Маҳаллий

Фарғонада ЙПХ ходими машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. ЙҲХХ буни яширяпти

ЙТҲ 31 июлдан 1 августга ўтар кечаси Ўзбекистон туманида содир бўлган. Гувоҳлар тунда хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимини маст ҳолатдаги ҳайдовчи Спарк машинасида уриб кетганини айтмоқда. Ходим оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида йўл-патрул хизмати (ЙПХ) ходими автомобил уриб кетиши натижасида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz нашрининг икки манбаси тасдиқлади.

Воқеа 31-июлга ўтар кечаси содир бўлган. 30 ёшли ҳайдовчи Спарк русумли автомобилида хизмат вазифасини бажараётган 1994-йилда туғилган ЙПХ ходими Ҳ.K.ni уриб юборган.

Ҳодиса гувоҳларининг сўзларига кўра, Спарк ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлган ва тўхташ ишорасига бўйсунмасдан воқеа жойидан қочиб кетган.

Марҳумнинг маҳалладошларидан бири Kun.uz билан суҳбатда шундай деди: "Марҳумнинг икки нафар фарзанди отасиз қолди. У оилада тўрт қиздан кейинги ягона ўғил эди. Вилоят ва туман ИИБ ходимлари келиб, жанозада қатнашишди ва марҳум қоидабузарни тутишда мардларча ҳалок бўлганини, унинг фарзандлари доимий давлат ҳимоясига олинишини айтишди. Афсуски, спиртли ичимлик таъсирида рулга ўтириш бир оилага шундай мусибатни олиб келди."

ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев Kun.uz сўровига жавобан, "муносабат 10 дақиқада вилоят ЙҲХБнинг расмий каналида эълон қилинишини, бошқарма бошлиғининг рухсатисиз ҳатто унга ҳам маълумот беришмаслигини" билдирди. Бироқ, орадан икки кун ўтганига қарамай, ҳодиса юзасидан ҳозирча расмий маълумот берилмади.

uzbekistanyhxxdrunk drivingypxroad safetypolice officer killedhit-and-runtraffic accident