Алиментга аризани қандай топшириш керак?
Оила кодексига кўра, ота-оналар никоҳда бўлишлари ёки алоҳида яшашларидан қатъи назар, ўзларининг вояга етмаган фарзандларини таъминлашлари шарт. Агар ота ёки она ушбу мажбуриятни бажармаса, алимент томонларнинг келишувига биноан ёки суд орқали ундирилади. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бир нафар бола учун алимент миқдори ойига 360 400 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Алимент учун аризани қандай бериш керак?
Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўзларининг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Бу мажбурият отага ҳам, онага ҳам юклатилади.
Ота-оналар алиментларни ўз ихтиёри билан, ўзаро келишувга кўра тўлашга ҳақлидирлар. Бундай ҳолда судга мурожаат қилиш талаб этилмайди. Алиментнинг миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатини ота-оналар нотариал тасдиқланган келишувда ҳам белгилашлари мумкин. Келишувга кўра алиментлар: даромаднинг муайян улуши шаклида; вақти-вақти билан тўланадиган қатъий пул суммаси шаклида; бир йўла тўланадиган пул суммаси шаклида; мол-мулкни топшириш йўли билан ёки бошқа усулда тўланиши мумкин.
Тарафлар томонидан келишилган вояга етмаган бола учун алимент миқдори суд томонидан ундирилиши мумкин бўлган суммадан кам бўлмаслиги керак.
Агар ота-оналардан бири боланинг таъминотида иштирок этмаса, алимент суд орқали ундирилади. Бунинг учун алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс бирор-бир белгиланган муддатни кутиши шарт эмас. Қоида тариқасида, алимент судга мурожаат қилинган кундан эътиборан ундирилади.
Алимент ундириш тўғрисидаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.
Алимент ундириш тўғрисидаги ариза, қоида тариқасида, жавобгарнинг яшаш жойидаги судга берилади. Шу билан бирга, алимент талаб қилувчи шахс ўз яшаш жойидаги судга ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Алимент ундириш ҳақидаги даъволар бўйича даъвогарлар давлат божини тўлашдан озод қилинган. Ушбу қоида «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.

