Маҳаллий

Раҳбарлар хонадонбай юриб, одамларга “нормал” яшашни қандай ўргатмоқда? — мавзу давоми

Шаҳрисабз тумани ҳокимининг аёлни уй йиғиштирилмагани учун койигани билан боғлиқ ҳолат ягона эмас экан. Тармоқларда бундай видеолар жуда кўп учрамоқда. Бир маҳалла раиси шундай дейди: ъТўғри ўтиринглар, тинчгина яшайлик. Бу менгаям зарур эмас. Мен ҳам соғинганимдан кирганим йўқ. Мажбур бўляпманъ.

Раҳбарлар хонадонларга кириб, одамларга "нормал" яшашни қандай ўргатмоқда? — мавзу давоми

Шаҳрисабз тумани ҳокимининг маҳаллий аҳоли хонадонига бостириб кириб, аёлни супурилмаган ҳовли ва ошхона ҳолати учун уришиб бергани ("Нормал яшаса бўлади-ку?"), уни гендер бўйича камситгани ("Сиз билан эркак киши яшайди-ку") ҳамда жарималар билан таҳдид қилгани ягона ҳолат эмаслиги маълум бўлди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келаётган хабарларга кўра, бундай ҳолатлар ҳамма жойда кузатилмоқда. Бундан ташқари, муштарийларнинг маълум қилишича, баъзи маҳаллаларда раҳбарлар, хонадонларига "бостириб келганида" "шарманда бўлмаслик" учун аҳолини ҳовли ва уйларни йиғиштиришга чақириб, ўша видеони тарқатмоқда.

Газета аввалроқ бошқа бир ролик ҳақида ҳам ёзганди. Унда қайсидир раҳбар – афтидан, маҳалла раиси – уй эгалари билан беписандларча гаплашиб, уларни "уйғонишга" чақиради ҳамда ҳатто ит ва моллар ҳам яхшироқ шароитда ("ўз жойини думи билан супуриб") яшаётганини таъкидлайди. У уй эгаси бўлган аёлнинг видеога олмаслик ҳақидаги талабини эътиборсиз қолдиради. Эри асосан сукут сақлаб турганда, хотини уйга келган одамдан бақирмасликни ва кўрсатма бермасликни талаб қилади, сўнг ундан қониқарсиз йўллар ва газ танқислиги муаммоси билан шуғулланишни сўрайди.

Ўзбекистон омбудсмани Феруза Эшматова ўтган куни фуқароларни камситиш ва ҳақорат қилиш, шунингдек, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилганди. Коррупсияга қарши курашиш агентлиги эса бундай ҳаракатлар давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмаслиги ва мамлакат қонунларини бузишини таъкидлади.

Шунга қарамай, кетма-кет тарқалаётган янгидан янги видеолардан кўриниб турибдики, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши давом этмоқда. Шу билан бирга, бу ишлар юқори турувчи раҳбарларнинг топшириғи билан амалга оширилаётгани аён бўлмоқда.

Видеолардан бирида "Сарой" маҳалласи (туман ва вилоятга аниқлик киритилмоқда) раиси кўринишидан анча озода ҳовлида, агар "тартиб ўрнатилмаса", аёлга жарима солиш билан таҳдид қилади. У уй эгасининг исми ва шарифини айтиб, "ҳурматли раҳбарият"га мурожаат қилади ҳамда "маҳалла еттилиги" аъзолари билан бирга хоналарни, ошхона ва тандирхонани кўздан кечирганини айтади. Аёлга "сенсираб" мурожаат қиларкан, у: "Тушундингми? Ҳамма жойингни тозалаб қўй", – дейди.

Ушбу амалдор иштирокидаги бошқа бир видео эса шу сўзлар билан бошланади: "Ҳурматли раҳбарият, ҳурматли „Сарой“ аҳли". У "кечаги" видео бўйича муҳокамалар ва танқидлардан хабари борлигини ва бу вилоят ҳокимининг қарори эканини ҳамда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига тайёргарлик билан боғлиқлигини айтади. У маҳаллаларга фуқароларнинг хонадонларини ҳам ташқи, ҳам ички тарафдан ўрганиш топширилганини таъкидлайди, "ақллилик қилмасликка" ва "элни бузмасликка" чақиради ҳамда зарур бўлса, бошқа раҳбарларни чақириш билан таҳдид қилади.

"Тўғри ўтиринглар, тинчгина яшайлик. Бу менгаям зарур эмас. Мен ҳам соғинганимдан кирганим йўқ уйларингга, ўртоқлар. Фақат тўғри тушунинглар, мен ҳам мажбур бўляпман киришга. Ҳали ҳам жарима қилганим йўқ, бошқа маҳаллалардагилар жарима қилиб ётибди 20−30 та хонадонга кириб", – дейди маҳалла раҳбари.

Алоҳида очилган Инстаграм аккаунтда худди шундай видеоларни жуда кўп кўриш мумкин. Уларнинг деярли ҳаммаси "ҳурматли раҳбарият" сўзлари билан бошланади. Уй эгасининг исми ва шарифи айтилади. Амалдорлар "Долзарб 40 кун" аксияси доирасида хонадонбай юриб, ошхонадаги идиш-товоқлар, тандирхоналар аҳволи ва яшаш шароитларини "баҳолаётганларини" айтади.

