Б2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш таклиф этилмоқда
Ҳукумат қарори лойиҳаси билан тегишли сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Лойиҳа муаллифларига кўра, бу амалдаги қарорнинг турлича талқин қилинишига чек қўйиши керак. Сертификат талаби ижроси кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

**Б2 сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш таклиф этилмоқда**
Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди, унга кўра, хорижий тил ўқитувчилари учун талаб қилинадиган миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган ушбу ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 19-майдаги 312-сон қарорига ўзгартириш киритишни назарда тутади.
Лойиҳага мувофиқ, қарорнинг давлат таълим муассасалари хорижий тиллар ўқитувчилари учун хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича талаблар белгиланган 9-банди қуйидаги норма билан тўлдирилади:
“Талаб этиладиган тегишли сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади”.
Ҳозирги вақтда мазкур қарорга кўра, давлат таълим муассасаларига (давлат мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари) ишга янги қабул қилинаётган хорижий тил ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши шарт. Давлат олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун эса камида С1 даражадаги сертификат талаби белгиланган. Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларидаги барча хорижий тил ўқитувчилари ҳам камида Б2 даражадаги сертификатга эга бўлиши керак.
Лойиҳанинг тушунтириш хатида қайд этилишича, амалдаги қарорда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари хорижий тил ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши шартлиги белгиланган. Бироқ ушбу талаб бажарилмаган тақдирда қандай ҳуқуқий оқибат юзага келиши аниқ кўрсатилмаган. Муаллифлар фикрича, бу қонунчиликнинг турлича талқин қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, қарорга талаб этиладиган сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилиниши ҳақидаги нормани киритиш таклиф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сертификат талаби ижроси сўнгги йилларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 19-майдаги қарори билан, 2024/2025-ўқув йилигача мактаб, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг хорижий тил ўқитувчилари камида Б2 даражадаги сертификатга эга бўлиши кераклиги белгиланганди.
Кейинроқ Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим муассасаларида ишлаётган хорижий тил ўқитувчиларидан камида Б2 даражадаги тил сертификатини талаб қилиш муддати 2025/2026 ўқув йилига қадар узайтирилди. Унгача Б2 сертификати бўлмаган ўқитувчилар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмаслиги белгиланди.
2025-йил июл охирида Касаба уюшмаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритиб, Б2 даражадаги тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчиларини ишдан бўшатмасликни сўраган эди. Уюшма ўз мурожаатида педагоглар билан тузилган меҳнат шартномаси Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлиги туфайли бекор қилинишидан норозилик билдирилган мурожаатлар келиб тушаётганини қайд этганди.
2025-йил сентабрида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан Ўзбекистондаги мактабларда хорижий тил ўқитувчиларидан камида Б2 даражадаги тил сертификатини талаб қилиш муддати 2026-йилгача узайтирилди.
2026-йил бошида Давлат меҳнат инспексияси сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномалари бекор қилинаётгани юзасидан мурожаатлар келиб тушаётгани учун муносабат билдирди. Уларга ойлик иш ҳақи ҳисобланмаганлиги, ишдан четлатилганлиги, ҳатто мажбурий равишда ариза ёздириб олингани айтилмоқда. Инспексия хорижий тил ўқитувчиларини Б2 сертификати йўқлиги учун ишдан бўшатиш қонунга зид эканини маълум қилди. Ҳукумат қарорида Б2 даража талаби белгиланган бўлса-да, бу ходимни ишдан бўшатиш учун ҳуқуқий асос бўла олмайди, деганди инспексия ва бундай ҳолатлар бўйича вазирликка тақдимнома киритган эди.
Кўп ўтмай, Ўзбекистондаги мактабларда хорижий тил ўқитувчиларидан камида Б2 даражадаги тил сертификатини талаб қилиш муддати янги ўқув йилига қадар узайтирилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026/2027-ўқув йили бошлангунига қадар имконият берилишини маълум қилди.
21-апрел куни ўтказилган матбуот анжуманида мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова хорижий тил ўқитувчилари учун Б2 сертификати талаби жорий этилган бўлса-да, ҳозир ҳам 8−10 мингга яқин ўқитувчида бундай малака мавжуд эмаслигини айтганди. “Лекин негадир бугун 8−10 мингга яқин устозларимиз қолди. Ўқув йили тугашига қадар бу масала яна кўтарилади”, — деганди у.

