“Реал Санжик” иши бўйича суд тергови бошланди: янги тафсилотлар очиқланди

“Реал Санжик” иши бўйича суд тергови бошланди: янги тафсилотлар маълум бўлди
Блогер “Реал Санжик” номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга нисбатан 14-сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида суд тергови бошланди.
Олдинги суд мажлисида айбланувчи Санжар Каримов тақдим этган аудиоёзув ҳамда унинг адвокатлари судга олиб келган далилларни ўрганиш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш зарурати туғилгани сабаб судлов ҳайъати айнан шу қисм бўйича суд терговини қайта тиклаш ҳақида ажрим чиқарган эди.
14-сентябр куни бўлиб ўтган биринчи мажлисда Санжар Каримов тақдим этган аудиоёзув суд залида қўйиб эшиттирилди. Унда Феруза Раҳматуллаева, унинг турмуш ўртоғи, шунингдек, икки нафар адвокат ва Санжар Каримов ўртасидаги суҳбат акс этган.
Аудиоёзувда Санжар исмли икки нафар шахс тилга олинган. Хўш, бу икки Санжар ким? Мазкур ҳолат юзасидан Санжар Каримовнинг адвокати Ойбек Ашуров изоҳ берди.
Унинг айтишича, Феруза Раҳматуллаева бу ерда Санжар Каримов эмас, Санжар Алимов деган шахс назарда тутилганини ўз оғзи билан айтган. Шунингдек, Санжар Алимов Тошкент шаҳар Жиноят қидирув бошқармаси Коррупсияга қарши курашиш бўлимида ишлагани ва ҳозирда нафақада экани ҳам тўлиқ баён қилинган.
Санжар Алимов Шаҳзод Каримов билан болалигидан бирга улғайган, унга ака-ука тутинган таниши экани айтилди. Улар уй-жой, машина олди-сотдиси ва бошқа ишларда бирга фаолият юритган. Барча иш Санжар Алимов томонидан бажарилган. Бироқ интернет ва ижтимоий тармоқларда Санжар исми кўп такрорлангани сабабли ҳамманинг эътибори Санжар Каримовга қаратилган ва тергов ҳам хато тарзда Санжар Каримовни бевосита Шаҳзод Рисматовга шерик сифатида жиноят ишида айблаб чиққан. Санжар Алимов эса билмадим, қандай сабабларга кўра парда ортида қолиб кетган? Бунга унинг ички ишлар тизимида ишлагани ёки бошқа сабаб бўлиши мумкин, деди адвокат.
Айбланувчи Санжар Каримов аудиоёзув юзасидан берган тушунтиришида Санжар Алимов деган шахсни умуман танимаслигини билдирди.
Мен, биринчидан, у Санжарни танимайман. Булар интернетга ўша Санжарни мен деб чиқаришган. Улар ўйлаганки, у Санжар — менман. Мана, Санжарларнинг фарқига ойдинлик киритилди, ҳамма эшитди, деди айбланувчи.
Судда айбланувчи Феруза Раҳматуллаевага ҳам сўз берилди. У аудиоёзувдаги овоз ҳақиқатан ҳам ўзига тегишли эканини тасдиқлади. Шунингдек, аудиоёзувнинг айрим жойлари қирқилиб, судга тўлиқ тақдим этилмаганини, ўша куни Санжар Каримовга босим остида яхши гапирганини қўшимча қилди.
Феруза Раҳматуллаева судга Санжар Каримов билан телефон орқали бўлган суҳбат аудиоёзувини ҳам тақдим этди. Суд томонидан кейинги мажлисларда бунга ҳуқуқий баҳо берилиши айтилди.
Суд тергови давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди 8-май куни Санжар Каримовни фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 410 БҲМ миқдорида жарима жазоси тайинлаган. Санжар Каримов ҳукмдан норози эканини билдириб, юқори инстансияга шикоят қилган.

