11-сентабр теракти: янги урушларга йўл очган даҳшат
11-сентабр терактлари инсоният унутмайдиган фожиалардан бири. Бундан 25 йил аввал шу куни АҚШда бир нечта самолёт эгаллаб олиниб, турли биноларга урилган, теракт оқибатда минглаб одамлар ҳалок бўлганди. Америка бу даҳшатли терактни сабаб қилиб «террорчилардан ўч олишга киришди»: аввал Афғонистонга, кейинроқ Ироққа бостириб кирди.

11-сентабр теракти: янги урушларга йўл очган даҳшат
Дунё кўплаб урушларни бошдан кечирган. Уларнинг аксариятида кучлилар кучсизларни бўйсундириш учун босқинчилик қилган, уруш бошлашга турли баҳоналар топган ёки кичик бир воқеани жанг учун сабаб қилиб олган.
Муғулларнинг Хоразмшоҳ салтанатига ҳужумини эслайлик. Чингизхон ўз элчиларининг Ўтрорда ўлдирилишини баҳона қилиб қўшни давлатга бостириб киради. Тарихчилар мўғул элчилари ўлдирилмаган тақдирда ҳам, Чингизхон барибир уруш бошларди, деб ҳисоблайди. Ёки Биринчи жаҳон уруши. Австрия – Венгрия империяси валиаҳди Франс-Фердинанд Сараевода ўлдирилмаганида ҳам, бу уруш барибир юз бериши муқаррар эди.
АҚШнинг 2001-йилда Афғонистонга ва 2003-йилда Ироққа бостириб кириши ҳам юқоридагиларга ўхшаш сабаблар билан бошланган. Ню-Ёрк терактидан кейин АҚШ «терроризмга қарши кураш» даъвоси билан Афғонистон ва Ироқда уруш бошлайди. Бунинг учун сезиларли асос ҳам келтиришмайди. Лекин «дунёдаги энг қудратли давлат» кимдандир сўраб ўтирармиди...
Қандай бўлганди?
2001-йил 11-сентабр куни АҚШда бир гуруҳ террорчилар тўртта йўловчи самолётини парвоз вақтида эгаллаб олади. Улардан иккитаси Ню-Ёркдаги Жаҳон савдо марказининг икки осмонўпар биносига, бири Пентагонга ва яна бири Вашингтондаги Оқ уй ёки Конгресс биносига урилиши режа қилинади. Режа бўйича иккита самолёт Ню-Ёркдаги эгизак биноларга, бири Пентагон биносига бориб урилади. Тўртинчи самолёт эса Пенсилваниядаги далага қулайди.
Теракт оқибатида 3000 га яқин одам ҳалок бўлади. Табиийки, самолётларни эгаллаб олган 19 террорчи ҳам. Ҳалок бўлганлар орасида АҚШдан ташқари яна 92 давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди. Ўлганлардан 1600 нафарининг шахси аниқланади, 1100 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади. Кейинчалик Ню Ёркдаги эгизак бинолар вайроналари остидан ўн мингдан ортиқ инсон суяклари топилади.
11-сентабр фожиаси АҚШ молия бозорига ҳам жиддий зарар етказади. Қимматли қоғозлар нархи кескин тушиб кетади, Америка компаниялари 1,2 трлн маблағ йўқотади. Теракт мамлакат бюджетига камида 500 млрд доллар зарар етказади.
АҚШ Усома бин Лодин бощилигидаги террорчилар ҳужумга Афғонистонда тайёргарлик кўрган деган хулосага келиб, 2001-йил октабрда Афғонистонга бостириб киради. АҚШнинг иттифоқчилари ҳам ўшанда «Толибон» назоратида бўлган қўшни давлатга армия киритади. Америка армияси пойтахт Кобул ва бошқа йирик шаҳарларни эгаллайди. Толиблар чекка ҳудудларга чекиниб, партизанлик уруши олиб боради. АҚШ Афғонистонда 20 йил урушди, бироқ «Толибон»ни енга олмади. Охирги америкалик аскар кетиши билан толиблар яна давлатни қўлга олиб, аввалгидан ҳам мустаҳкамроқ ҳукумат ўрнатди.

