2026 йилда «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида 3,6 мингдан ортиқ маҳалла ғолиб бўлди

Ўзбекистонда ўтган 11 мавсум давомида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини амалга ошириш якунлари сарҳисоб қилинди. Ушбу даврда умумий қиймати 25,6 триллион сўмлик 24 846 та лойиҳа ғолиб деб топилди.
2021–2026 йилларда 7 484 та маҳалладаги лойиҳалар молиялаштирилди. 2026 йилда 3 667 та маҳалла ғолиб бўлди, шундан 681 та маҳалла илк бор ғолибликни қўлга киритди, қўллаб-қувватланган ташаббусларнинг 446 таси эса ижтимоий-иқтисодий шароити оғир бўлган ҳудудларга тўғри келди.
Бажарилган ишлар доирасида 4 414 та мактаб таъмирланди ва 3 145 та таълим муассасаси жиҳозланди, 17 513 километр ички йўллар таъмирланди, шунингдек, 1 276 та тиббиёт муассасаси таъмирланиб, 1 391 таси қайта жиҳозланди.
2026 йилда депутатлар ташаббуси билан 495 та лойиҳа ғолиб чиқди. Шериклик ташаббусларини биргаликда молиялаштириш форматида 152 та ғолиб аниқланди, бунда аҳолининг ўз ҳиссаси 9,8 миллиард сўмни ташкил этди.

