Хорижий тил сертификати талаби кучайтирилмоқда
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, хорижий тилларни ўқитиш соҳасида сертификат талаблари янада кучайтирилиши режалаштирилмоқда. Тегишли сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан меҳнат шартномасини меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилиш таклиф этилган.

Хорижий тил сертификатига қўйиладиган талаблар кучайтирилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамага қўйилган қарори лойиҳасида таълим соҳасига оид бир қатор ҳукумат қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
Хусусан, 2021-йил 19-майдаги "Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 312-сонли қарорга янги қоида киритиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, талаб қилинадиган тегишли хорижий тил сертификатига эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Шунингдек, лойиҳада гематология, онкология, клиник иммунология ҳамда бошқа узоқ муддатли даволанишда бўлган болалар учун ташкил этилган "Меҳрли мактаб"лар фаолиятига оид бир қатор ўзгартиришлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, муассасанинг намунавий штатлар жадвалини тасдиқлаш, айрим лавозимларни қайта белгилаш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартибига аниқлик киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жамғармаси маблағларини тўлаш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилиб, ҳар ойлик устамалар ва бир марталик мукофотларни тўлаш муддатларини белгилаш, шунингдек, "Меҳрли мактаб"лар фаолиятини ташкил этишга оид айрим нормаларни такомиллаштириш режалаштирилган.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган бўлиб, қабул қилинган тақдирда мазкур ўзгартиришлар тегишли ҳукумат қарорларига татбиқ этилади.

