Дунё

АҚШ–Саудия ядровий келишуви: Вашингтон Яқин Шарқдаги стратегиясини ўзгартиряптими?

АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида тинч мақсадлардаги ядро дастурини ривожлантиришга қаратилган тарихий келишув имзоланди. Ушбу битим Форс кўрфази қироллигига ўз ҳудудида уранни бойитиш имкониятини бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар Яқин Шарқдаги кучлар мувозанати ва ядровий хавфсизлик борасида янги саволларни келтириб чиқармоқда. Исроил Эроннинг уранни бойитиш дастурини ўз миллий хавфсизлигига таҳдид деб билади ва Туркиянинг ядровий салоҳиятининг ошишига ҳам эҳтиёткорлик билан қарайди. Шу боис, Вашингтоннинг Ар-Риёдга бундай имкониятни тақдим этиши Исроил томонидан қандай қабул қилиниши ва Саудия Арабистонининг келажакда ядро қуроли яратиш салоҳиятига эга бўлиши мумкинлиги муҳим масалалар бўлиб қолмоқда.

**Тарихий келишув тафсилотлари**

2026-йил 22-июл куни АҚШ Энергетика вазири Крис Райт ва Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз ибн Салмон фуқаролик мақсадларида ядровий энергетикани ривожлантириш бўйича ҳамкорлик битимини имзоладилар. АҚШ Энергетика вазирлиги ушбу ҳужжатни "тинч мақсадлардаги ядровий ҳамкорлик тўғрисидаги битим" деб таърифлади. Вазирликнинг таъкидлашича, бу келишув Америка компанияларига Саудия Арабистонининг ядро энергетикаси дастурида кенг иштирок этиш имконини беради.

Келишув матни ҳозирча оммага эълон қилинмагаган бўлса-да, АҚШ оммавий ахборот воситалари унинг Саудия Арабистонига келажакда уранни бойитишга рухсат бериши мумкинлигини хабар қилмоқда. Бойитилган уран атом электр стансиялари учун ёқилғи сифатида ишлатилади, аммо ундан ядро қуроли яратишда ҳам фойдаланиш мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, агар бу битим тасдиқланса, АҚШ тарихида илк бор шундай амалиёт кузатилади ва бу аллақачон беқарор бўлган минтақада ядровий қуролланиш хавфини кучайтириши мумкин.

АҚШ Энергетика вазирлиги ядровий ҳамкорлик битими билан бир қаторда икки томонлама кафолатлар тўғрисидаги битим ҳам имзоланганини маълум қилди. Вазирликнинг баёнотига кўра, "мазкур икки битим ўнлаб йилларга мўлжалланган, қиймати миллиардлаб долларга тенг ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратади. Бу ҳамкорлик иқтисодий ва стратегик устувор мақсадларни, жумладан ядровий қурол тарқалишининг олдини олишга қаратилган вазифаларни илгари суради".

Саудия Арабистони ҳукумати ҳам ушбу келишув икки давлат ўртасидаги энергетика соҳасидаги мавжуд ҳамкорликнинг давоми эканини таъкидлади. Шунингдек, битим Саудия етакчисининг ўтган йил ноябр ойида Вашингтонга қилган ташрифидан кейинги ҳамкорликнинг мантиқий давоми экани қайд этилди.

**Эрон омили ва уранни бойитиш масаласи**

Ядро масаласи сўнгги ойларда АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршиликнинг асосий мавзуларидан бири бўлиб келмоқда. АҚШ ва Исроил феврал ойида Эронга қарши уюштирилган ҳужумларнинг сабабларидан бири сифатида Теҳроннинг ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймасликни кўрсатган. Эрон эса ўзининг ядровий дастури фақат тинч мақсадларга хизмат қилишини таъкидлаб, ядро қуроли яратиш нияти борлигини мунтазам равишда рад этиб келади.

Саудия Арабистонининг амалдаги раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон 2018-йилда СБС Невс телеканалига берган интервюсида мамлакати ядро қуролини яратишни режалаштирмаётганини айтган эди. Аммо у "ҳеч қандай шубҳа йўқки, агар Эрон ядро бомбасини яраца, биз ҳам имкон қадар тезроқ шу йўлдан борамиз", дея қўшимча қилган.

Келишув ҳақида расмий эълон АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда янгради. Вашингтон узоқ йиллик иттифоқчиси бўлган Саудия Арабистонида Америка ҳарбий базалари жойлашган бўлиб, Яқин Шарқда юз бераётган урушда улар Эрон нишонига айланмоқда. Бундан ташқари, эълон Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Саудия Арабистонига нисбатан "денгиз блокадаси" бошланганини маълум қилганидан икки кун ўтиб янгради.

