“Реал Санжик” суди: АҚШдан янги далил келтирилди, суд тергови қайта тикланди
Санжар Каримов иши бўйича апелляция судида янги аудиоёзув тақдим этилгани сабабли суд тергови қайта тикланди. АҚШдан олиб келинган далил ўрганилиши учун суд мажлиси номаълум муддатга қолдирилди. У суддан ўзини гиёҳвандлик воситаларини сотиш ёки ўтказишда айбдор деб топмасликни сўради. Репортаж.

"Реал Санжик" иши: АҚШдан янги далиллар тақдим этилди, суд тергови қайта бошланди
"Реал Санжик" номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга нисбатан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судида ўтказилаётган апелляция суд мажлисининг якуний босқичида суд тергови қайта тикланди ва жараён номаълум муддатга қолдирилди.
21-август куни бўлиб ўтган суд мажлисида музокаралардан сўнг Санжар Каримовга сўнгги сўз берилди. Суд мажлисидан аввал Каримов ва унинг адвокати билан жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғи иштирокидаги суҳбатнинг аудиоёзуви судлов ҳайъатига далил сифатида тақдим этилди. Мазкур аудиоёзув ва айбланувчининг адвокатлари томонидан судга тақдим этилган далилларни ўрганиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш зарурати туғилгани сабабли судлов ҳайъати айнан шу қисм бўйича суд терговини тиклаш ҳақида ажрим чиқарди ва суд мажлисини номаълум муддатга қолдирди.
Санжар Каримовга охирги сўз берилди. У суддан ўзини гиёҳвандлик воситаларини сотиш ёки ўтказишда айбдор деб топмасликни, тинтув вақтида олинган ашёвий далилларни номақбул деб баҳолашни сўради.
"Менга адолат беринг. Менга адолатли ҳукм чиқариб беринг. Мен кимга уни ўтказмоқчи бўлганман? Бирон-бир кўрсатма, бирон-бир одам, бирон-бир аудиоёзув, бирон-бир суиқасд ёки хатти-ҳаракат борми? Мен яна бир марта тантанали равишда баён қиламан: ҳаётимда ҳеч қачон гиёҳвандлик воситасини ўтказиш ёки сотиш билан шуғулланмаганман, шуғулланмаяпман ва ҳеч қачон бундай ниятим бўлмаган", — деди Санжар Каримов.
"Уйимда тинтув ўтказиш жараёнида менинг конституциявий ҳуқуқларим қўпол равишда бузилди. Тезкор ходимлар қулфни бузиб киришди ва суднинг ҳеч қандай ёзма рухсатисиз учта хонадонда тинтув ўтказилди. Менинг илтимосим битта: менга адолатли, одилона ҳукм чиқаринг", — деди у.
Судланувчи жазо тайинлашда унинг муқаддам судланмагани ва жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини ҳам ҳисобга олишни сўради.
"Мен тўққиз ой мобайнида адолатли ҳукм, офият ва енгилликни Аллоҳдан сўраб келдим. Агар менга уй қамоғи берсангиз, икки дунёда кам бўлмасин деб дуо қиламан. Менинг энг катта орзуим — боламнинг олдига бориш, уни кўриш. Агар бунинг ҳам имкони бўлмаса, менга 72-модда (Шартли ҳукм қилиш) ҳамда 57-модда (Енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўлланг. Чунки менда жазони оғирлаштирувчи бирорта ҳолат бўлмаган", — деди "Реал Санжик".
У суддан муқаддам судланмагани ҳамда оилавий ҳолатини ҳам инобатга олишни сўради.
"Онам 67 ёшда, касал, операциядан чиқди. Болам бир ярим ёшда, ҳали кичик. Мен ҳар куни боламнинг олдига боришни, уни кўришни орзу қиламан. Мен тадбиркорман. 1150 нафар ищим бор эди, ҳозир 830 нафари қолди. Раислик этувчи, сиз ҳозир фақат менинг тақдиримни эмас, балки бошқа одамларнинг ҳам "қора қозони"ни ҳал қиляпсиз. Шуни ҳам инобатга олинг", — деди Санжар Каримов.
Турсунали Акбаровнинг тушунтиришича, суд тергови жараёнида келтирилган далилларнинг ишга алоқадорлигига аниқлик киритилади.
"Суд тергови якунланиб, музокаралар ҳам тугаган, охирида судланувчининг сўнгги сўзи қолган эди. Мана шу жараёнда судланувчи ва унинг адвокатлари, уларнинг нуқтайи назаридан, иш бўйича аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган важларни келтириб, маълум бир далилларни тақдим этди. Адвокатлар ва судланувчи томонидан тақдим қилинган далилнинг ишга қанчалик алоқадорлиги, муҳимлиги ва унинг ҳуқуқий қуввати нечоғли экани суд тергови жараёнида кўриб чиқилади ва якунда ҳуқуқий баҳо берилади", — деди Акбаров.
