Шаҳарни зудлик билан салқинлатиш керак бўлган бир пайтда, ҳовлиларни тушунарсиз қайсарлик билан бетонлашда давом этишмоқда
Дунё мегаполислари иссиқдан ҳимояланиш ва шаҳарларни салқинлатиш учун шошилинч режаларни қабул қилмоқда. Тошкентда эса ъОбод маҳаллаъ дастурининг муваффақияциз мисоллари ва президент танқидига қарамай, ҳовлилар ва болалар майдончаларини бетон билан қоплаш давом этмоқда. Буни ким тўхтатади?

Шаҳарни зудлик билан салқинлаштириш зарур бўлган бир пайтда, ҳовлиларни бетонлаш ишлари тушунарсиз қайсарлик билан давом этмоқда.
Яқинда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкентнинг “Лолазор” маҳалласида дарахтлар ва болалар майдончаси йўқ қилинганини қоралаб, буни ваҳшийлик ва жиноят деб атаган эди. Бир неча кун аввал эса “Чўлпон” маҳалласида кенг жамоатчилик эътирозларидан сўнг яшил ҳовли ўртасидаги қурилиш тўхтатилган эди. Туман ҳокими аҳолининг фикри инобатга олинишини ваъда қилган бўлса-да, бу ваъда бажарилмади.
2021-йилда пойтахт маҳаллаларини “Обод маҳалла” дастури доирасида “аёвсиз” ободонлаштириш тўлқини пайтида ҳокимликлар гулзор ва олди боғларни йўқ қилиб, панжараларни кесган ҳамда яшил деворларни суғуриб ташлаб, уларнинг ўрнини олиб келинган тупроқ билан ёпишган эди. Ҳовлилар ва болалар майдончалари бетонланиб, ҳамма жойга баланд бордюрлар ўрнатилганди.
Натижада, ёзда кундузи майдончалар ҳаддан ташқари қизиб кетади, ёғингарчилик пайтида эса бу ерда кичик кўлмаклар ҳосил бўлади. Бордюрлар эса машиналар ўтаётган вақтда болалар учун хавф туғдирмоқда.
Ўша йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Бунчалик баланд бордюрларнинг нима кераги бор?” деб сўраган эди. Аҳолининг фикрини умуман инобатга олмаган “Обод маҳалла” муаммолари ўтмишда қолгандек туюлганди. Афсуски, ундай эмас экан.
Илгари давлат раҳбари “баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатдорлиги сабабли [пойтахтнинг] аҳоли яшайдиган даҳаларида одамлар фарзандлари билан сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган ва очиқ ҳавода ҳордиқ чиқарадиган очиқ майдонлар қолмаётганини” таъкидлаган эди.
Ўтган йили “Ўзбекистон — 2030” стратегияси бўйича Давлат дастурида “маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларни кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, яшаш учун экологик жиҳатдан қулай ва фаровон муҳитни шакллантириш” бўйича тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган эди.
Ўтган кузда президент топшириғига биноан эгаллаб олинган яшил ҳудудлар ва болалар майдончаларини “кенг кўламда” қайтариш бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Тошкентда юзлаб эҳтимолий қоидабузарликлар ҳақида сўз борганди.
Шунча кўп норматив ҳужжатлар ва топшириқларга, аҳолининг фикрига қулоқ солиш бўйича берилган ваъдаларга ва йилдан-йилга кучаяётган иссиққа қарамай, туман ҳокимликлари тушунарсиз қайсарлик билан илгари яшнаб турган яшил ҳовлиларни бетон майдонларга айлантиришда давом этмоқда.
Эҳтимол, баъзи амалдорларнинг “обод маҳалла” ва “яшаш учун экологик жиҳатдан қулай ва фаровон муҳит” ҳақидаги тушунчаси ўзгачадир. Лекин, катта эҳтимол билан, уларда бундай тушунчанинг ўзи умуман йўқ.
Газета ёзганидек, бир йилдан ортиқ давом этган можародан сўнг ҳовлидаги қурилиш тўхтатилган “Чўлпон” маҳалласи аҳолиси жума куни яна бонг ура бошлади.
