Венгриядаги ягона АЕС илк бор ёпилади

Венгриянинг ягона атом электр стансияси (АЕС) Дунай дарёсидаги сув сатҳи рекорд даражада пасайиб кетгани сабабли ўз фаолиятини илк бор тўхтатади. Бу ҳақда 31-июл куни бош вазир Петер Мадяр маълум қилди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, дарё суви камайишда давом этиши кутилаётгани боис стансия бир неча ҳафта давомида ишламайди. Будапештдан тахминан 90 километр жанубда жойлашган Пакс АЕС ҳозирда одатий қувватининг ярмидан камроқ режимда, яъни 2000 мегаватт ўрнига 965 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқармоқда.
Стансия реакторларни совитиш учун Дунай дарёси сувидан фойдаланади. Бироқ сув сатҳининг ўта пасайиб кетиши насосларнинг етарли миқдордаги сувни етказиб беришини қийинлаштириб қўйди.
Жума куни стансияда ўтказилган матбуот анжуманида Петер Мадяр ишлаб чиқариш ҳажми янада қисқаришини айтди. Унинг таъкидлашича, 4 ёки 5-августга бориб бутун стансия тўлиқ ўчирилади. Бош вазир стансияни тўхтатиш жараёни хавфсиз амалга оширилиши ва аҳоли ҳамда атроф-муҳит учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини билдирди.
Собиқ Совет иттифоқи даврида қурилган ва тўртта реакторга эга Пакс АЕС Венгрияда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг деярли ярмини таъминлайди. Агар у тўхтатилса, бу стансиянинг 44 йиллик фаолияти давомидаги биринчи ҳолат бўлади.
Сўнгги ойларда Венгрия ва Марказий Европанинг катта қисми узоқ давом этаётган қурғоқчиликни бошдан кечирмоқда. Бу ҳолат туризм, қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатга зарар етказди ва аҳолини иқлим ўзгариши оқибатлари билан юзлаштирди. Яқин кунлар ёки ҳафталарда кучли ёғингарчилик кутилмаётгани сабабли Дунай дарёсида сув сатҳи кўтарилиши кутилмаяпти.
Мадяр сўнгги 20 йил ичида август ойида Дунай суви сатҳи фақат уч марта кўтарилганини эслатиб ўтди. Унинг айтишича, Пакс ҳудудида сув сатҳи минус 144 сантиметргача тушиб кетиши мумкин. Бу 2018-йилда қайд этилган минус 98 сантиметрлик рекорд кўрсаткичдан ҳам пастдир.
Бош вазирнинг таъкидлашича, минус 134 сантиметрлик даража стансия фаолиятини тўлиқ тўхтатишни талаб қилади. Манфий кўрсаткич дарё қуриб қолганини эмас, балки сув сатҳи ўлчов шкаласидаги нол нуқтасидан пастга тушганини англатади.
Венгрия ҳукумати йирик энергия истеъмолчиси бўлган компаниялардан электр таъминотини барқарорлаштиришга ёрдам беришни сўради. Улар, айниқса, соат 17:00 дан 22:00 гача бўлган юклама вақтида энергия истеъмолини кўнгилли равишда камайтириши кутилмоқда.
Шунингдек, бош вазир жума куни ўз партияси энергияни тежаш мақсадида 3 ва 4-август кунларига режалаштирилган парламент мажлисларини қолдиришни таклиф қилганини айтди. У, шунингдек, душанба кунигача барча давлат муассасаларида безак сифатида фойдаланиладиган чироқларни ўчиришни буюрди. Аввалроқ Франсияда ҳам жазирама туфайли АЕС реактори тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.

