5 йилга ҳукм қилинган блогер Санжар Каримов суд қарори устидан БМТ ва АҚШ расмийлари орқали шикоят қилишга уринмоқда

5 йилга ҳукм қилинган блогер Санжар Каримов БМТ ва АҚШ расмийлари орқали суд қарорини қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилмоқда
Суд томонидан беш йилга озодликдан маҳрум этилган, Real Sanjik тахаллуси билан танилган блогер Санжар Каримов ҳукмни нафақат апелляция инстанциясида баҳслашишга уринмоқда. Унинг Нью-Йоркда яшовчи онаси ва синглиси — АҚШ фуқаролари — Каримов билан биргаликда БМТ ва Америка расмийларига мурожаат қилиб, жиноят иши сохталаштирилгани ва айбловларни кўриб чиқишда қонунбузарликларга йўл қўйилганини даъво қилишди.
Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
8 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди Каримовни Жиноят кодексининг учта моддаси — ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, жуда кўп миқдорда фирибгарлик ва гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласи бўйича айбдор деб топди. Блогерга умумий тартибли колонияда беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 410 баравари миқдорида жарима солинди. Ҳозирда ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят қилинмоқда.
Ҳибсда бўлган Каримов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи раиси Мэттью Жиллетга мурожаат йўллади. Ушбу мурожаатлар нусхалари Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ва «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятига ҳам юборилган.
Ўз мурожаатида блогер қўйилган айбловларга рози бўлмаган ва воқеаларнинг ўз талқинини баён қилган. Унинг сўзларига кўра, тергов ва суд жараёнида ишнинг кўриб чиқилишига таъсир кўрсатган қонунбузарликларга йўл қўйилган.
Эпизодлардан бири қўрқитиш айбловига тегишли. Аввалроқ судда жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева (маҳкум тадбиркор Шаҳзод Рисматовнинг онаси) руҳий босим ва «ўғлининг тобутини Дубайдан олиб келиш», шунингдек, уйларини ёқиб юбориш билан таҳдид қилингани ҳақида гапирган эди. Каримов эса мурожаатида Раҳматуллаевани шахсан танимаслигини ва у билан низолашмаганини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, асосий аудиоёзув судга қисқартирилган ва монтаж қилинган ҳолда тақдим этилган, суд эса психологик-лингвистик экспертиза ўтказиш ва ёзувнинг асл нусхасини сўраб олишни рад этган.
Ҳимоя томони ёзувнинг аслини талаб қилиб олиш ва психологик-лингвистик экспертиза ўтказишни сўраган. Мурожаатда айтилишича, суд ушбу илтимосномаларни рад этган.
Блогер фирибгарлик айбловига ҳам рози эмас. Аввалроқ мажлисларда Олимбоевлар оиласи қиймати 150 минг долларлик уйлари олди-сотди шартномаси ниқоби остида қайта расмийлаштирилганини, олинган пулларни эса Дубайга қочиб кетган Рисматов олиб кетганини ва Каримовни унинг шериги деб атаганини даъво қилишган эди. Блогернинг ўзи бундай талқинни қатъиян рад этади: у алдаш нияти бўлмаганини ва маблағларни Рисматовга топшириб, ўзи ҳам катта молиявий йўқотишларга учраганини таъкидламоқда. Ҳимоя томонининг талқинига кўра, Каримов «инсофли кредитор» сифатида ҳаракат қилган, уй-жой ва пул атрофидаги низо эса фақат фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлиб, томонлар ўртасида ҳал этилган. Шу боис адвокатлар жиноят таркиби йўқлиги сабабли таъқибни тугатишни ва Рисматовнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилмоқда.
Шу билан бирга, ҳукм эълон қилинишидан бир ҳафта олдин Жамила Олимбоева ўзининг Instagram саҳифасида турар жой биносига бўлган мулк ҳуқуқи бўйича низо якунланганини расман маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 30 апрель куни суд ҳужжати асосида кўчмас мулк нотариал идора орқали онасининг номига қайта расмийлаштирилган. Мол-мулкни қайтаришни тадбиркор Санжар Каримовнинг амакиваччаси амалга оширган, уй аввалроқ унинг номига расмийлаштирилган бўлган.
Мурожаатларни шарҳлар экан, ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши бўйича модда юзасидан ҳам алоҳида фикр билдирди.
«Ишнинг ривожланишини кузатар эканман, мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли сифатида Каримовга қўйилган гиёҳвандлик билан боғлиқ айблов тўлиқ сохталаштирилган деб ҳисоблайман ва у оқланиши керак. Ҳозирда иш апелляция босқичида», — деди Ташанов.
Бундан ташқари, блогернинг онаси Маҳфуза Зокирова ва синглиси Назира Каримова АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Бош прокурори Тодд Бланш ва Ўзбекистон Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжоновга расмий хатлар йўллашди. Улар АҚШ фуқароси мақомидан фойдаланиб, 8 майдаги ҳукмга ҳуқуқий баҳо беришни, процессуал нормаларнинг бузилишига эътибор қаратишни ва жиноий таъқибни тугатишга кўмаклашишни сўрашмоқда.
Хатда улар ҳукмга ва ҳимоя томонининг далилларига эътибор қаратишни, шунингдек, Каримовнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмаклашишни сўрашади.
Таъкидлаб ўтамиз, тергов жараёнидаги қонунбузарликлар, далилларни бузиб кўрсатиш ва эпизодларни сохталаштириш ҳақидаги баёнотлар ҳимоя томони ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг позицияси ҳисобланади. Ушбу даъволарнинг қонунийлиги тўғрисидаги расмий хулосаларни суд ишни апелляция тартибида кўриб чиқиш якунлари бўйича чиқаради.