Уларнинг сўзларига кўра, футбол майдони, собиқ маҳалла биноси ва болалар майдончасининг бир қисми ўрнида қазилган котлован кўмиб ташланган (пойдевор ер остида қолдирилган), аммо энди ҳудуднинг салмоқли қисмига шағал тўкилиб, бетон қуйишга тайёрланмоқда.
Ҳуман Ҳоусе галереяси асосчиси ва маҳаллада яшовчи Лола Сайфи аҳоли билан муҳокамалар ва туман ҳокими Бахтиёр Раҳмонқуловнинг уларнинг таклифларини инобатга олиш ҳақидаги ваъдасига қарамай, лойиҳа бир неча бор ўзгартирилганини маълум қилди.
“Аҳоли лойиҳани бир неча кун муҳокама қилди. Ҳокимимиз Бахтиёр Раҳмонқулов ҳаммага ҳамма нарса аҳоли сўраганидек қурилишини айтди. Оқибатда-чи? Ҳамма жойни бетон қилишяпти”, — деб ёзди у.
“Лойиҳани мунтазам ўзгартиришмоқда, яшил ҳудудларни қисқартиришмоқда, аммо негадир стадионни қисқартириб, ўрнига шашликхона қўймоқчи бўлишяпти”, — деди у.
Лола Сайфи куни кеча Саида Мирзиёева амалдорларга яшил шаҳарни ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапирганини эслатди.
“Дўстлар, амалдорларимизга аҳолига яшиллик, тоза ҳаво кераклигини тушунтириш жуда қийин”, — деб ёзди у ва яна бир бор Саида Мирзиёевани вазиятга аралашишга чақирди.
Аҳоли ҳокимдан кўпроқ яшил ҳудудларни назарда тутишни ва кенг бетон йўлаклар ҳамда тўсиқлар қилмасликни сўрашганини айтди.
“Қурувчилар аҳолини эшитишмаяпти. „Йўқ, бизга бошлиқ шундай деган“, дейишяпти”, — дея қўшимча қилди у.
Бошқа бир яшовчининг айтишича, ишлар бошлангунга қадар ҳовлида суғориш тизимига эга бўлган ва қўшнилар томонидан парвариш қилинган газон бор эди. Унинг сўзларига кўра, аҳоли болалар майдончасида табиий қопламани сақлаб қолишга ҳаракат қилган.
“Ҳокимлик ходимларидан „Болалар майдончасидаги қопламани тартибга солувчи ўша ШНҚни (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари — таҳр.) кўрсатинг“ деб сўрай бошлашингиз билан, бу мавзуда гаплаша бошлашингиз биланоқ орқасига ўгирилиб чиқиб кетишади”, — деди у.
Болалар ва воркаут майдончалари оралиғида металл тўсиқлар ўрнатилиши эҳтимоли ҳам аҳолида эътирозларни келтириб чиқарди.
“Биз тўсиқсиз муҳит, тўсиқсиз муҳит деяпмиз. Улар эса икки томондан металл панжара қилиб, ўртасига буталар экмоқчи”, — деди шу ерда яшовчи аёл.
Мурожаатнинг яна бир иштирокчисига кўра, илгари болалар ўт-ўланда ўйнай олишарди. “Болалар табиий майсада юришарди, яланг-оёқ югуриш мумкин эди. Энди эса ҳамма жойни бетонламоқчи: воркаут, болалар майдончаси — ҳаммасини. Бетон ва пластик. Нимага керак бу?” — деди у.
Аҳоли, шунингдек, лойиҳада назарда тутилган кенг (уч метрлик) йўлакка ҳам қарши чиқди. “Нима учун? Бу ерда ҳарбий техника билан парад ўтказамизми? Ёки машиналар кириши учунми?” — деди маҳаллада яшовчи аёл.
Газета илгари ёзган “Турон” маҳалласида ҳам бутун ҳовли бетон билан қопланиб, болалар майдончаси очиқ қуёшда қолдирилган.
Дунёнинг исталган бурчагида одамлар ўз уйи ёнида кўпроқ яшиллик, дарахтлар ва салқин сояларни кўришни афзал кўрадилар. Бироқ ҳокимият органлари “ободонлаштириш” ва “қулай муҳит яратиш” ниқоби остида ҳовли майдонларини саҳрога айлантириб, шаҳарда янги “иссиқлик ороллари”ни ҳосил қилмоқда. Бу эса нафақат ҳовлидаги, балки уйлар ичидаги ҳароратга ҳам таъсир ўтказмоқда.
