“Реал Санжик” иши: Санжар Каримов янги далил келтирди, суд тергови янгидан бошланади

“Реал Санжик” иши: Санжар Каримов янги далил тақдим этди, суд тергови қайта бошланади
Блогер “Реал Санжик” номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга нисбатан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилаётган апелляция суди номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Суд музокараларидан сўнг навбатдаги суд мажлисида судланувчининг сўнгги сўзи эшитилди. Суд мажлисида Санжар Каримов ва унинг адвокати билан жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғи иштирокидаги суҳбатнинг аудиоёзуви судлов ҳайъатига далил сифатида тақдим этилди. Мазкур аудиоёзув ҳамда айбланувчининг адвокатлари томонидан судга тақдим этилган далилларни ўрганиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш зарурати туғилгани учун судлов ҳайъати айнан шу қисм бўйича суд терговини тиклаш ҳақида ажрим чиқарди ва суд мажлисини номаълум муддатга қолдирди.
Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг тушунтиришича, суд тергови жараёнида келтирилган далилларнинг ишга алоқадорлигига аниқлик киритилади.
“Суд тергови якунланиб, музокаралар ҳам тугаган, охирида судланувчининг сўнгги сўзи қолган эди. Мана шу жараёнда судланувчи ва унинг адвокатлари, уларнинг нуқтайи назаридан, иш бўйича аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган важларни келтириб, маълум бир далилларни тақдим этди. Демак, адвокатлар ва судланувчи томонидан тақдим этилган далилнинг ишга қанчалик алоқадорлиги, муҳимлиги ва унинг ҳуқуқий қуввати нечоғли экани суд тергови жараёнида кўриб чиқилади ва якунда ҳуқуқий баҳо берилади”, — деди пойтахт суди матбуот хизмати раҳбари.
Жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева тергов жараёнлари қайтадан ўтказилиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
“Санжар Каримовнинг судида Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) бўйича жабрланувчи бўлиб қатнашяпман. Ҳозир булар аудиоёзув олиб келиб берди. Нега буни охирида олиб келиб берди? У ўзининг офисига бизни олиб бориб, “шунақа дейсизлар”, деб суҳбатни ёзиб олган. Лекин ундан олдинги ёзув менда бор. Мен ҳам уни судга тақдим қиламан. Умуман, ҳамма нарсани қайтадан тергов қилишларини, одилона бўлишини истаб қолардим”, — деди жабрланувчи.
Санжар Каримовнинг адвокати Ойбек Ашуров сўнгги далил — аудиоёзув нега сўнгги сўз вақтига келиб судга тақдим этилганига жавоб берди.
“Санжар Каримовнинг уяли алоқа воситаси Америка Қўшма Штатларида бўлгани, уни бу ерга олиб келиш жараёнида озгина қийинчиликлар юзага келгани сабабли ушбу аудиоёзувларни биз судга кеч тақдим қилдик ва суд буни қайтадан ўрганиб чиқиш лозим деб топди. Сабаби мен ўтган сафар айтиб ўтганимдек, суд мажлисига тақдим этилган ҳар қандай далил суд терговида муҳокама қилиниши керак. У муҳокама қилинмасдан туриб жиноят ишига қўшилиши мумкин эмас”, — деди ҳимоячи.
Айбланувчи Санжар Каримов “аудиоёзувда қандай мазмундаги маълумот бор?”, деган саволга: “Мен томонимдан ҳеч қандай таҳдид қилинмагани ҳақида. Ростдан ҳам Раҳматуллаева алдаётгани ҳақида. Ҳамма нарса адолатли кўриб чиқилади деган умиддаман”, дея жавоб берди.
Кейинги суд мажлиси қачон бўлиши ҳақида тарафларга қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди 8-май куни Санжар Каримовни фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 410 БҲМ миқдорида жарима жазоси тайинлаган. Санжар Каримов ҳукмдан норози эканини билдириб, юқори инстансияга шикоят қилган.