Феруза Раҳматуллаева тергов жараёнлари қайтадан ўтказилиши зарурлигини айтаркан, унда ҳам далиллар ва аудиоёзувлар мавжудлигини билдирди.
"Санжар Каримовнинг судида Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) бўйича жабрланувчи бўлиб қатнашяпман. Ҳозир булар судга аудиоёзув олиб келиб берди. Нега буни охирида беришди? Ўғлимга ҳукм ўқилгандан кейин Санжар Каримов менга телефон қилиб, "Сиз нимага апелляцияга бермаяпсиз? Ҳаракат қилинг, ўзим адвокат бераман", деган. Унга "Ўйлаб кўришим керак", десам, "Учрашмасак бўлмайди", деб адвокати иккиси офисига чақирган. Офисга борганимда Санжар Каримовнинг у ерда эканини билмаганман. У бекиниб олган экан, битта хонадан чиқиб келиб, сумкаларимни олиб қўйишган. Лекин менда ундан аввал ва кейин ёзиб олинган барча аудиоёзувлар, далил-исботларим бор. Барчасини судга тақдим этаман", — деди жабрланувчи.
Унинг сўзларига кўра, ҳамма нарса қайтадан тергов қилиниши, жараён одилона бўлиши керак.
"Ўғлим бекорга тўққиз йилга қамалиб кетди. Унинг иши бўйича апелляция ва тафтиш тартибида ҳам шикоят берганмиз. Ҳозир Олий суд қарорини кутяпмиз", — деди Феруза Раҳматуллаева.
Ойбек Ашуров аудиоёзув судга нега аввалроқ тақдим этилмаганига изоҳ берди. Унинг айтишича, ёзув Санжар Каримовнинг АҚШда бўлган мобил телефонида сақлангани сабабли уни Ўзбекистонга олиб келишда қийинчиликлар юзага келган.
"Тўғри, "Нега бу далил ўша вақтда тақдим этилмади?", деган савол туғилиши мумкин. Бунинг сабаби Санжар Каримовнинг уяли алоқа воситаси Америка Қўшма Штатларида бўлгани ва уни бу ерга олиб келиш жараёнида бироз қийинчиликлар юзага келганидир. Шу боис аудиоёзувларни судга кеч тақдим қилдик. Суд мажлисига тақдим этилган ҳар қандай далил суд терговида муҳокама қилиниши керак. У муҳокама қилинмасдан туриб, жиноят ишига қўшилиши мумкин эмас", — деди адвокат.
Адвокатнинг таъкидлашича, аудиоёзув Феруза Раҳматуллаева Санжар Каримовга нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилишига асос бўлган аризани беришидан бир кун аввал ёзиб олинган.
"Бу жараёнда Феруза Раҳматуллаева ҳеч қандай тазьиқ, қўрқув ёки бошқа ҳисларсиз Санжар Каримов билан ўзаро суҳбатлашган. Улар ўғлига нисбатан чиқарилган ҳукмни муҳокама қилган. Феруза Раҳматуллаева Санжар Каримовдан иш бўйича ўғлига ёрдам бериш учун қўшимча адвокатларни жалб қилишда кўмак сўраган", — деди у.
Ашуровнинг сўзларига кўра, Феруза Раҳматуллаева суҳбатдан сўнг ички ишлар органларига чақирилаётганини айтган. Аёл Санжар Каримов уни ўлдириш ва унга нисбатан зўравонлик ишлатиш билан қўрқитгани ҳақида ариза берган. Адвокат бу маълумотларни асоссиз ва ёлғон деб ҳисоблашини билдирди.
"Шундан сўнг ички ишлар органлари Санжар Каримовга нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси билан жиноят иши қўзғатган", — деди адвокат.
Унинг маълум қилишича, шу куни Санжар Каримов Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида қамоққа олинган. Кейинчалик яшаш жойида асоссиз равишда тинтув ўтказилган.
"Битта нарсани яна эътиборга олиш керак: Жиноят кодексининг 112-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича шахснинг яшаш уйида тинтув ўтказиш учун бирор-бир асос мавжуд эмас, деб ҳисоблаймиз. Чунки ишга тўпланган далил асосан битта аудиоёзувдан иборат, бошқа ҳеч нарса йўқ. Агар Санжар Каримов ушбу жиноятни бирор-бир қурол, восита ёки бошқа нарса орқали содир этган бўлганида, уйида тинтув ўтказишга эҳтиёж бўларди. Аммо бу ҳолатда бундай асос йўқ", — деди Ашуров.
"Бу жараёнлардан кўришимиз мумкинки, Санжар Каримовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши ҳолатлари ҳам, унга нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатларининг барчаси ҳам уюштирилган ҳолда бўлган, деган тахминий адвокатлик хулосамиз мавжуд", — дея қўшимча қилди Ойбек Ашуров.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 8-май куни Сарвар Каримовга оид жиноят иши юзасидан олиб борилган суд муҳокамалари якунига етганди. Ўша куни Каримов 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд уни фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топган.