Америкалик архитектор Кристофер Александер “Шаблонлар тили” китобида одамларга боришлари мумкин бўлган очиқ, яшил ва тинч майдонлар кераклигини ёзади. Ён-атрофда шундай жойлар бўлса, одамлар улардан бажонидил фойдаланишади.
Тошкентда боғлар ҳаддан ташқари кам. Кўринишидан яшил бўлиб туйилган кўплаб кўчаларда ҳам қуёшдан пана жой топиш қийин. Қатнов қисми кенгайтирилгандан сўнг йиллар давомида бирорта ҳам дарахт экилмаган бутун бошли кўчалар бор (масалан, Паркент кўчаси).
Аҳоли яшаш массивларидаги ҳовлилар айнан шундай яшил ва соя-салқин маконлар бўлиши мумкин ва бўлиши шарт.
Ҳокимият органлари одамларга гўзал муҳит яратишга ёрдам берса кифоя, уларнинг ўзлари ҳовли ва ўсимликларни парвариш қилишни хоҳлаб қолишади, чунки ёқимли маконда яшашдан ўзлари манфаатдор, деб ёзган эди Газета 2021-йилги “Машиналарсиз ҳовлилар. Нега бу нормал ҳолат ва бунга қандай эришиш мумкин?” номли мақоласида.
Бундай ёрдам турларидан бири “ободонлаштириш”нинг аввалги тўлқинлари томонидан вайрон қилинган олди боғларни (гулзорларни) қайта тиклашда аҳолини қўллаб-қувватлаш бўлиши мумкин. Ер билан ва ўсиш жараёнлари билан мулоқотда бўлиш инсон ҳаётининг муҳим таркибий қисмидир. Ўсимликларни парвариш қилиш турли авлодлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди ва болаларда масъулият ҳиссини ривожлантиради. Аммо ҳокимият органлари тупроқ билан ишлашни яхши кўрадиганларни бу имкониятдан маҳрум қилди. Одамлар дахлдорлик ҳиссини йўқотдилар ва вайрон қилинган олди боғларни ташлаб қўйдилар.
Қўшничилик томорқалари/полизлари дунё трендига айланди. Улар ҳам одамларни бирлаштиради, биохилма-хилликни ривожлантиришга хизмат қилади ва шунчаки ҳовлиларни гўзалроқ қилади. Замонавий дунёда бу, шунингдек, масалан, пенсионерлардаги ёлғизлик муаммусига қарши курашиш имконини беради.
Аҳоли ободонлаштиришнинг барча лойиҳаларида ҳаммуаллиф бўлишлари керак, ахир улар шу ерда яшайдилар. Очиқ муҳокамаларда сира истисносиз барча ёшдаги одамлар иштирок этишлари лозим.
Фақат шундагина аҳоли ушбу лойиҳаларга ўз дахлдорлигини ҳис қилади. Агар ҳокимият “Биз яхшироқ биламиз” тамойили бўйича ҳаракат қилишда давом эца, низолар ва норозиликлар давом этаверади.
Сўнгги йиллардаги иссиқлик сессияси бутун дунёдаги мегаполисларни шаҳарларни “салқинлатиш” ва аҳолини юқори ҳарорат оқибатларидан ҳимоя қилиш бўйича шошилинч режаларни қабул қилишга мажбур этди.
Лондон жорий йилда тез-тез кузатилаётган иссиқлик тўлқинларига мослашиш бўйича биринчи режани — Ҳеат Реадй Лондон'ни қабул қилди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, 2022-йилда иссиқлик тўлқинлари шаҳарга 1,5 миллиард фунт стерлингга тушган — бу рақам юқори ҳароратнинг инсон саломатлигига, транспорт, коммунал ва фавқулодда хизматлар ишига таъсири оқибатларини, табиий ёнғинлар ва бошқа йўқотишларни ўз ичига олади.
Ёзги мавсумда 4000 та қўшимча касалхонага ётқизиш ҳолати ва олдини олиш мумкин бўлган 300 та ўлим қайд этилган. 2050-йилга бориб Буюк Британия бўйлаб иссиқлик билан боғлиқ касалхонага ётқизиш даражаси 3 бараварга ошиши кутилмоқда. 2025-йилда Лондонда ўт ўчирувчилар ёз ойларида юз берган 86 та ёнғинни ўчиришган.
