Спорт

Винисиус “Реал Мадрид”да қоладими?

**Винисиус "Реал Мадрид"да қоладими? Музокаралар давом этмоқда**

"Реал Мадрид" клуби бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор билан шартномани узайтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Тҳе Атҳлетис нашри хабар берди.

Манбага кўра, 5-август куни томонлар ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтган. Унда "қаймоқранглилар" 26 ёшли футболчига янги шартнома таклифини тақдим этган. Клуб таклиф қилаётган маош миқдори ошкор этилмаган бўлса-да, бу таклиф "Реал Мадрид" раҳбарияти Винисиусни жамоанинг бугунги ва келажакдаги лойиҳасида муҳим фигурага айлантираётганини кўрсатади.

Айни пайтда бразилиялик футболчи олдида учта эҳтимолий вариант мавжуд: "Реал Мадрид" билан янги битим имзолаш, амалдаги шартномасини охиригача бажариб, 2027-йилда эркин агентга айланиш ёки ёзги трансфер ойнаси ёпилгунига қадар "Арсенал" сафига кўчиб ўтиш.

Аввалроқ хориж матбуотида Мадрид клуби Винисиуснинг бир мавсум учун 30 миллион евро маош олиш ҳақидаги талабини қондиришга тайёр эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Винисиус Жуниор жорий ҳафта бошида Карло Анчелотти бощилигидаги Бразилия терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида иштирок этганидан сўнг "Реал Мадрид"нинг мавсумолди йиғинига қайтди. У мундиалда бешта учрашувда майдонга тушиб, тўртта гол уришга муваффақ бўлди.

Мадрид клуби ёзги трансфер ойнасида анча фаол ҳаракат қилмоқда. Жамоага бош мураббий сифатида Жозе Моуринё қайтгач, "Реал" таркибни кучайтириш мақсадида Марк Кукуреля, Бернарду Силва, Ибраҳима Конате, Дензел Дюмфрис ва Карлос Эспини ўз сафига қўшиб олди. Шунингдек, мадридликлар "РБ Лейпсиг" вингери Ян Диоманде трансфери бўйича келишувга эришган. Моуринё қанотдаги вариантларни кўпайтиришни истамоқда. Бундан ташқари, клуб "Манчестер Сити" ярим ҳимоячиси Родрини ҳам ўз сафига қўшиб олиш устида ишламоқда.

2025/26-йилги мавсум Винисиус учун "Реал Мадрид" сафидаги саккизинчи мавсум бўлди. У 2018-йил июл ойида Бразилиянинг "Фламенго" клубидан Мадрид жамоасига кўчиб ўтган эди. Бразилиялик футболчи ўтган мавсум барча мусобақаларда 22 та гол урди. Бироқ "Реал Мадрид" кетма-кет иккинчи мавсумни ҳам йирик совринсиз якунлади. Жамоа Ла Лигада "Барселона"дан 8 очко ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади.

Маълумот учун, Винисиус 2018-йил ёзидан буён "Реал Мадрид" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақт ичида у барча мусобақаларда 375 та учрашувда майдонга тушиб, 128 та гол урди ва 100 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг "Реал Мадрид" билан тузган амалдаги шартномаси 2027-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Трансфермаркт порталига кўра, Винисиуснинг трансфер қиймати ҳозирда 140 миллион еврога баҳоланмоқда.

real madridfootballarsenaltransfer rumorscontract extensionla ligavinicius juniorjose mourinho