Шаҳрисабз ҳокими фуқаронинг уйига кириб бориб, уни жаримага тортишни буюрди (видео)

Шаҳрисабз ҳокими фуқаронинг уйига кириб, уни жаримага тортишни буюрди (видео)
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокимининг фуқаро уйига кириб борган видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Видеода туман ҳокими хонадонга кириб, уй эгасига яшаш жойини қандай тутиш кераклигини уқтиргани, уйнинг санитария ҳолатини танқид қилиб, видеони маҳалланинг Телеграм гуруҳига жойлашини айтгани акс этган.
Ҳокимнинг сўзларига кўра: “Эртага шу рўзғорга, масалан, ънормалниъ одам келин бермайди. Бугун каналга қўйилади ҳозир. Мана шу маҳалла каналида ўзингизни кўрасиз. Анави қўшнингизни ҳам олдик”.
Маҳалла раиси сифатида таништирилган аёл ҳам фуқарони ўз уйида койиганини кўриш мумкин. У шундай деган: “Неча марта маҳалла келиб уйингизга айтган тозалашни?.. Бу ёнимиздан сўранг… Бизнинг ўзимиз ушлаб олиб, гапирганимиз учун ана шу кўчани тозалади болаларингиз. Ахлат турарди халтада, тўғрими, уйингиз олдида? Ана ўша халта ахлатини ҳам тайинлаб, ўғлингиз бор катта ўғлингиз, тўғрими? Нима учун сизнинг тўғри яшашингиз, нормални яшашингиз учун ташқаридан кимдир келиб айтиши керак?”
Шунингдек, ҳоким хонадондаги шароитни ўз рўзғори билан солиштирган ва бу уйдан ҳеч ким келин олмаслигини таъкидлаган.
Уй ичкарисига кирган ҳоким фуқаронинг тушда дам олишини ҳам танқид қилиб, ўзининг ишлаётганини мисол қилган. Видео сўнгида ҳоким ушбу хонадон вакилларига жарима солишни буюрган.
Ҳокимнинг буйруғи: “Ҳозир жаримани урасиз. Кўча, уйини, яшаш, ахлат, ҳаммаси учун жарима урасиз. Менга биронтасидан мен илтимос қилдим, кечирим сўради деган гап керак эмас менга”.
“Дарё” сўровидан сўнг Шаҳрисабз ҳокимлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди. Маълум қилинишича, туман ҳокими “Шаматон” маҳалласида ўрганишлар давомида серқатнов йўл бўйидан ўтаётган вақтида деворлари, деразалари ва атрофи янтоқ ҳамда бошқа бегона ўтлар билан қопланиб, ташландиқ уйни эслатувчи хонадонга эътибор қаратган. Шундан сўнг мазкур хонадонда ҳеч ким яшамайдими, деб маҳалла фуқаролар йиғини раисидан сўраган.
Маҳалла раиси ушбу уйда ногиронлиги бўлган кексалар истиқомат қилишини маълум қилган. Ҳокимлик муносабатига кўра, Самад Ҳасанов аслида ногиронлиги бор кекса фуқаронинг уйига бормоқчи бўлган, аммо МФЙ раиси адашиб, ёнма-ён жойлашган қўшни хонадон эшигини кўрсатган.
Хабарда шундай дейилади: “Фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида туман ҳокими қайтиб келиб, хонадонга киришга қарор қилган. Бироқ, иккала хонадон ёнма-ён жойлашгани ва дарвозалари бир жойда бўлгани сабабли маҳалла раиси томонидан янглиш ҳолда қўшни хонадон кўрсатилган. Шу боис дастлаб ушбу хонадонга кирилган. Хонадонга киришдан олдин маҳалла раиси ҳамда туман ҳокими томонидан хонадон эгасидан рухсат сўралган”.
Шундан сўнг туман ҳокими хонадон ва унинг атрофини озода сақлаш, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тавсия ва тушунтиришлар берган.
Айтилишича, мазкур тасвирлар туман ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан олинмаган ва ижтимоий тармоқларда тарқатилмаган. Аксинча, туман ҳокими томонидан бундай видеотасвирларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаслик юзасидан қатъий кўрсатма берилган. Мазкур видео маҳалла еттилик вакиллари томонидан олинган бўлиб, туман ҳокимлиги расмий каналларига эмас, балки ищи гуруҳнинг тор доирадаги иш жараёнлари ташлаб борилувчи гуруҳига еттилик вакиллари томонидан ташланган.
Хабарда шундай дейилади: “Юзага келган тушунмовчилик маҳалла раиси томонидан хонадонлар янглиш кўрсатилгани билан боғлиқ бўлиб, ҳеч қандай фуқарони камситиш ёки унинг шахсий дахлсизлигини бузиш мақсади кўзланмаган”.