Режада узоқ муддатли салқинлик ва сояни таъминлайдиган дарахтлар ва яшил ҳудудлар сонини ошириш, сув ҳавзаларига хавфсиз киришни кенгайтириш, турар жойларни модернизация қилиш, салқин хоналар ва бепул ичимлик суви жойларини яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот тизими, шунингдек, муҳим инфратузилма, жумладан, транспорт барқарорлигини мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Ню Ёркда баҳорда мерия шаҳарнинг биринчи Шаҳар ўрмони режаси (Урбан Форест План) қабул қилинганини эълон қилди. Ҳужжат 2040-йилга бориб шаҳарнинг дарахтлар билан қопланиш майдонини 23,4 фоиздан 30 фоизгача оширишни мақсад қилган.
“Қайси туманда яшашингиздан қатъи назар, сиз тоза ҳавога, ёзги иссиқда сояга ва буюк шаҳримиз салоҳиятини акс эттирувчи кўчаларга муносибсиз”, — деди мер Зохран Мамдани.
“[Ҳар бир яшовчи биладки,] иссиқ кунда дарахт сояси қанчалик ором бағишлайди… Дарахтлар — ўзгараётган иқлимга мослашишнинг энг ҳамёнбоп ва арзон усулларидан биридир”, — дейилади мерия хабарида.
Ню Ёркда дарахтлар йилига 260 миллион долларлик фойда ва хизматлар келтириши ҳисоблаб чиқилди, жумладан, 1100 тонна ҳавони тозалаш, 8000 та хонадоннинг йиллик истеъмолига тенг энергияни тежаш ҳамда 1,95 миллион кубометр ёмғир сувини шимиб олиш шулар жумласидандир.
АҚШнинг Ҳарвард бизнес мактабида фан доктори (ПҳД) даражасини олган биринчи ўзбекистонлик иқтисодчи Ботир Қобилов 2018-йилдаёқ Газета учун ёзган “Пуллар дарахтда ўсади” мақоласида шундай деган эди: “Ҳар бир дарахтни сақлаб қолиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари учун ҳаёт-мамот масаласидир”.
“[Дарахтлар] шунчаки дарахтдан жуда катта нарсани англатади. Улар инфратузилма ва жамоат соғлиғини сақлашнинг энг муҳим қисмидир. Айнан шунинг учун ҳам биз, охир-оқибат, дарахтлар ва боғлар ҳақида қайғуришни бошлашимиз керак”, — деб даъват қилган эди у саккиз йил олдин.
“Дарахтлар шаҳарларни Селсий бўйича 2−8 даражагача салқинлатиши мумкин. Бинолар яқинига экилган дарахтлар кондиционерлардан фойдаланишни 30 фоизга қисқартириши ва БМТнинг Шаҳар ўрмон хўжалиги бошқармаси маълумотларига кўра, иссиқлик энергияси истеъмолини яна 20 фоиздан 50 фоизгача камайтириши мумкин”, — деб таъкидлаган эди иқтисодчи.
У турли мамлакатлардаги тадқиқот маълумотларини келтирган бўлиб, улар шаҳар маҳаллаларида дарахтларнинг мавжудлиги аҳоли томонидан ўз саломатлигини ижобий баҳоланишини яхшилашини, дарахтлар манзараси эса одамларга кўпроқ фаровонлик ва мамнуният ҳиссини беришини исботлаган. Кўпчилик одамлар гўзал боғ ва дарахтзор ёнидаги уй учун кўпроқ пул тўлашга тайёр.
“Дарахтларни кесиш ҳамда боғлар ва яшил майдонлар ҳудудини қисқартириш орқали биз нафақат экологияни вайрон қиламиз, балки аҳолини камроқ соғлом, камроқ бахтли ва камроқ бой қилиб, одамлар ўртасидаги тенгсизликни кучайтирамиз”, — деб таъкидлаган эди Ботир Қобилов 2021-йилги “Боғларни аҳолига қайтаринг” номли бошқа бир мақоласида.
2026-йилда дарахтларнинг фойдасини ҳеч кимга исботлашнинг ҳожати қолмади. Шундай экан, нега аҳоли ҳанузгача қулай муҳитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга мажбур бўлмоқда?

