Маҳаллий

Хонадонларга кириш бўйича топшириқ берилмаган — Маҳаллалар уюшмаси уйма-уй юрган масъуллар ҳақида

Хонадонларга кириш бўйича кўрсатма берилмаган – Маҳаллалар уюшмаси уйма-уй юрган масъуллар ҳақида

Шаҳрисабз тумани ҳокимининг фуқаро уйига кириб, хонадоннинг санитария ҳолатини танқид қилгани ва жарима солишни буюргани акс этган видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан “Дарё”га изоҳ берган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси хонадонларга кириш ва аҳолини сўроққа тутиш каби ҳаракатлар қонунга зид эканлигини маълум қилди.

“Президентимизнинг 16-июлдаги селектор йиғилишидаги топшириқларидан келиб чиқиб, маҳаллаларда кўнгиллилар иштирокида ободонлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу тадбирлар дам олиш кунлари, куннинг илиқ пайтида ҳам ўтказилмоқда. Аммо хонадонларга кириш, аҳолини сўроққа тутиш каби ҳолатлар бўйича уюшма томонидан тўғридан-тўғри топшириқ берилмаган. Бундай ҳолатлар қонунга зид”, дейилади хабарда.

**Ўзи нима гап?**

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокимининг фуқаро уйига кириб борган видеоси тарқалиб, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлганди. Видеода туман ҳокими хонадонга кириб, уй эгасига яшаш жойини қандай тутиш кераклигини тушунтиргани, уйнинг санитария ҳолатини танқид қилиб, видеотасвир маҳалланинг Телеграм гуруҳига ташланишини айтгани, шунингдек, видео сўнгида жарима солишни буюргани акс этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз ҳокимлиги “Дарё”га изоҳ бериб, бу ҳолат “тушунмовчилик” эканлигини билдирган. Маълум қилинишича, туман ҳокими аслида ногиронлиги бор кекса фуқаронинг уйига бормоқчи бўлган, бироқ маҳалла раиси адашиб қўшни хонадон эшигини кўрсатиб юборган. Ҳокимликка кўра, видеотасвирлар туман ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан тарқатилмаган, балки маҳалла еттилиги вакиллари томонидан ищи гуруҳнинг тор доирадаги гуруҳига ташланган.

**“Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги”**

16-июл куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаш юзасидан видеоселектор ўтказилган эди.

Йиғилишда 2026-йил Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани таъкидланиб, мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан маҳаллаларда “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ўтказилиши айтилди. Шунингдек, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари ҳудудларда озодалик ҳамда ободонлаштириш ишларини кенг кўламда ташкил этиши белгиланган.

Ҳар бир вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари биттадан туманни, туманлардаги масъуллар эса биттадан маҳаллани олиб, бир ой давомида озодалик ва ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкил этиши ҳақида топшириқ берилган.

Бунинг учун бош вазир бощилигида республика штаби тузилиши, ҳудудий штабларга ҳокимлар раҳбарлик қилиши белгиланган эди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, ободонлаштириш ва ободлик ишларида меҳнатга яраша рағбат бўлиши зарурлиги таъкидланиб, йил якуни билан кўп қаватли уйлардаги “Энг ораста хонадон”, маҳалладаги “Энг файзли ҳовли”, ҳудуддаги “Энг обод кўча” ҳамда туман ва вилоятдаги “Энг намунали маҳалла” номинациялари жорий этилиши ва ғолибларга солиқлар бўйича имтиёзлар берилиши белгиланди. Хусусан, кўп қаватли уйлардаги квартиралар учун мол-мулк солиғидан, ҳовли-жойлар учун эса ер солиғидан имтиёз берилиши айтилганди.

presidential decreetax incentivesmahalla associationshahrisabz district governorillegal entryhome inspectionspublic outragebeautification month