Келишув тафсилотлари ҳали тўлиқ ошкор қилинмаган. Аммо аввалроқ ОАВда тарқалган хабарларга кўра, АҚШ билан қўшма техник тадқиқотлардан сўнг Саудия Арабистонига ўз ҳудудида уранни бойитишга рухсат берилиши мумкин. Режага кўра, Америка технологияси асосида қуриладиган бойитиш мажмуаси атом электр стансиялари учун ёқилғи ишлаб чиқаради. Шу тариқа Саудия Арабистони четдан ядро ёқилғиси импорт қилишга қарам бўлиб қолмайди. Бундай лойиҳа АҚШ учун миллиардлаб долларлик иқтисодий фойда келтириши мумкин. Чунки Америка компаниялари уранни бойитиш заводларини қуриш ва уларга технологиялар етказиб беришда иштирок этади.

АҚШ энергетика вазири Крис Райтнинг таъкидлашича, "ишонч билан айта оламанки, ушбу битимлар ядровий хавфсизлик ва ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш бўйича энг юқори стандартларга амал қилади. Шу билан бирга, улар АҚШда яратилган дунёнинг энг илғор ядровий технологиялари ва олимларига таянади".

**Исроил нимадан хавотирда?**

АҚШ Энергетика вазирлиги мазкур келишув нафақат икки давлат манфаатларига, балки минтақавий хавфсизликка ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Вазирлик баёнотида битим АҚШнинг фуқаролик мақсадидаги ядровий технологиялар соҳасидаги рақобатбардош устунлигини мустаҳкамлаши, шунингдек, Америка ва минтақа хавфсизлигини янада кучайтириши қайд этилган.

Бироқ Исроилдаги ядро масалалари бўйича мутахассислар ҳамда айрим собиқ амалдорлар бу режа охир-оқибат Саудия Арабистонига ядро қуроли яратиш имкониятини бериши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Шу билан бирга, бошқа экспертлар бундай ссенарий амалга ошиши учун ўнлаб йиллар талаб этилиши ва халқаро ҳамжамиятнинг жиддий қаршилигига дуч келишини таъкидламоқда.

Саудия Арабистонининг ядровий салоҳияти ҳақида гап кетганда, яна бир муҳим омил кўпинча э'тибордан четда қолади. Бу — Ар-Риёднинг Покистон билан узоқ йиллик стратегик ҳамкорлигидир. Покистон ислом дунёсидаги ягона ядро қуролига эга давлат бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги яқин ҳарбий ва сиёсий алоқалар узоқ йиллардан бери Ғарб таҳлилчилари эътиборида. Айрим экспертлар Саудия Арабистони ўз ядровий дастурини ривожлантириш жараёнида ушбу ҳамкорлик қўшимча стратегик омил бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Бироқ Саудия ва Покистон ўртасида ядро қуроллари бўйича махфий келишув мавжудлигини тасдиқловчи ишончли далиллар ҳозирча йўқ.

Исроил иқтисодиёт вазири Нир Баркат бу борада "агар Саудия Арабистони ядро энергетикасидан фақат тинч мақсадларда фойдаланса, биз буни бошқара оламиз", деди. Исроилнинг ўзи ҳам ядро қуролига эга давлат сифатида кенг эътироф этилади. Бироқ мамлакат расмийлари бу борадаги сиёсатини ўзгартирмаган — улар ядро қуролига эгалигини на тасдиқлайди, на инкор этади.

АҚШдаги Дефенсе Приоритиес таҳлил марказининг Яқин Шарқ дастури директори Розмари Келаник эса АҚШ Саудия Арабистонига уранни ўз ҳудудида бойитиш имконини бериши эҳтимолини "жуда ҳайратланарли" деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, "АҚШ илгари ҳеч қачон бошқа давлатга ўз ҳудудида уранни бойитишда ёрдам бермаган", чунки "агар давлат ўз ядровий ёқилғисини мустақил ишлаб чиқара олса, унинг келажакда ядро қуроли яратиш хавфи сезиларли даражада ортади".

Келишув эндиликда АҚШ Конгресси кўриб чиқиши учун юборилади.

**Конгрессдаги баҳслар ва сиёсий қарама-қаршилик**

Қонунчилар орасида демократлар ҳам, айрим республикачилар ҳам битимга қарши чиқиши кутилмоқда. Бироқ Доналд Трампнинг Республикачилар партияси Конгресснинг ҳар иккала палатасида ҳам кўпчиликни ташкил этгани сабабли, келишувни тўхтатиш учун мухолифларда етарли овоз бўлмаслиги айтилмоқда.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Саудия Арабистони келажакда ядро қуроли яратиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни рад этди. У "АҚШ дунёнинг ҳеч бир давлати билан ядровий қурол тарқалиши хавфини юзага келтирадиган келишувни имзоламайди", деган.

Бироқ демократ сенаторлар бу масалада Рубиони иккиюзламачиликда айбламоқда. Уларнинг эслатишича, Рубио сенатор бўлган пайтда "Саудия Арабистони учун ядровий қуролга йўл қўймаслик тўғрисидаги қонун" (Но Нуслеар Веапонс фор Сауди Арабиа Аст)ни қўллаб-қувватлаган. Мазкур қонун Саудия билан ҳар қандай ядровий битим Конгресс тасдиғидан ўтишини талаб қилган.