Барча видеоларда аҳолидан тандирхоналарни оқлаш, ҳудудни тозалаш талаб қилинмоқда. Баъзи роликларда ёш болаларнинг юзлари кўринади, уларнинг исмлари эшитилади. Амалдорларга ИИБ ходимлари ҳамроҳлик қилмоқда. Баъзи одамларга жарималар билан таҳдид қилинган. Видеолардан бирида аёл деворларни оқлашга имконияти йўқлигини айтади. Видеога олаётган шахс унга оҳак олиб келиб беришини, оқлашга эса қизлари ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлайди.

Яна бир роликда бир қиз маҳалла вакиллари ИИБ ходими билан биргаликда, ҳокимнинг кутилаётган ташрифини важ қилиб, уйлари атрофидаги деворни бузиб ташлашга ёки оқлашга мажбур қилганини айтади. Унинг айтишича, энди бузиб ташланган деворни олиб чиқиб кетиш учун пул, янги девор қуриш учун эса ундан ҳам кўпроқ маблағ талаб қилинади. Уй катта кўча бўйида жойлашган бўлиб, унда ёш болалар яшайди ва улар энди хавф остида қолмоқда. Қиз ҳокимият вакиллари оила аъзоларига бақириб, ҳақорат қилганини билдирган. "Нега улар келиб, қурилган нарсани бузишга мажбур қилади?" – деб сўрайди у.

Юқорида Газета омбудсман ва Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг баёнотларини келтирганди. Раҳбарларнинг ҳаракатларини жамоатчилик вакиллари ҳам қоралаб чиқди.

Зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко Газетаъга шундай деди: ""Маҳалла еттилиги" одамлар муаммоси билан шуғулланиш ўрнига қандайдир "ахлоқ полицияси"га айланиб қолган. Кимдир видеодаги аёлдан нима билан тирикчилик қилишини сўрадими? Унга қандай ёрдам керак? Аҳволи қай ҳолатда?"

"Йўқ, бунинг ўрнига унинг уйини текширишди ва танбеҳ беришди. Бундай хонадондан ҳеч ким қиз олмаслигини ҳам айтишди. Гўё аёлларнинг бирдан бир вазифаси уйни озода қилишдек, улар аёлларни шарманда қилишади. Бундай муносабат хотин-қизларнинг обьективлашуви оқибати бўлиб, гендер стереотипларини янада мустаҳкамлайди", – деди у.

Инсон ҳуқуқлари бўйича "Марказий Осиё уюшмаси" жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулова амалдорларнинг ваколати уларга фуқароларнинг уйига кириш, уларни камситиш ёки ижтимоий тармоқларда шарманда қилиш ҳуқуқини бермаслигини таъкидлади.

"Уй-жой дахлсизлиги Конституция билан кафолатланган ҳуқуқдир. Давлат мансабдори фуқаронинг уйига кирган тақдирда ҳам, ўз ваколатини инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган тарзда амалга оширмаслиги шарт", – деди у.

Ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, Шаҳрисабз тумани ҳокими томонидан давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари бузилганига эътибор қаратди: "Бу сўзлар фуқарони омма олдида уялтириш ва камситишга қаратилган муносабатдир. Давлат органларининг вазифаси фуқарони шарманда қилиш эмас, қонун асосида иш юритишдир".

У ҳокимнинг ҳаракатларини текшириш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортишга чақирди. "Агар бундай ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилмаса, фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига путур етказилади", – дея қўшимча қилди Гулноз Мамарасулова.

Ижтимоий тармоқларда амалдорларнинг ҳаракатларини ҳажв қилувчи роликлар ҳам пайдо бўлди. Блогер наниханум эълон қилган видеода аёл қўшнисиникига кириб, хонада ётган қизларни уй йиғиштирилмагани, совиткич чанг босгани ва унда тишланган қовун тилими тургани учун койийди. "Қиз боламисизлар ўзи?" – деб сўрайди у (ҳазил тариқасида). "Ҳозир бирданига ҳоким бува, эй, совчилар келиб қолса нима бўлади?"

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ярим тундан кейин чиқинди ташлаётгани акс этган видеони эълон қилди. "Сизлар ҳам [уйингизга] қараб қўйинглар. Энди ўша Шаҳрисабз ҳокимига берилган топшириқ бизнинг ҳокимга ҳам берилган бўлса керак… Олдини олсак, ёмон бўлмаса керак, видеомиз чиқиб кеца, яхши эмас-да".

Ҳабикатура сатирик канали "параллел дунё" ҳақида карикатура эълон қилди. Унда аёл ҳоким хонасига кириб, столдаги қоғозларни ковлаштиради ва: "Шу ҳам ишлашми? Манави аризаларнинг ётишини қаранг!" – деб сўроққа тутади.

uzbekistanhuman rightsgender discriminationofficialspublic shaminghome inspectionsprivacy violationssatire