ХДП амалдорларни фуқароларнинг шахсий ҳаёти ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга чақирди
Халқ демократик партияси мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда ноқонуний усуллардан воз кечишга, қонун устуворлиги, инсон қадри ва ижтимоий тенглик тамойилларига амал қилишга чақирди. Партия қайд этишича, хонадон ва кўчалар ҳолати жойлардаги ишлар самарадорлиги ва инфратузилма билан бевосита боғлиқ.

Халқ демократик партияси (ХДП) амалдорларни фуқароларнинг шахсий ҳаёти ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга чақирди. Партия ҳокимлар, маҳалла раислари ва турли ташкилотлар раҳбарларининг фуқаролар уйларига кириб, хонадон ва ҳовлиларни тартибга келтиришни талаб қилишини Конституциянинг бузилиши деб баҳолади.
Сўнгги ҳафталарда кузатилган ҳолатлар, жумладан, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг фуқаро хонадонидаги совиткични кўздан кечиргани ва аёл билан ҳақоратомуз муомала қилгани, шунингдек, маҳалла вакилларининг аҳолини жарима билан қўрқитгани жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Партия “мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда шахснинг қадр-қиммати, шаъни ва обрўсини камситиш каби ноқонуний усуллардан бутунлай воз кечиб, қонун устуворлиги, инсон қадри, ижтимоий тенглик ва ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилишга” чақирди.
ХДП Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салиҳовнинг ободонлаштириш ва тартиб бўйича қандайдир талаблар бажарилмаган тақдирда хонадонларга “Уятли хонадон”, маҳаллаларга эса “Шармандали маҳалла” каби тамғалар ўрнатилиши ҳақидаги ташаббусини алоҳида қайд этди.
“Албатта, хонадонларни, кўча ва маҳаллаларни обод қилиш эзгу ташаббус, бу ҳар бир фуқаронинг ижтимоий масъулиятидир. Бироқ, бу эзгу ташаббусни амалга ошириш шахсий намуна, ижтимоий ҳамкорлик, қонун ва инсон қадрига ҳурмат ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ”, — дея таъкидланади ХДП хабарида.
“Маҳаллалар, қолаверса, хонадонлар ободлиги йўллар, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, муҳандислик коммуникациялари, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш каби вазифалар самарали бажарилиши билан боғлиқдир. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар қонуний мажбуриятини ўз вақтида ва сифатли бажариши зарур”, — дея эслатди партия.
“Ўз ҳудудида давлат ташкилотлари томонидан амалий ғамхўрлик ва реал ўзгаришларни кўрган юртдошларимизда хонадонлар ва атроф-муҳитни обод қилишга интилиш ўз-ўзидан кучайишига ишончимиз комил”, — дейилади баёнотда.
“Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, қонунларда назарда тутилмаган маъмурий чоралар қўллашга уриниш демократик ҳуқуқий давлат бошқаруви тамойилларига зиддир”, — дея таъкидлади ХДП.
Партия фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар билан мулоқотда ҳар бир мутасадди одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши лозимлигини қайд этди.