Массачусец штатидан демократ сенатор Эдвард Марки Трамп ва Рубиони кескин танқид қилиб, шундай деди: "Улар Эронга қарши урушни гўёки Эроннинг ядро бомбасига эга бўлишининг олдини олиш баҳонасида бошлади. Шу билан бирга, энди Саудия Арабистонига ядро технологияларини ривожлантириш имкониятини бермоқда. Уларнинг иккиюзламачилиги фақат бепарволиги билан тенглаша олади".

Агар келишув Саудия Арабистонига уранни бойитиш ҳуқуқини ҳам берса, у 2009-йилда АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида имзоланган битимдан тубдан фарқ қилади. Ўша келишувга кўра, БАА ўз ҳудудида уранни бойитмайди, ядро ёқилғисини четдан сотиб олади ва қатор қўшимча чекловларни қабул қилган. Шу сабабли янги келишув ядровий қуролларнинг тарқалишига қарши курашувчи халқаро ташкилотлар ва фаоллар орасида ҳам жиддий хавотир уйғотиши кутилмоқда. Уларнинг асосий мақсади дунёда ядро қуролига эга давлатлар сонининг ортиб кетишининг олдини олишдир.

**Экспертлар фикри**

Сиёсацҳунос Мухтор Назиров "Дарё" нашрига берган интервюсида Саудия Арабистонининг уранни бойитиш имкониятига эга бўлиши келажакда Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, агар Ар-Риёд бойитилган урандан тинч мақсадлардангина эмас, бошқа йўналишларда ҳам фойдаланишга қарор қилса, бу минтақадаги стратегик вазиятни тубдан ўзгартириши эҳтимолдан холи эмас.

"Уран масаласи доимо энг нозик ва баҳсли мавзулардан бири бўлиб келган. Асосий савол шундаки, уран атом электр стансиялари учун ёқилғи ишлаб чиқариш мақсадида бойитиладими ёки келажакда бошқа мақсадларга ҳам хизмат қилиши мумкинми? Агар иккинчи эҳтимол юзага келса, бу Яқин Шарқда шаклланган хавфсизлик мувозанатини жиддий ўзгартириши мумкин", деди у.

Назировнинг таъкидлашича, бугунги кунда минтақада ҳарбий устунлик асосан Исроил томонида. "Шундай экан, Исроилни тан олмаган ва у билан ғоявий қарама-қаршиликка эга бўлган Саудия Арабистонига уранни бойитиш имкониятининг берилиши табиий равишда саволларни келтириб чиқаради. Агар бу лойиҳа “Саудия Висион” дастури доирасида атом энергетикасини ривожлантириш ва мамлакатнинг энергия эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилса, буни тушуниш мумкин. Аммо уран билан боғлиқ масалалар деярли ҳар доим уруш, хавфсизлик ва минтақавий рақобат фонида кун тартибига чиқади. Бу сафар ҳам вазият бундан мустасно", дея қўшимча қилди у.

Мутахассиснинг баҳолашича, мазкур лойиҳа нафақат АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, балки валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳамда АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги яқин сиёсий алоқалар таъсирида ҳам илгари сурилмоқда. Шу боис лойиҳа Трамп маъмурияти даврида жадал ривожланиши мумкин, бироқ АҚШда ҳокимият алмашса, унинг истиқболлари қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли мавжуд.

"Яна бир жиҳат шундаки, Саудия Арабистони улкан молиявий салоҳиятга эга бўлишига қарамай, хавфсизлик масаласида ҳануз АҚШга таянишга мажбур. Эрон омили, Ҳусийлар таҳдиди ва Ҳормуз бўғози атрофидаги вазият Ар-Риёднинг стратегик заифликларини намоён этмоқда. Шу нуқтайи назардан қараганда, бу келишув нафақат АҚШ ва Саудия Арабистони манфаатлари, балки Муҳаммад бин Салмон ҳамда Доналд Трамп ўртасидаги яқин сиёсий алоқалар таъсирида илгари сурилаётган лойиҳа таассуротини ҳам уйғотади. Эҳтимол, Трамп президентлиги даврида лойиҳа фаол ривожланар, бироқ ҳокимият алмашгач унинг истиқболи қайта кўриб чиқилиши мумкин. Чунки бу масала ортида ҳануз ечилмаган фундаментал геосиёсий қарама-қаршиликлар мавжуд", дея фикр билдирди сиёсацҳунос.

Мутахассис бу жараёнда Исроил омилини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик кераклигини қайд этди. Унинг айтишича, агар минтақавий хавфсизлик бўйича кенг қамровли келишув юзага келса, Саудия Арабистони Исроилнинг ядровий мақомига аниқлик киритилишини ҳам кун тартибига қўйиши мумкин. Ҳозир Исроил ядро қуролига эгалигини на тасдиқлайди, на инкор этади. Бу эса минтақадаги ноаниқликни сақлаб турувчи омиллардан бири ҳисобланади.

aqsh-saudiya yadroviy kelishuviuranni boyitishyaqin sharq strategiyasiyadroviy xavfsizlikisroil xavotirlarieron omilikongressdagi bahslaryadro quroli tarqalishi