5 млн куб метр мармар ҳамда мармар оҳактош захиралари мавжуд.
Мазкур хомашёлар шиша саноати, силикат кимёси, қурилиш кимёси ва минерал тўлдирувчилар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
### Инвестиция лойиҳалари ва янги иш ўринлари
Қашқадарё вилоятида кимё саноатини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 2 млрд 762 млн доллар бўлган 28 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилди.
Улардан 5 таси 2 млрд 128 млн долларлик тармоқ лойиҳалари, 23 таси эса 634 млн долларлик ҳудудий лойиҳалар ҳисобланади.
Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 20 дан ортиқ янги турдаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Кутилаётган натижаларга кўра, йилига қўшимча 2,5 трлн сўмлик юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 100 млн доллардан ортиқ экспорт ҳажмини таъминлаш ва 1 600 та янги иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Жумладан, Муборак туманида Муборак инновацион саноат зонасини ташкил этиш доирасида 10 та инвестиция лойиҳаси, шу жумладан, 7 та ўрта ва 3 та йирик лойиҳа ишлаб чиқилган.
Йирик лойиҳалар қаторида 110 млн долларлик шиша толаси ва композит материаллар, 100 млн долларлик ПЕТ толалари ва иплар, шунингдек, 40 млн долларлик тўлиқ сиклли нотўқима материаллар ишлаб чиқариш лойиҳалари мавжуд.
Ўрта лойиҳалар доирасида СНФ суперпластификатори, эпоксид лак-бўёқ материаллари, реактив бўёқлар, БОПЕТ плёнка, ПВХ асосида кабел пластикати ва тиббий трубкалар, СПВС листлар, ПВХ герметиклар ҳамда термоқисқарувчи плёнкалар ишлаб чиқариш назарда тутилган.
Вилоятнинг энергетика базаси ҳам янги саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун имконият яратади. 2024 йилда электр стансияларининг ўрнатилган қуввати 2 295 МВт ни ташкил этган бўлиб, 2028 йилгача 4 225 МВтга етказиш режалаштирилган.
### Саноат инфратузилмаси ва кадрлар тайёрлаш
Таҳлил доирасида саноат инфратузилмасини ривожлантириш ва инвесторлар учун тайёр ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.
Хусусан, Косон туманидаги собиқ ёғ заводининг 40 гектар майдонида «Бунёдкор» технопаркини ташкил этиш таклиф этилмоқда.
Технопаркда Реадй-Буилд механизми асосида тайёр ишлаб чиқариш биноларини тадбиркорлар ва инвесторларга имтиёзли шартларда ижарага бериш назарда тутилган. Таклиф этилаётган ижара ставкаси 1 кв. метр учун ойига 2 доллар эквивалентидан ошмаслиги белгиланган.
Шунингдек, Муборак туманидаги 200 гектар майдонда Муборак инновацион саноат зонасини ташкил этиш, юқори технологияли кимё ва газ-кимё лойиҳаларини жойлаштириш ҳамда хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш таклиф этилмоқда.
Саноат ривожи учун малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Бугунги кунда Қарши давлат техника университетида кимё ва кимёвий технология йўналишлари бўйича йилига 179 нафар олий ва профессионал маълумотли, шунингдек, 300 нафар ўрта махсус маълумотли мутахассис тайёрланмоқда. Соҳада 32 нафар илмий ходим ва доцент фаолият юритмоқда.
Янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қўшимча 300 нафар муҳандис-технолог ва 180 нафар ихтисослашган кимёгар кадрларга эҳтиёж мавжуд.
Шу муносабат билан олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва саноат корхоналари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, илмий-технологик экспертиза ва лаборатория тадқиқотлари имкониятларини ошириш таклиф этилган.
### Ривожланиш истиқболлари
Ўрганиш натижалари Қашқадарё вилоятида кимё саноатини маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш орқали ривожлантириш имкониятлари мавжудлигини кўрсатмоқда.
Ишлаб чиқилган таклифлар саноат корхоналарини маҳаллий хомашё билан таъминлаш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт бозорларини кенгайтиришга қаратилган.
28 та инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши вилоятда кимё саноати маҳсулотлари турларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш учун қўшимча имкониятлар очади.

